Ўзбекистон | 08:05 / 04.09.2023
6456
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги ўғит заводи қурилиши бошланди 

Завод Бухоро вилоятидаги энг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бирига айланади.

Финландиянинг EastCham-Finland савдо палатаси электрон ахборот порталида «Ўзбекистонда янги минерал ўғитлар ишлаб чиқариш заводининг қурилиш ишлари бошланди» сарлавҳали мақола фин тилида эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

«Кипрнинг Ferkensco Management Limited инвестиция компанияси Ўзбекистоннинг Қоракўл туманида ўғит ишлаб чиқарувчи завод қурмоқда, – маълум қилинган нашрда. – Завод 2026 йилнинг январь ойидан аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни бошлайди».

Материалда «Қоракўлкимё азотли ўғитлар заводи» номи билан машҳур бўлган мазкур корхона ўтган йили ташкил этилган «Қоракўл» махсус иқтисодий зонаси таркибига кириши таъкидланган.

Мақолада ушбу завод Бухоро вилоятидаги энг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бирига айланиши қайд этилган.

«500 дан ортиқ киши иш билан таъминланган корхонада йилига 495 минг тонна аммиак ва 594 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Хомашё сифатида газ, ҳаво ва буғ ишлатилади. Завод қурилиши 2023 йилнинг сўнгги чорагида, ишлаб чиқариш 2026 йилнинг январида бошланиши кутилмоқда», деб ёзган фин электрон нашри.

Заводни барпо этиш учун киритилаётган инвестициялар ҳажми 600 миллион долларга тенг. 

Мавзуга оид