Ўзбекистон | 09:13 / 05.09.2023
16988
2 дақиқада ўқилади

Кемеровода Усмон Носир ҳайкали очилди

4 сентябр куни Россия Федерацияси Кемерово вилоятининг Мариинск шаҳрида шоир Усмон Носир ҳайкали очилди. Сталин репрессиялари вақтида Сибирга сургун қилинган шоир ҳозирги Кемерово вилояти ҳудудидаги ўрмонзорда дафн этилган.

Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси

Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси хабарига кўра, ҳайкал муаллифи Константин Зенич бўлиб, у шоир Усмон Носирнинг ўзига хос сиймосини ярата олган.

Ўзбекистон делегацияси Мариинскдаги ўрмонзор қаридаги қатағон қурбонлари мозорида дафн этилган Усмон Носирнинг қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар хотираси ёд этилди. Шоирнинг қабрига гуллар қўйилди. 

Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси

Тадбирда Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв, Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботир Асадов, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Сайид ва Новосибирскда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар, хорижда яшаётган ватандошлар, маҳаллий ижодкорлар ва Кемерово вилояти Мариинск шаҳрининг кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси

Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган вилоятида туғилган. Москвадаги Кинематография институтининг сценарий факультетида (1929-30 йиллар) ва Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг тил ва адабиёт факультетида бир мунча муддат таҳсил олган (1933-34 йиллар). 

«Қуёш билан суҳбат», «Сафарбар сатрлар» (1932), «Тракторобод» (1934), «Юрак» (1935), «Меҳрим» (1936) каби шеърий тўпламлари, «Норбўта» ва «Нахшон» (1934) достонлари нашр этилган. «Атлас» (1935) пьесаси ўз вақтида ҳаваскорлар театри саҳнасида қўйилган. А.Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани», М.Лермонтовнинг «Демон» («Иблис») достонларини ўзбек тилига таржима қилган. 

Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси

Усмон Носир 1937 йил 13 июлда «халқ душмани» сифатида ҳибсга олиниб, дастлаб Магадан, сўнгра Кемерово вилоятларидаги қамоқхоналарга юборилган ва 1944 йил 9 мартда ўша ерда вафот этган.

Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси
Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси
Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси

Мавзуга оид