Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Терговчилар кайфиятига қараб иш тутиши тез-тез кузатилади” — адвокатлар Хабеас корпус ва Миранда қоидаларига муносабат ҳақида
Адвокатлар Илёс Юсупов ва Зафар Усмонов Kun.uz'га берган интервьюларида Хабеас корпус ва Миранда қоидаларининг аҳамияти, амалиётдаги муаммолар, ушбу норманинг Конституцияга киритилиши нима учун зарур бўлганини тушунтириб беришди.
Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 27-модда.
— Ўзбекистон қонунчилигида Хабеас корпус ва Миранда қоидалари ўз аксини топган. Шунга қарамай у конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди. Бу қоидалардан гумонланувчилар, айбланувчилар ва судланувчилар билан бир қаторда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатлар кўп фойдаланишади. Республикамизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бу қоидаларга қанчалик амал қилинади?
Илёс Юсупов:
— Нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда Хабеас корпус ва Миранда қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича бир қатор норматив-ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексида ҳам шу қоидаларга риоя этилиши бўйича нормалар белгилаб қўйилган.
Маълумки, Хабеас корпус бу судга олиб келиш, яъни инсоннинг ҳаракатини чеклаш билан боғлиқ меъёрларнинг аксариятини судлар томонидан берилишини англатади. Миранда қоидалари эса инсоннинг ҳуқуқини тушунтириш билан боғлиқ ҳаракатни амалга ошириш заруратини белгилайди. Яъни Миранда қоидаси бўйича инсон бирон бир қилмишни содир этишда гумонланиб ушланган вақтда унга ҳуқуқларини тушунтириш демакдир.
Ҳар бир шахс бирор бир ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этганликда гумонланиб ёхуд айбланиб ушланган чоғида нима қилиши, ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари унга тушунтирилиши лозим. Энг аввало, у нимада гумонланиб ёки айбланиб ушланганини билиши керак. Сўнгра, унга адвокат олиш ва у билан суҳбатлашмагунча кўрсатма бермаслик ҳуқуқига эга экани, агарда унгача кўрсатма берган тақдирда ушбу кўрсатмалари судда ўзига қарши ишлатилиши мумкинлиги тушунтирилиши шарт.
Эндиликда ушбу қоидалар Конституциямизда ўз аксини топди. Мамлакат бош қонунига бу қоидаларнинг киритилгани, ўйлайманки, келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини амалга ошираётган даврларида мазкур конституциявий нормага қатъий риоя этилишини тақозо этади.
— Бу нормага афсуски ҳамма ҳам амал қилавермайди. Бу сўзимни тасдиқловчи машҳур кейслар бор, фуқаро қайсидир идора томонидан ушлаб кетилгач, бир неча кунлаб йўқолиб қолгани, яқинлари уни турли идоралардан қидиргани, алалоқибат у қайсидир идоранинг ҳибсхонасида топилганига доир далиллар бор. Тажрибангизда шу каби ҳолатларга дуч келганмисиз?
Зафар Усмонов, адвокат:
— Хабеас корпус ва Миранда қоидалари ҳақиқатан ҳам амалдаги қонунларимизда мавжуд. Ҳозирги кунда ҳам вақтинчалик ушлаб туриш, эҳтиёт чорасини танлаш бўйича нормалар Жиноят процессуал кўрсатилгани билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг айрим ходимлари талабларга амал қилмаган ҳолатлар ҳам учраб туради. Масалан, терговчи ЖПКнинг 221-моддасига асосан гумонланувчини вақтинча ушлаб туриш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни сўраб судларга илтимоснома киритади. Суд қарори асосида гумонланувчи вақтинча ушлаб турилади ёки эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади.
Амалиётда вақтинча ушлаб туриш чоғида гумонланувчининг уйдагилари мурожаат қилганда, ҳаттоки адвокат сўраганда ҳам ушбу шахс қаерда сақланаётгани сир тутилади. Масалан, қўриқлаш хизмати бор-ку, биз “конвой” деймиз, гумонланаётган, айбланаётган ёки судланаётган шахс “конвой”га топширилади. Улардан ҳимоямиз остидаги шахс қаердалигини сўраб билиш имконсиз.
Ёки гумонланувчи “ГУВД”га олиб кетилди дейилади, фалон туман ИИБга юбордик дейишади. У ерга борсак, постда оддий бир хизматчи ўтирган бўлади, улар буйруқни бажарувчи ходим. Уларга бошлиқларнинг буйруғи – қонун. Бошлиқлар нима дейишган бўлса, шунга сўзсиз итоат қилишади. Ҳимоямиз остидаги шахс шу ерда сақланяптими деб сўраб, оғзаки тарзда маълумотларини тақдим қилганимизда: “Ака, биз билмаймиз, бошлиқ билади”, деб жавоб қилишади.
Биз ёзма тарзда мурожаат қилиб, қонуний жавоб олгунимизга қадар 15 кун – вақтинча сақлаш муддати ўтиб кетади. Адвокат бўлганимиз учун фаолиятга оид барча маълумотларни очиқлай олмаймиз, аммо умумий жиҳатларини айтиб ўтишимиз мумкин. ЖПКнинг 221-моддаси талаблари бўйича ушлаб туришнинг қонун-қоидалари бор, бунинг учун терговчи бир қатор тергов ҳаракатларини амалга ошириши керак. Яқинда шундай ҳолат бўлдики, ҳимоям остидаги шахснинг ёнига етиб боришим билан терговчи дабдурустдан уни қамайман, деб ўдағайлаб қолди. Терговчилар кайфиятига қараб иш тутиши тез-тез кузатиладиган ҳолат.
Терговчи ЖПКнинг 221-моддасини қўллаб, судга илтимоснома киритганидан ҳимоямиз остидаги шахсларга суд томонидан қўлланган қамоққа олиш билан боғлиқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш бўйича кўплаб шикоятлар қилиб келамиз. Шу ўринда таъкидлашим керакки, айрим судьялар, айрим терговчилар томонидан бу эҳтиёт чорасини қўллашда қонун меъёрларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатиляпти.
Ўзим билан рўй берган битта ҳолат: ҳимоям остидаги шахсга нисбатан эҳтиёт чораси қўлланган. Шундан сўнг бир ярим суткагача у қаерда сақланаётганини қидириб тополмадим. У ерга борсангиз, фалон ерга кетди дейди, терговчидан сўрасак, “конвой” олиб кетди, дейди. “ГУВД”га борсак, келмаган дейди. Биз ёзма тарзда сўров берамиз, лекин то у кўриб чиқилгунча кўчадан ушлаб келинган, айби ҳали аниқ бўлмаган шахс руҳий “шок”ка тушиб қолади. Қариндошлари ҳам.
— Аслида у ушланган чоғида, амалдаги қонунчилигимиздаги нормаларга кўра, шу заҳоти адвокат билан таъминланиши керакми?
Зафар Усмонов:
— Мен айтаётган ҳолатлар қонунчиликда кўзда тутилмаган нуқталар, яъни ҳуқуқий бўшлиқлар. Эҳтиёт чораси қўлланганидан сўнг унинг қаердалиги бекитиляпти.
Аслида Миранда қоидалари ҳам, Хабеас корпус институтига доир тартиб-таомиллар ҳам ЖПКда мавжуд. Конституциямизга ўзгартиришлар киритиш жараёнида ушбу нормалар бош қонунимизда акс этса, уларга риоя этилиши яхши томонга ўзгаради деб ўйлайман. Келажакда қандай ишлашини вақт кўрсатади.
Илёс Юсупов:
– Агар Миранда қоидалари тўлиқ ишлайдиган бўлса, вақтинча ушлаб турилган шахсда бир маротаба телефон қилиш ҳуқуқи бор. Ўша жойдан у қариндошларига ёки адвокатга қўнғироқ қилиб, қаердалигини айтиши керак. Агарда шу тартиб яхши ишлаб кетса, одамларнинг, қўпол қилиб айтганда, “йўқолиб қолишлари” билан боғлиқ қийинчиликларга чек қўйилади.
Шу ўринда ўзимнинг бир таклифим бор. Ушланган шахсларнинг электрон базаси яратилиши керак ва у юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ордери бор адвокатлар учун очиқ бўлиши керак. Шу орқали ушланган ёки эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахснинг қаердалигини билиш имкониятини тақдим этадиган шаффоф тизим яратилиши керак. Ана ўшанда, ўйлайманки, ҳозир учраётган айрим салбий ҳолатлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади.
Суҳбатни тўлиқ ушбу ҳавола орқали кўришингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:11 / 28.12.2024
Тергов давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш тартиби белгиланди
14:05 / 18.08.2022
“Терговчилар кайфиятига қараб иш тутиши тез-тез кузатилади” — адвокатлар Хабеас корпус ва Миранда қоидаларига муносабат ҳақида
08:50 / 17.08.2022
“Янги нормалар тергов идораларига иши тушган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоялайди” – эксперт
19:39 / 05.08.2022