Ўзбекистон | 18:07 / 11.09.2023
10776
3 дақиқада ўқилади

Фуқароларга тегишли қудуқларни сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш мажбурий эмас — мутахассис изоҳи

2024 йил 1 январдан бошлаб, сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади. Бироқ, фуқароларга тегишли ва суткасига 5 минг литргача сув олинадиган қудуқлар бундан мустасно. 

Фото: uza.uz

Жисмоний шахсларга шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун якка тартибда суткасига 5 метр кубгача (5 минг литргача) бўлган миқдорда ер ости сувларини олиш учун қазилган қудуқларни сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш мажбурий эмас. Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Геология фанлари университети тасарруфидаги «Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти» давлат муассасаси раҳбари Қодиржон Мингбоев маълум қилди.

«Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига кўра, 2024 йил 1 январга қадар ер ости сувларидан фойдаланишнинг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида, ер ости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан белгиланган тартибда жиҳозланиши шарт. Шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб, сувни ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади. Бунда жисмоний шахсларга шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун якка тартибда суткасига 5 метр кубгача (5 минг литргача) бўлган миқдорда ер ости сувларини олиш мустасно. Яъни, бундай қудуқларни сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлаш мажбурий эмас», деди мутахассис.

Мингбоевнинг таъкидлашича, мазкур қарор билан республикада қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича мораторий жорий этиладиган, ер ости сувлари сатҳининг пасайиши (5 м гача ва 5 м ортиқ) ва ресурсларининг камайиши кузатилаётган қуйидаги ҳудудлар рўйхати кўрсатилган: Навоий вилояти (Нурота тумани), Самарқанд вилояти (Нуробод, Пайариқ, Иштихон, Ургут, Қўшработ туманлари), Жиззах вилояти (Фориш, Зомин, Янгиобод, Ш.Рашидов туманлари), Наманган вилояти (Косонсой, Чуст, Янгиқўрғон, Чортоқ туманлари), Фарғона вилояти (Бешариқ тумани), Андижон вилояти (Избоскан, Жалақудуқ, Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа туманлари) ва Қашқадарё вилояти (Чироқчи, Кўкдала, Косон туманлари).

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб ер ости сувларининг кўп йиллик ўртача сатҳига нисбатан сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланади.

Бундан тасдиқланган давлат дастурлари доирасида ва жисмоний шахслар томонидан чуқурлиги 25 метргача бўлган қудуқларни бурғилаш ҳамда суткасига 5 метр кубгача ҳажмдаги ер ости сувларини шахсий эҳтиёжлар учун якка тартибда олиш мустасно.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома беришнинг амалдаги тартиби бекор қилинди ҳамда вазирлик томонидан бурғиловчи субъектларга ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартиби жорий этилиб, ўз тасарруфидаги бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш ва уларни доимо ишчи ҳолатда сақлаш мажбурияти юклатилди.

Мавзуга оид