Ўзбекистон | 08:48 / 08.09.2023
6005
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Хитой-Марказий Осиё қўшма лабораторияси ташкил қилинди

Лаборатория ҳайвон суякларини ўрганиш ва улар устида биокимёвий тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашган 2 та қисмдан иборат.

Фото: uzbektourism.uz

Самарқанд шаҳрида жойлашган «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида Хитойнинг Шенси провинцияси билан ҳамкорликда «Инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича «Бир макон, бир йўл» Хитой — Марказий Осиё қўшма лабораторияси» фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу илмий лойиҳа Хитой Халқ Республикасининг Шимоли-ғарбий университети ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси биносида ташкил этилмоқда. 

Лаборатория ҳайвон суякларини ўрганиш ва улар устида биокимёвий тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашган 2 та қисмдан иборат бўлиб, ушбу лабораторияда Ўзбекистон ҳудудида топилган ҳар қандай археологик қазишма материалларини тадқиқ қилиш имконияти мавжуд бўлади. 

Бугунги кунда, Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети томонидан қиймати 1,5 млрд сўмга тенг бўлган 36 турдаги жами 90 дона лаборатория жиҳозлари ва махсус ускуналар харид қилиниб, университетга олиб келинди ва тез кунларда жиҳозлаш ишлари бошланиши режалаштирилган. 

Лаборатория қурилишини мувофиқлаштириш ҳамда жиҳозлаш ишлари махсус стандартлар асосида бажарилишини назорат қилиш мақсадида Шимоли-ғарбий университетининг 2 нафар мутахассиси лаборатория қурилишида иштирок этишмоқда.

Мавзуга оид