Жаҳон | 08:29 / 11.09.2023
8090
2 дақиқада ўқилади

Марокашдаги зилзила қурбонлари сони 2100 кишидан ошди

Қурбонларнинг аксарияти Ал-Ҳауз, Тарудант, Шивава, Уарзазат, Марракеш, Азила, Агадир, Касабланка ва Юссифи минтақаларида қайд этилган.

Фото: Carl Court/Getty Images

Марокашдаги зилзила қурбонлари сони 2122 кишига, жароҳатланганлар сони эса 2421 кишига етди.

Марокаш Ички ишлар вазирлиги икки кун олдин кечки соатларида содир бўлган зилзила ҳақида янги маълумот билан бўлишди.

Вазирлик баёнотида, эпицентри Марракешнинг Ал-Ҳауз тумани бўлган 7 магнитудали зилзила қурбонлари сони 2122 кишига, жароҳатланганлар сони эса 2421 кишига етганини билдирди.

Марокаш матбуоти бир кун аввал маҳаллий вақт билан соат 23:10 да содир бўлган зилзила пойтахт Работ, Касабланка, Мекнес, Агадир ва Фесда сезилганини хабар қилди. 

Қурбонларнинг асосий қисми Ал-Ҳауз, Тарудант, Шивава, Уарзазат, Марракеш, Азила, Агадир, Касабланка ва Юссифи минтақаларида қайд этилган. 

Табиий офат ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Уларга фуқаро мудофааси кучлари билан бир қаторда ҳарбийлар ҳам жалб қилинган. 

Марокашда 9 сентябрга ўтар кечаси содир бўлган 7 магнитудали зилзила мамлакат тарихида сўнгги юз йилдаги энг кучлиси бўлди. 

Мавзуга оид