4 минг йиллик тарихни ўзида жамлаган “чўл атиргули” – Қатар миллий музейидан фоторепортаж
Чўлдаги кристаллни эслатувчи ташқи дизайн, 8 мингга яқин археологик артефактлар, 1,5 млн доллардан ҳам қиммат турувчи дур-у жавоҳирлар. Қатар миллий музейи нафақат ҳудуд аҳолисининг узоқ йиллик тарихи, балки бугунги кун ҳаёт нафасини ҳам ўзида жамлай олган. Kun.uz музейдан тайёрлаган фотожамланмани тақдим этади.
Қатар миллий музейи пойтахт шаҳар, Доҳада жойлашган. У 2019 йилдан бери оммага қатарликларнинг узоқ тарихи ва бугунги кунгача эришган ютуқлари ҳақида маълумот бериб келади.
Музей дизайни ўз вақтида француз архитектори Жан Ноувел томонидан яратилган. Маълумотларга кўра, франциялик мутахассис бинонинг фасадини яратишда чўлларда учрайдиган кристаллдан илҳомланган. Кристалл ташқи кўришдан атиргулга ўхшайди, шу сабаб ҳам уни “чўл атиргули” деб номлашади. Шундан келиб чиқиб, музей меҳмонлари ҳам “чўл атиргули” бўйлаб саёҳат қилишларини айтишади.
Бино 11 та бўлимдан иборат бўлиб, унинг ҳар биридан катта таассуротлар олиш мумкин. Дастлабки 4 та бўлим ҳудуднинг флора ва фауна олами ҳақида. Бу бўлимни айланиш давомида Қатарнинг иқлим шароити, у ерда қандай ҳайвонлар яшаб ўтган, ҳозирда уларнинг қандай турлари мавжудлиги, қолаверса, қандай ўсимликлар ўсишини кўриш мумкин. Бўлимнинг интерактив қурилгани унинг ўзига хослиги ҳисобланади. У ерда нафақат кўриш, балки денгиз, чўл, ундаги ҳайвонларнинг овозини эшитиш, ҳис қилиш ҳам мумкин. Замонавий технологиялар шунга имконият яратган.
Қатар халқи азалдан ўтроқ эмас, кўчманчи халқ ҳисобланиб, асосан ўтовларга ўхшаш турар жойларда яшагани ҳақида маълумот келтирилади. Дунёда 3 та кўчманчи халқнинг ўтови алоҳида таъкидланади, уларга мўғуллар, африкаликлар ҳамда қатарликлар киритилган.
Музейнинг бешинчи ҳамда олтинчи бўлимларида ҳақиқий Қатар оилалари қандай бўлишини тасаввур қилиш мумкин. Галереяда қатарликларнинг рўзғорда қандай буюмлардан фойдалангани, гиламлари, кийимларини томоша қилиш мумкин.
Ҳудуд жиҳатдан унча катта бўлмаган Қатарнинг бой давлатга айланиши ХХ аср ўрталари нефт топилиши билан боғланади. 1971 йилга келиб эса Буюк Британия протекторатлиги тугаб, Қатар амирлиги ташкил топади. Шу вақтдан бошлаб мамлакатнинг туганмас-битмас бойликларга эга экани янаям очиқ манбаларда қайд этила бошланади.
Буни музейнинг 7-бўлимида дур-у жавоҳирлар, қимматбаҳо либосларни ҳам кўриш мумкин. Бундай либос, тақинчоқлардан асосан бойлар турли хил байрам тадбирларида фойдаланишади. Маълумотларга кўра, музейнинг бу галереясига қўйилган жами марваридларнинг қиймати 1,5 млн доллардан ҳам ошади.
Миллий музейнинг 8-бўлими Қатарнинг сиёсий ўтмиши ҳақида маълумот беради. Унда 1500–1913 йилгача бўлган тарихни турли қурол-аслаҳалар, маълум шахсларнинг портретидан ташқари, экранда намойиш этиладиган видеолардан ҳам томоша қилиш мумкин.
Музейнинг сўнгги бўлимларига ўтишдан аввал, йўл-йўлакай учрайдиган қизиқ машғулотлар ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим. Гап шундаки, музейда берилган маълумотларнинг барчасини эслаб қолиш мумкин эмас, бу айниқса болаларга қийинчилик туғдиради. Уларга тарихни қизиқроқ ва самаралироқ етказиш учун ҳам алоҳида хона ажратилган. Мисол учун, бу хонада бир нечта жавонлар қилинган, ўша жавонлардаги бир тортманинг тутқичи замонавий чойнак шаклида ясалган. Бола тортмани очгач, унинг ичида бошқа чойнак турганини кўради. Қизиғи шуки, у тарихий буюм бўлади. Яъни келувчи жажжи меҳмонлар аввал фойдаланилган, ҳозирда эса у ўзгарган буюмларни жавонлар орқали ҳам ўргана олади.
Ана энди музейнинг сўнгги, 9-10-11-бўлимларига келсак. Қатар миллий музейининг 9-галереясидан бошлаб нефт топилиши ва қатарликларнинг ҳаёти тамомила ижобий томонга ўзгариб кетиши – умуман олганда мамлакат бой давлатлар қаторига қўшилиши ҳақида маълумот берилади.
Музейда саёҳат тугар экан, Қатарнинг сўнгги йилларда қанчалик ривожланганига ҳам амин бўлиш мумкин. Мамлакат нефт, ёқилғи маҳсулотлари сабаб тезкорлик билан тараққиётга эриша олган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
19:01 / 19.11.2024
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС етакчилари Доҳада эмаслигини маълум қилди
22:56 / 15.11.2024
Ҳамас корпуси Қатардан кетадими? Қайси давлатга?
23:32 / 14.11.2024