Фан-техника | 15:32 / 08.09.2023
52560
2 дақиқада ўқилади

Lotus 905 от кучига эга Emeya электромобилини намойиш қилди

Бу компаниянинг сўнгги 30 йилдаги илк седани ҳисобланади.

Фото: Lotus

Lotus компанияси тўлиқ электрда ҳаракатланадиган тўрт эшикли флагман седани Emeya’ни тақдим қилди. Автомобилни ишлаб чиқариш 2024 йилдан бошланади. Бу компаниянинг 90-йиллар бошида чиқарган Carlton моделидан кейинги илк седани бўлди.

Автомобил иккимоторли бўлиб, улар биргаликда 905 от кучини бера олади. Emeya’га 0 дан 100 км тезликка чиқиши учун 2,78 сония кифоя қилади. Унинг максимал тезлиги соатига 256 км. Emeya’нинг батереяси сиғими эса 102 kWh’ни ташкил қилади. 350 киловаттли зарядлаш имконияти автомобилни 5 дақиқада 150 километрга етадиган электр захираси билан таъминлаб беради. 18 дақиқа ичида батареяни 80 фоиз қувват билан тўйинтириш мумкин.

Emeya дизайнида ингичка қилиб ишланган фаралар ва кузовнинг юкхонаси устидаги спойлерлар яққол ажралиб туради. Эшик тутқичлари худди Tesla моделлариники каби ишланган. Компаниянинг таъкидланишича, модель салонида алкантара, Nappa териси ҳамда қайта ишланган толалардан фойдаланилган. Аудитизимга KEF бренди карнайлари жавоб беради.

Нархлар ҳақида ҳозирча маълумот берилмади. Lotus модель ҳақида қўшимча маълумотларни 2023 йилнинг 4-чорагида эълон қилади. 

Мавзуга оид