Ўзбекистон | 10:00 / 10.09.2023
13396
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида катта миқдорда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги уч нафар истеъмолчи 1,67 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 7 сентябр куни «Ўзэнергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда электр таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан:

  • Тошкент туманидаги «З.Н.Ш.Х.» фермер хўжалиги томонидан ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиши натижасида давлат манфаатларига 1,5 миллиард сўм (3,36 миллион kW·h);
  • Олмазор туманида жойлашган «М.П.С.» МЧЖнинг электр қурилмалари уланиш схемалари амалдаги қоидаларга зид равишда улангани натижасида давлат манфаатларига 104,17 миллион (231,5 минг kW·h) сўм;
  • Шайхонтоҳур тумани Алишер Навоий кўчасида жойлашган «Г.С.Р.» МЧЖнинг электр қурилмалари уланиш схемалари амалдаги қоидаларга зид равишда улангани натижасида давлат манфаатларига 53,4 миллион сўм (118,8 минг kW·h), жами 1 миллиард 673 миллион сўм зарар етказилган.

Ушбу ҳажмдаги электр энергияси қарийб 18 минг 547 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенгдир.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиши учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

 

Мавзуга оид