Жамият | 16:50 / 04.09.2023
15797
6 дақиқада ўқилади

Танасиз бошнинг изтироблари ёки муаллифнинг беморлигидан яралган фантастик асар

“Мутолаа завқи” рукнида бу гал Александр Беляев илмий-фантастик асари – “Профессор Доуэлнинг боши” романи ҳақида ҳикоя қилинади.

Фото: Kun.uz

Инсоният тарихидаги энг катта кашфиётлар ҳали очилмаган замонларда ҳам улар ҳақида илмий-фантастик, бадиий китобларда сўз борган. Булгаков “Итюрак”ни ёзганига неча йил бўлди? Ўтган йили эса реал ҳаётда юраги ишдан чиққан беморга ҳайвон юраги қўйилди, у бир-неча ой яшади ҳам. Бу билан илм-фандаги шу ва шунга ўхшаш тадқиқотларнинг барчасини ҳам оқламоқчи эмасман, шунчаки, кўплаб илмий кашфиётларнинг ғоявий муаллифлигини адабиёт билан боғлиқ деб ўйлашимни изоҳлаб ўтмоқчиман.

Ана шундай илмий-фантастик асарлардан бири – “Профессор Доуэлнинг боши” романидир. Беляевнинг бу асари ўқувчини биринчи саҳифаданоқ тортиб олади ва охиригача қўйиб юбормайди. Бир нафасда ўқиб чиқиладиган китоб.

Александр Беляев – таниқли рус илмий-фантастик ёзувчиси. Машҳур асарларидан “Одам–Амфибия”, “Ариел”ларни келтириш мумкин. “Профессор Доуэлнинг боши” илк романи бўлиб, унинг ғояси ёзувчи оғир хасталикдан 6 йил тўшакда ётганида, 3 йил бутун танаси фалаж бўлиб фақатгина боши ишлаётгандек туюлганида пайдо бўлган.

Асар қаҳрамони профессор Доуэл ва унинг ёрдамчиси доктор Керн танадан узилган органларни сақлаб қолиш бўйича изланишлар олиб боради. Керн профессор Доуэлни ўлдириб, илмий сирлари сабаб унинг бошини тирик сақлаб қолади. Аммо Керннинг янги ёрдамчиси Мари Лоран бу ҳақда билиб қолгач, Керн ўз сирларини фош қилмаслиги учун уни сохта руҳий хасталар шифохонасига қаматади.

Доуэлнинг ўғли дўсти билан бирга Лоранни озод этадилар. Доктор Керн ўзини ихтирочи деб эълон қилишга ошиқарди. Аммо Лоран профессорнинг бошини камера олдига олиб келиб, ҳақиқатни фош этади. Профессор Доуэлнинг боши ҳаммасини айтиб бериб, кейин ўлади. Доктор Керн эса бундай шармандаликдан кейин ўз жонига қасд қилади.

Асар 1925 йилда нашр этилганига қарамай, бизнинг давримизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Лоран орқали ёзувчи ўз шахсиятини, қарашларини доим ҳимоя қилиш, уни сақлаб қолишга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатиб беради. Бунинг учун у муаллиф тилидан ортиқча тасвирлар, хулосалар бермасдан, шундай бир мураккаб вазиятлар қурбонига айланган Лоранни фикрлашга мажбур этади. Ҳамма-ҳаммасини унинг ҳис-туйғулари билан тушунтиришга уринади.

“У худди олма қуртига ўхшайди, миянгизга кириб олиб, илмий фаолиятингиз маҳсулини кемириш билан машғул”.

Профессор Доуэлнинг ғояларини ўғирлаган Кернга муаллиф шу жумла билан тугал таъриф бериб қўйгандек гўё. Билишимча, олма қурти унга ҳали гуллаган пайтдаёқ уруғ қўяди. Личинкалар гул мевага айланар чоғда унинг ичига ўрнашади. Олма катта бўлар экан, қурт ҳам уни ичдан емиради, у ҳам улғаяди. Сиртдан бус-бутун олма бўлади-ю, ғарч этиб тишласангиз, қурт ўз “ижод намунаси”ни яратаётган ёки ишини тугатган бўлади. Бу жараён эса асардаги Керн образини муваффақиятли очиб берган.

Муаллиф услуби жуда содда ва осон, шу билан бирга қизиқарли. Сюжетнинг ўзи ўқувчини бефарқ қолдирмайди, чунки ҳамма нарса шу қадар сирли, ранг-баранг персонажлар шунчалик кўпки, ўқувчи ўзини мутолаадан тия олмайди. Қаҳрамонлар жонли ва эсда қоларли, операциялар тавсифи ҳам реал.‌‌

Асарнинг автобиографик табиати, яъни ёзувчи ўз бошидан кечирган оғриқлар, ҳиссиётлар роман сюжетига ёрқинлик беради ва айнан шу жиҳат уни бошқа илмий-фантастик китоблардан ажратиб туради.

Илмий фантастикадан ташқари, китобда психиатрия, тиббиёт ва фалсафий ҳикоялар қаторида тақдир ва ўлим масаласи, оилавий муносабатлар, ҳақиқатни қидириш, ижтимоий ва ички зиддиятлар ҳам ўрин олган. Роман соддалиги билан мафтункор.

“Билмайин босилган тиканнинг заҳри ёмон, бироқ билиб туриб босилганда озори ундан ортиқроқ бўлади”. (Асардан иқтибос)

Асарнинг ютумли эканида таржиманинг муваффақияти ҳам катта ўрин тутади. Таржимон китобни варақлаган ўзбек китобхонини гўё майсазорда ялангоёқ, маза қилиб сайр қилдиргандек бўлади.

Мисол учун мана бу жумлани олайлик:

“У аллақачон дўсти Брикенинг атрофида пою-патак бўла бошлаганини пайқаган эди”.

Китобда ўнлаб имловий хатолар бор. Бу – йўл-йўлакай ўқиётиб кўзим тушганлари. Одатда, бундай турдаги хатоларни катта аҳамиятга эга деб ҳисобламайман ва деярли тўхталмайман. Аммо “Янги аср авлоди” нашриёти учун ҳажман кичик бўлган китобда бунча имловий хатоларга йўл қўйилиши яхши эмас ва бу бирров тўхталиб ўтишга арзийди деб ўйладим.

Умуман олганда, китобнинг савияси, таржиманинг даражаси, муқованинг шакл-шамойили жуда ҳам яхши. Ҳар қандай даражадаги китобхон учун қизиқарли бўладиган универсал асар дейиш мумкин. Ёқимли мутолаа.

Муҳиддин Нидо,
китобхон

Мавзуга оид