Жаҳон | 18:42 / 11.09.2023
26039
18 дақиқада ўқилади

АҚШда содир бўлган даҳшатли теракт: 11 сентябр воқеаларига 22 йил бўлди

Фото: stock.adobe.com

Дунёнинг бизнес маркази – Ню-Йоркдаги эгиз бинолар. Оддий кунлардан бири ва биноларда одатдагидай иш қизғин. Шу пайт олдинма-кейин иккита бинога ҳам нимадир келиб урилиб, улар қаттиқ силкиниб кетади. Одамлар нима бўлганини тушунишга улгурмай, тепа қаватлардан бетон бўлаклари пастга учиб туша бошлайди. Ёнғин юз беради ва кўп ўтмай 110 қаватли иккита бино батамом қулаб тушади.

Бундан роппа-роса 22 йил аввал, 2001 йил 11 сентябр куни АҚШда мисли кўрилмаган терактлар амалга оширилади. «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг аъзолари бўлган одамлар тўртта йўловчи самолётини парвоз давомида эгаллаб олишади.

Сўнг улардан иккитасини Ню-Йорк шаҳрининг бизнес рамзи – Жаҳон савдо марказининг иккита осмонўпар биносига, бирини Пентагонга (АҚШ Мудофаа вазирлиги бош идораси) ва яна бирини Вашингтондаги Оқ уй ёки Капитолийга (Вашингтондаги Конгресс биноси) йўналтиришади.

Террорчилар учта самолётни режада белгиланган биноларга олиб бориб уришади. Иккитаси Ню-Йоркдаги осмонўпар эгиз биноларга урилиб, уларнинг қулашига сабаб бўлади.

Ўғирлаб кетилган учинчи самолёт Пентагон биносига зарар етказади. Тўртинчи самолёт Пенсилвания штатидаги Шанксвилл яқинидаги далага қулаб тушади.

Терактлар оқибатида 3000 дан ошиқ одам, шунингдек, самолётларни эгаллаб олган 19 нафар террорчи ҳам ҳалок бўлади.

Аввалги материалимизда ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари, ҳодисадан сўнг АҚШ армиясининг Афғонистон ва Ироққа бостириб кириши ва бошқа ҳодисалар батафсил ҳикоя қилинганди. Бу материалда терактнинг қисқача тафсилотлари ва унда айбланган шахслар ҳақида маълумот берамиз.

Ҳодиса тафсилотлари

Ню-Йоркдаги Манхеттен оролида жойлашган Жаҳон савдо маркази еттита бинодан иборат мажмуа эди. Унинг марказида иккита 110 қаватли шимолий ва жанубий осмонўпар эгиз бинолар жойлашганди.

Ҳар бир бинода тахминан 35 минг киши ва 430 компания учун офис майдони бўлган. Террорчилар ўз ҳаракатларини 2001 йил 11 сентябр куни эрталаб бошлашади.

Бу пайтда савдо марказида ишлаб турган одамлар бироздан сўнг бошларига нима тушишини хаёлларига ҳам келтирмаган ҳолда одатдагидай ишлар билан банд бўлишади.

Соат 8:46. Бостондан Лос-Анжелесга учаётган American Airlines компаниясининг Boeing 767 самолёти Ню-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг шимолий биносига, 94 ва 98 қаватлар оралиғига келиб урилади.

Самолёт бортидаги 81 йўловчи (шу жумладан беш нафар террорчи) ва 11 экипаж аъзоси ҳалок бўлади.

Соат 9:03. Бостондан Лос-Анжелесга учаётган United Airlines авиакомпаниясининг Boeing 767 самолёти Жаҳон савдо марказининг жанубий биносига 77-85-қаватлар оралиғига келиб урилади.

Самолёт бортидаги 56 нафар йўловчи (шу жумладан беш нафар террорчи) ва тўққиз нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлади.

Соат 9:37. American Airlines авиакомпаниясининг Вашингтондан Лос-Анжелесга учаётган Boeing 757 самолёти Вашингтон яқинида жойлашган Пентагон биносига урилади.

Самолёт бортидаги 58 нафар йўловчи (жумладан беш нафар террорчи) ва олти нафар экипаж аъзоси бўлади.

Соат 10:03. Ню-Жерси штатидаги Нюарк шаҳридан Сан-Францискога учаётган United Airlines авиакомпаниясининг Boeing 757 самолёти Пенсилвания жануби-ғарбий қисмида, Вашингтондан 200 километр узоқликдаги Шанксвилл шаҳри яқинида далага қулаб тушади.

Фото: alamy.com

Самолёт бортидаги 37 нафар йўловчи (шундан тўрт нафари террорчи) ва етти нафар экипаж аъзоси бўлади.

Жаҳон савдо марказидаги эгиз биноларига урилган самолётларнинг ёқилғи сиғимлари тўла эди. Шу сабабли самолётлар бориб урилганда эгиз биноларда кучли ёнғин келиб чиқади.

Оқибатда, юқори қисми вайрон бўлган ва аланга ичида қолган жанубдаги бино соат 9:59 да, шимолдаги бино 10:28 да қулаб тушади.

Оқибатда 2 977 киши, жумладан 343 ўт ўчирувчи ва 60 полициячи ҳалок бўлади. Улар орасида нафақат АҚШ, балки яна 92 ​​давлат фуқаролари, ҳатто 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди.

Нью-Йоркдаги эгизак биноларда бўлганларнинг 1 366 нафари самолёт бинога бориб урилганда, қолганлар эса келиб чиққан ёнғин туфайли ва бинолар қулаб тушганда ҳалок бўлган.

Террорчилар эгаллаб олган самолётларидан бирини Пентагон биносига олиб бориб уришади \ Фото: alamy.com

Жумладан, Ню-Йоркда 2 753 киши, Пентагонда 184 киши, Пенсилванияда 40 киши терактлар қурбони бўлади.

Нью-Йоркда ҳалок бўлганлардан 1 600 нафарининг шахсини аниқлашнинг имкони бўлган. 1 100 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланган. Кейинчалик вайроналар остидан ўн мингдан ортиқ турли инсон суяклари топилган.

Шунингдек, терактларда 19 нафар террорчи ҳалок бўлади. Улардан 15 нафари Саудия Арабистони, икки нафари Бирлашган Араб Амирликлари, бири Миср ва бири Ливан фуқаролари бўлган.

Ҳар иккала бино қулаб тушганча ўтган вақт оралиғида ўт ўчирувчилар ва қутқарув хизмати жуда кўп инсонларни эвакуация қилишга улгуради. Акс ҳолда қурбонлар сони бир неча баробар кўп бўлиши мумкин эди.

Иккита осмонўпар бино қулаб тушгач унинг атрофидаги бошқа биноларни ҳам вайрон қилади ёки қисман шикастлайди. Шу жумладан 47 қаватли WТC-7 биноси ҳам.

Шимолий минора қулаб тушгач унинг вайроналари WТC-7 биносига келиб урилади ва ёнғин келиб чиқади. Ёнғин етти соат давом этади ва соат 17:20 да WТC-7 биноси ҳам қулаб тушади.

Зарар

Кўпчилик инсонларнинг ҳалок бўлишидан ташқари бу ҳодиса АҚШга жуда катта моддий ва молиявий зарар етказди. Биринчи навбатда Нью-Йоркдаги эгизак биноларни суғурта қилган компания банкрот бўлди.

АҚШдаги NASDAQ фонд биржаси 11 сентябрдан 17 сентябргача ишламади. Ушбу фонд биржасининг бунчалик узоқ танаффус қилиши ҳодисадан 70 йил аввал - 1928-1932-йилларда АҚШда юз берган иқтисодий ва молиявий инқироз пайтида содир бўлган.

Фонд бозорлари одатдагидай ишлай бошлаганда эса қимматли бозорлар нархи кескин тушиб кетади ва оқибатда АҚШ компаниялари 1,2 триллион доллар маблағ йўқотади.

11 сентябр терактлари оқибатида АҚШ давлати бюджетига етказилган моддий зарарнинг аниқ миқдори номаълум. 2006 йил сентябрда АҚШ президенти Жорж Буш 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган террорчилик хуружлари етказган зарар минимум 500 млрд долларни ташкил этиши ҳақида гапирганди.

Нью-Йоркдаги эгиз биноларнинг қулаши атроф-муҳитга жуда катта зарар етказади. Бинолар қулагандан сўнг атрофга минглаб тонна бетон уюмлари, ойна синиқлари, металл парчалари, целлюлоза, асбест, қўрғошин, симоб каби чиқиндилар уюлади.

Иккита 110 қаватли бино қулаб тушгач, уларнинг ўрни шу кўринишни олади

Улардан ҳавога заҳарли газлар тарқай бошлайди. Оқибатда Манҳеттен оролининг ҳавоси қаттиқ ифлосланади ва одамлар орасида касаллик кўпаяди.

Ёдгорлик мажмуаси

Орадан 1 йил ўтиб, қулаб тушган Жаҳон савдо маркази бинолари ўрнида янги бинолар қурилиши бошланади.

Янги Жаҳон савдо маркази деб аталаётган жойда теракт вақтида вайрон бўлган бино ўрнига яна еттита турли бино қурилади. 2014 йилда қуриб битказилган 541 метрли Freedom Tower биноси уларнинг энг баланди ҳисобланади.

Янги Жаҳон савдо марказининг умумий кўриниши шундай \ Фото: planosdecasas.net

2011 йил 11 сентябр куни Янги Жаҳон савдо марказида Миллий ёдгорлик мажмуаси ва музей очилади. Мажмуа иккита ҳовуз ва шаршараларни ўраб турган 400 дан ортиқ оқ эман дарахтлари экилган паркдан иборат.

Ҳовуз четини ўраб турган бронза супага террорчилик хуружида ҳалок бўлган 3000 га яқин одамнинг (жумладан, 1993 йилда Жаҳон Савдо Марказининг портлаши натижасида ҳалок бўлган олти кишининг ҳам) исм-шарифи ўйиб ёзилган.

Ёдгорлик мажмуаси ҳудудида жойлашган музей АҚШнинг 11 сентябр воқеалари оқибатларини ўрганувчи ва уларни ҳужжатлаштирадиган асосий муассаса ҳисобланади.

2002 йилдан бошлаб 11 сентябр АҚШда Ватанпарварлар куни сифатида нишонланади. 2009 йилдан АҚШ Умумий қонунининг 111-13-сонли акти билан бу сана Миллий хизмат ва Хотира куни (National Day of Service and Remembrance) деб ҳам юритилади.

11 сентябр қурбонлари шарафига қилинган ёдгорлик мажмуаси

Терактни тафтиш қилган комиссия ва айбдорлар

2002 йил 27 ноябр куни АҚШда 11 сентябрда содир этилган терактларни текшириш учун мустақил комиссия тузилади. 2004 йилда у фожиа ҳолатларини тергов қилиш бўйича якуний ҳисоботни эълон қилади.

600 саҳифалик ҳужжатнинг асосий хулосаларидан бирида террорчилик хуружлари айбдорлари АҚШ ҳукумати ва разведка идоралари фаолиятидаги «чуқур маъмурий муваффақиятсизликлардан» фойдалангани тан олинганди.

Ҳисоботнинг охирги боби жуда узоқ вақт давомида сир сақланади. 28 саҳифадан иборат сўнгги боб фақат 2016 йил июл ойига келиб ошкор қилинади.

Унда асосан 11 сентябр куни терактларни амалга оширган террорчилар ва Саудия Арабистони расмийлари вакиллари ўртасидаги эҳтимолий алоқа ҳақида маълумотлар бор эди.

Бироқ унда Саудия Арабистони ва террорчилар ҳамкорлик қилгани ҳақида ҳеч қандай аниқ далиллар келтирилмаганди.

АҚШда 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар бўйича судланиб тегишли жазо олган ягона шахс – асли марокашлик бўлган Франция фуқароси Закарияс Муссауи эди.

Закарияс Муссауи \ Фото: AP

У 2001 йил август ойида Оклахомадаги учувчилар тайёрловчи ёзги мактабни тамомлаб, Миннесота штатидаги Boeing-747 симуляторида машқ қилгандан кейин ҳибсга олинади.

2005 йил апрел ойида Закарияс 2001 йил 11 сентябрдаги терактларда бешинчи самолётни олиб қочиб, терактни амалга оширмоқчи бўлган деб топилади.

Закарияснинг ўзи судда самолётлардан бирини олиб қочиб, Вашингтон шаҳридаги Оқ уйга олиб бориб уришни режалаштирганини айтади.

2006 йил май ойида бўлиб ўтган суд жараёнида Виржиния штатидаги Александрия шаҳар федерал судининг қарори билан Закарияс Муссауи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

11 сентябр терракти ҳужумларида гумон қилинган яна олти киши 2002-2003 йилларда ҳибсга олиниб, бир неча йил Марказий разведка бошқармаси қамоқхоналарида ўтиради. Сўнг улар 2006 йилда АҚШнинг Кубада жойлашган Гуантанамо қамоқхонасига юборилади.

Гуантанамо қамоқхонаси

2008 йил феврал ойида АҚШ Мудофаа вазирлиги 11 сентябр ҳужумларини тергов қилиш доирасида олти маҳбусни қотиллик ва ҳарбий жиноятларда айблайди.

Комиссия ҳисоботига кўра, 2001 йил 11 сентябрда АҚШдаги терактларни тайёрлашда қуйидагилар асосий шахслар деб топилади:

  • Келиб чиқиши Покистондаги белуж қабиласидан бўлган, кувайтлик Холид Шайх Муҳаммад;
  • Яманда туғилган Рамзи Биналшиба. У террорчиларга ташкилий ёрдам кўрсатган ва уларга пул ўтказганликда айбланган;
  • Муҳаммад ал-Қаҳтаний. Терговчиларга кўра, 2001 йил 11 сентябрда тўртта Америка самолётини ўғирлаганларнинг йигирманчи шериги. У АҚШ визасини ололмагани учун терактларда иштирок эта олмаган.
  • Бундан ташқари, Али Абдул Азиз Али, Мустафо Аҳмад Ҳавсавий ва Валид бин Атташ исм-шарифли шахслар 11 сентябр терактларини содир этишда асосий шахслар деб топилган.
11 сентябр терактларида асосий ташкилотчи деб топилган Холид Шайх Муҳаммад \ Фото: alamy.com

11 сентябр терактларида айбланганлар Гуантанамода

Америкаликлар 11 сентябр терактларида айбланган барчани Куба оролида жойлашган Гуантанамо қамоқхонасида сақлашади. Узоқ йиллар давомида улар на суд қилинади, на ҳукм ўқилади.

2008 йилда улар орасида бўлган Муҳаммад ал-Қаҳтонийдан 11 сентябр ҳодисаларига тегишли айбловлар олиб ташланади.

Қаҳтонийдан айбловларнинг олиб ташланишига қисман президент Барак Обама сабаб бўлади. У 2009 йил 20 январда президентлик курсисига ўтиргач, АҚШ ҳарбий прокуратурасининг Гуантанамодаги барча фаолиятини тўхтатишни буюради ва сайловчиларига қамоқхонани ёпишга ваъда беради.

Шундан сўнг, ҳарбий департамент айби исботланмаган Қаҳтонийдан 11 сентябр терактлари бўйича айбловларни олиб ташлашга мажбур бўлади. Бироқ у бошқа жиноятларда айблангани учун Гуантанамода қолаверади.

2022 йилда жаҳон ОАВ 46 ёшли Қаҳтоний Гуантанамодан озод қилингани ва ватани Саудия Арабистонига жўнатиб юборилгани ҳақида хабар тарқатди. Умумий ҳисобда Қаҳтоний Гуантанамода қарийб 20 йил ўтиради.

 Жаҳон савдо марказининг эгиз бинолари қулатилмасдан аввал шу кўринишда бўлган \ Фото: stock.adobe.com

Кейинчалик президент Обама ўз ваъдасини бажара олмайди. Конгрессда унинг Гуантанамони ёпиш ҳақидаги гаплари қўллаб-қувватланмайди.

Натижада Обама 2011 йил март ойида Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбусларга қарши ҳарбий суд жараёнларини қайта бошлашни буюради.

2011 йил апрел ойида АҚШ Бош прокурори Эрик Холдер 11 сентябр иши бўйича айбланувчи Холид Шайх Муҳаммад ва яна тўрт нафар айбланувчи АҚШ фуқаролик судида эмас, Гуантанамо қамоқхонасидаги махсус ҳарбий комиссия томонидан сўроқ қилинишини тасдиқлайди.

2011 йил май ойида АҚШ ҳарбий прокуратураси яна беш нафар гумонланувчини, жумладан Холид Шайх Муҳаммадни 2001 йил 11 сентябр терактларига алоқадорликда айблайди.

2012 йил 5 майда уларга ҳарбий трибунал томонидан тинч аҳолига ҳужум қилиш, қасддан жисмоний шикаст етказиш, қотиллик, уруш қонунларини бузиш, вайронагарчилик, самолётни олиб қочиш ва терроризмда айбланади. Судланувчиларнинг бешови ҳам «Ўз айбингизни тан оласизми ёки йўқми?» деган саволга жавоб беришдан бош тортади.

Гуантанамо қамоқхонасидаги маҳбуслар

2014 йил июл ойида Гуантанамодаги ҳарбий трибунал терактга алоқадорликда айбланаётган беш нафар шахсдан бири Рамзи Биналшиба устидан ўтказилаётган маҳкама жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади.

Бунга ҳарбий шифокорларнинг Рамзи Биналшибанинг оғир руҳий касалликка чалингани ҳақидаги хулосаси сабаб бўлади.

Саудия ва Эронга қарши даъволар

2017 йилнинг март ойида АҚШда 2001 йил 11 сентябрдаги хуружларда қурбон бўлганларнинг қариндошлари Саудия Арабистонини «Ал-Қоида»ни молиялаш ва бошқа йўллар билан қўллаб-қувватлашда айблаб, жамоавий даъво қўзғатади.

Улар Саудия ҳукуматидан товон пули ундириш мақсадида 800 киши номидан судга мурожаат қилишади. Кейинроқ АҚШнинг йигирмадан ортиқ суғурта компанияси Саудия Арабистонининг икки банки ва Усама бин Ладен оиласига алоқадор компанияларга, шунингдек, бир қанча хайрия ташкилотларига қарши 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар билан боғлиқ камида 4,2 млрд долларлик даъво аризаси билан мурожаат қилади.

2019 йил июл ойида, теракт уюштирганликда айбланаётган Холид Шайх Муҳаммад, агар АҚШ расмийлари ўзига ўлим жазоси беришни талаб қилишмаса, Саудия Арабистонига қарши даъво қилган одамлар ва компаниялар томонида туриб, судда гувоҳлик беришга тайёрлигини маълум қилади.

Жаҳон савдо марказининг иккинчи биносига самолётнинг келиб урилиши

2019 йил август ойида The New York Times газетаси АҚШ ҳарбий суди 11 сентябр терактлари ташкилотчиларига ҳукм чиқариш бўйича тингловни 2021 йил январига белгилагани ҳақида хабар беради.

Шунингдек, АҚШ гарчи 11 сентябрдаги терактларни тергов қилиш бўйича махсус комиссия Эроннинг иштироки ҳақида тўғридан тўғри далиллар топмаган бўлса-да, бу давлатдан теракт қурбонларининг яқинларига товон тўлашни талаб қилмоқда.

Эгиз бинолар қулаётган пайтда унинг яқинида бўлган одамлар қочмоқда

2016 йилда Ню-Йорк федерал округи судяси Жорж Даниэлс Эрон 11 сентябр ҳодисасига алоқадор эмаслигини, террорчиларга ёрдам беришда иштирок этмаганини исботлай олмаганини айтиб, Эрон расмийлари етказилган зарар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳақида қарор чиқаради.

2018 йилнинг май ойида Америка суди Эроннинг ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва Эрон марказий банкини Ню-Йорк терактида ҳалок бўлган 1 008 кишининг ўлимига алоқадор деб топади.

Суд корпус ва банк теракт қурбонларининг яқинларига миллиардлаб доллар товон пули тўлаши керак деб қарор чиқаради.

Ню-Йорк суди Эрон «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳига моддий ёрдам бергани ҳақидаги далилларни товон пули ундириш ҳақидаги қарорни қабул қилиш учун етарли деб ҳисоблайди.

Бироқ Эрон ва Саудия Арабистони ҳам ён бермоқчи эмас ва улар бошданоқ 11 сентябр терактларига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

Қулаётган эгиз бинолар яқинида бўлган одамлар қочмоқда.

11 сенябрь ҳодисалари ҳақидаги шубҳалар

11 сентябрь хуружлари рўй берганда ҳамманинг хаёли террорчиларда ва уларнинг ҳужуми туфайли келиб чиққан йўқотишларда бўлди. Юқорида ёзилгандай, бунга нафақат АҚШдаги балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият олиб борган ОАВ ҳам яхшигина ҳисса қўшди.

Ўшанда барча бу терактни қоралаб чиқди. Унинг ижрочиларини жазолаш талаб қилинди. Аммо кейинчалик АҚШ 11 сентябрь ҳодисаларига мутлақо алоқаси бўлмаган Ироққа ҳам бостириб киргандан сўнг бу ҳодиса ҳақида турли шубҳа ва гумонлар ҳам пайдо бўла бошлади.

11 сентябрь ҳодисалари содир бўлгандан сўнг кўплаб олимлар бу ҳодисани синчиклаб ўргана бошлайди. Уларнинг бир қисми 11 сентябрь ҳодисалари ҳақидаги асл ҳақиқатлар АҚШ ҳукумати, хусусан кичик Буш маъмурияти томонидан яширилган деб хулоса беради.

Бундай хулосага келган олимлардан бири – Юта университети физика профессори ўша пайтда эгиз бинолар қолдиқларини синчиклаб ўрганади ва бинони қулатиш учун портловчи моддалардан фойдаланилган деган хулосага келади. Унинг фикрича, биргина самолёт бориб урилиши сабаб 100 қаватли биноларнинг қулаб тушиши бу жуда шубҳали ҳолат.

Эгизак биноларга самолётлар урилганини ҳайрат билан томоша қилаётган одамлар \ Фото: stock.adobe.com

11 сентябрь ҳодисалари ҳақида шубҳа билдирадиган бошқа бир гуруҳ эса, ўшанда ҳақиқатдан террорчилик ҳодисаси содир этилганига шубҳа қилмаслигини билдиради, аммо «ернинг тагида илон қимирласа биладиган» АҚШ разведка ва хавфсизлик кучлари террорчиларнинг бу ҳужум ҳақидаги режасидан хабардор бўлган ва уларни тўхтатиш учун чора кўрмаган деб ҳисоблайди.

Уларнинг фикрича, бу террорчилик хуружи ўша пайтда дунёдаги геосиёсий майдонда назорат ўрнатиш ва энерго ресурсларга бой ҳудудларни босиб олиш ниятида бўлган АҚШ раҳбарларига керак бўлган. Аммо бу қарашлар ва тахминлар жаҳон миқёсида тан олинмаган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид