Ўзбекистон | 14:54 / 05.09.2023
8767
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили – янги марралар, янги режалар сари йўл

Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларидаги каби Термиз давлат университетида ҳам янги ўқув йили “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида тантанали равишда, кўтаринки кайфиятда бошланди.

Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати

Янги ўқув йили очилиш маросимида Термиз давлат университети ректори, профессор Авазжон Марахимов нутқ сўзлаб, барча ёшларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги ҳамда талабалик бахтига муяссар бўлганликлари билан табриклади. Уларга янги ўқув йилида янги марралар, натижаларга эришишларини тилаб, ўқув йилини расман очди.

Тадбирда сўз олган вилоят Нуронийлар кенгаши раиси О.Соатов, вилоят халқ депутатлари кенгаши аъзоси Д.Сувонова юртимизда сўнгги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, таълим сифатида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Айни пайтда Термиз давлат университетида 680 нафар профессор-ўқитувчилар 23941 нафар талабаларга дарс бериб келишмоқда. Жорий йилда 3212 нафар йигит-қизлар талабалик мақомига эга бўлишди. Уларнинг 1530 нафари кундузги, 150 нафари кечки, 725 нафари сиртқи, 675 нафари иккинчи олий таълимга ҳамда 132 нафари магистратура босқичига қамраб олинди.

“Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги “Мустақиллик дарслари” ҳам илиқ таассуротларга бой бўлди.

Термиз давлат университети ректори, профессор А.Марахимов 1-босқич талабалари билан самимий суҳбат олиб борди.

Мулоқот давомида талабаларга мамлакатимизда 32 йил давомида эришилган ютуқлар, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, таълимдаги ислоҳотлар, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ва бошқа бир қатор кўрсаткичлар ҳамда эришилаётган ютуқлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Мавзуга оид