Халқаро конференция иштирокчиларига Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этилди
Самарқандда 7–8 сентябр кунлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир халқаро конференция ўтказилмоқда. Ялпи мажлис, секцияларга бўлиниб ишлашдан ташқари, конференция меҳмонлари «Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти» кўргазмасини ҳам томоша қилишди.
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди. БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO директори Чу Дунгю ҳам конференцияда чиқиш қилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва FAO’нинг техник кўмаги билан ташкиллаштирилган конференция доирасида очарчиликка, озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлиги ва тўйиб овқатланмасликка қарши курашишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва барқарорлигини ошириш, Қишлоқ жойларда қашшоқлик даражасини қисқартириш, агроозиқ-овқат тизимларининг инклюзивлиги ва самарадорлигини таъминлаш ҳамда кризислар ва таҳдидларга қарамасдан яшаб қолиш учун воситаларни кучайтириш каби FAO стратегиясига амал қилган ҳолда мунозаралар бўлиб ўтмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солувчи COVID-19 пандемияси ва Россия-Украина уруши каби кутилмаган воқеалардан ташқари, узоқ йиллардан буён тўпланиб келаётган таҳдидлар — иқлимнинг ўзгариши, ер қатламининг деградацияга учраши, чўллашиш, сув ресурсларининг етишмовчилиги, қурғоқчилик, ўсимликларнинг турли юқумли касалликларга йўлиқиши, ҳосилдорликнинг пасайиши ва бунинг оқибатида очарчилик юзага келиши, бундай хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида келишувлар имзолаш конференция ялпи мажлиси кун тартиби бўлиб турди. Ялпи мажлисда турли давлатлардан келган вакиллар сўзга чиқишди.
30 дан ортиқ давлатлардан вазирлар, дипломатлар, қишлоқ хўжалиги соҳасининг кўзга кўринган намояндалари иштирок этаётган конференция секцияларга бўлиниб ўз ишини давом эттирмоқда. Секцияларнинг иши эртага ҳам давом эттирилади.
Қайд этиб ўтиш жоиз, конференция иштирокчилари «Ипак йўли Самарқанд» халқаро туризм марказида жойлашган Экспо марказда ташкил этилган мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувларини ўзида мужассам этган «Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти» кўргазмасини ҳам кўздан кечирдилар.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистон аграр тармоғини ислоҳ қилишда эришилган ютуқлар намойиш этилмоқда. Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларидаги салоҳияти, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлари намойиш этилди. Конференция қатнашчилари уруғчилик, боғдорчилик, чорвачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер, кооперация, агрологистика усуллари билан таништирилди.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
11:31 / 18.11.2024
Хитой Ўзбекистонда озиқ-овқат ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқяпти
13:49 / 14.11.2024