Ўзбекистон | 13:48 / 08.09.2023
22768
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙТҲга учраган электробус йўловчилари жароҳатланди

Бектемир туманида ҳаракатланган электробус автомобиллар халал бергани сабаб бетон устунга урилди. Оқибатда автобусдаги 6 киши жароҳатланган, жамоат транспортига жиддий шикаст етган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

7 сентябрда Бектемир туманида ҳаракатланувчи 13T-сонли электробус куннинг кечки вақтларида бетон устунга урилгани, оқибатда эса автобус ичидаги 5 нафар йўловчи ҳамда ҳайдовчи жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизматига кўра, ЙТҲ 1-Автобус саройи филиали тасарруфидаги Ютонг русумли 13Т-электробуси билан юзага келган. Ўша куни автобус 34−35 км/соат тезликда кетаётган бўлган. Икки йўналишли ҳаракат оқимида транспорт воситаларининг 3 та қатор бўлиб ҳаракатланиши электробуснинг юришига халал берган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни ўнг томонга буриб юбориши ортидан автобус бетон устунга бориб урилган.

Маълумотларга кўра, ҳодиса содир бўлган вақтда автобус ичида 15−20 нафар йўловчи бўлган, шунинг 5 нафари ҳамда ҳайдовчи тан жароҳати олган. Йўловчилар "Шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси" ва "Тошкент шаҳар 4-сонли клиник шифохонаси"га тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Автобусга жиддий техник шикаст етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Kun.uz жамоат транспортидаги муаммоларга эътибор қаратганди. Унда кўчалардаги алоҳида йўлакларда жамоат транспортига устуворлик берилмагани оқибатида сўнгги вақтларда автобуслар иштирокида ЙТҲлар сони ошгани ҳам қайд этилганди.

Рақамларга кўра, охирги 7 ойда Тошкентда “Тошшаҳартрансхизмат”га қарашли автобуслар иштирокида 85 та транспорт ҳодисаси кузатилган. Воқеада 98 нафар одам тан жароҳати олган.

Мавзуга оид