«7 ойда 7 миллион қоидабузарлик ва мингдан ортиқ ўлим” – ЙТҲларнинг сабаблари ва оқибатлари ҳақида суҳбат
2023 йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистонда 4,7 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаларида 1,1 минг киши вафот этди. Оғир оқибатларга олиб келаётган ЙТҲларнинг кўпайишига нималар сабаб бўлмоқда: қоидабузарликми ёки йўллардаги ёмон шароитлар? Уларни камайтириш борасида нималар қилиняпти? Kun.uz мухбири ИИВнинг йўл ҳаракатига масъул идораси вакили ва соҳа эксперти билан шу масалада суҳбатлашди.
Яқинда эълон қилинган статистикада 2023 йилнинг дастлабки 7 ойида содир бўлган ЙТҲлар натижасида 1115 киши вафот этгани ҳамда 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатлангани очиқланди. Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда ҳайдовчиларга қулайлик яратиш тизимларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги айтилди. Kun.uz жамиятимиз учун долзарб бўлиб турган ушбу масала юзасидан масъуллар билан суҳбат уюштирди.
— Нима учун ўлим билан боғлиқ бундай ЙТҲлар ошиб бормоқда?
Эрали Бозоров, ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари, полковник:
— Жиддий масала бу. Президент томонидан назоратга олинган. 2022 йил 11 апрель куни хавфсиз ва равон йўл тамойили асосида инсон хавфсизлиги масаласида устувор йўналишлар белгилаб берилди. Президентимиз томонидан 4 апрелда қабул қилинган қарорда ЙТҲлар оқибатларини камайтиришга жиддий эътибор қаратилди. Умуман, 2 йил давомида 18 та ҳукумат, 5 та президент қарори қабул қилинди. Маъмурий кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Президент қарори билан Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссияси иш бошлади. Комиссиянинг вазифаси — ҳолатларни ўрганиб, вазирлик ва идоралар вазифаларини белгилаб, мувофиқлаштириш.
Юқорида статистика келтирилди, лекин ўлим ҳолатларининг камайишига эришдик биз. Ҳар бир ЙТҲ таҳлил қилинади. Объектив сабаблар 48 фоизни ташкил қилса, субъектив сабаблар 51,4 фоизни ташкил этади. 16,9 фоиз ҳолатда тезликни ошириш сабаб бўлган. Энди шаҳарларда тезлик 70 дан 60 га туширилди, бу ҳам оқибатларни камайтиришга олиб келади.
Носиржон Зокиров, “TRANSKASB” корхоналар уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари, эксперт:
— Статистикани кўриб чиқдим. Бир нарса эътиборимни тортди, 1115 нафар инсон ҳалок бўлган бўлса, шундан 1078 нафари хавфсизлик камарини тақмаганлик оқибатида деб берилган, лекин бунда 500 га яқин пиёдалар ҳам бор эди-ку. ЙТҲлар 11 фоизга, ўлимлар эса 12 фоизга ошган. Биз оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашишимиз керак. Ҳар бир ҳолатни ўрганиб, аниқ таҳлиллар қилиш керак. Бундай маълумотлардан одам даҳшатга тушади.
Яқинда Россияда икки велоспортчи қизни юк машинаси уриб кетиб, ҳалок бўлди, билсак, рулда ўзбекистонлик йигит бўлган, ухлаб қолган экан. Бундан ташқари, яқинда Сирдарёда Самарқандга қатновчи автобус ҳайдовчиси ҳам ухлаб қолган, 30 ёшли йўловчи вафот этди. Қонунчилик шундай бўлиши керакки, ҳайдовчи ухлаб қолмаслиги керак, яъни дам олиши ҳам белгиланиши зарур. Транспорт воситасини бошқариш ва дам олиш меъёрлари ҳам назорат қилиниши лозим.
Эрали Бозоров:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 482-сонли қарорида ҳайдовчиларнинг дам олиши, қанча вақт бошқариши мумкинлиги кабилар таъкидлаб ўтилган. Транспорт вазирлиги лицензия беришдан олдин тахограф мосламасини ўрнатишни талаб қилиши керак.
Биз сабабларни ўрганишда давом этяпмиз. Тўғри, ҳали талаб даражасида эмасдир, аммо тўхтаб қолингани йўқ. Олдин ЙТҲлар ҳақида жамоатчиликка очиқ маълумот берилмасди, яқин йиллардан бошлаб очиқланяпти. Бу ҳам аҳолига профилактик маълумот бўлиб хизмат қилади. Афсуски, кўп ҳайдовчиларимиз фақат жарималардан қочиш учун қоидаларга амал қилади, ўзи ва йўловчилар хавфсизлиги учун эмас. Дейлик, хавфсизлик камари биринчи навбатда ҳайдовчининг ўз ҳаёти учун керак. Ўтган 7 ой давомида хавфсизлик камарисиз ҳаракатланган 217 мингдан ортиқ ҳайдовчи аниқланди, салкам чорак миллион. Умумий қоида бузишлар 7 ой ичида 7 млндан ортиқ, жуда катта рақам бу. Республикамиздаги транспорт воситаларнинг ўзи 4,3 млндан ортиқ.
— Статистикада 1115 киши вафот этгани айтилган. Лекин уларнинг қанчаси йўловчи, пиёда ёки ҳайдовчилар экани айтилмаган. Шу ҳақида маълумотлар борми?
Эрали Бозоров:
— Бунинг ичида пиёдалар ўлими 400 тани ташкил қилади. Юқорида айтганимдек, ҳар бир ҳолат таҳлил этилади. Статистикани бундай рақамларда олиб бориш тўғри, лекин жаҳон тажрибасига кўра, ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган ЙТҲ ҳисобланади. Ўтган 7 ойда ҳар 100 минг кишига 13,1 та транспорт ҳодисаси тўғри келади. Марказий Осиё давлатлари ичида энг яхши кўрсаткич, МДҲ давлатлари ичида эса Озарбойжондан кейин 2-ўринда турамиз. Ўлим ҳолатлари 100 минг аҳолига 2,8 тадан, жароҳат олганлар 100 мингдан 10,3 тадан тўғри келмоқда, 7 ойлик статистика бу.
— "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида оқибати жиддий бўлган ЙТҲларни 1,5 баробаргача камайтириш кўзда тутилган. Бу борада вазирликда, ЙҲХХда аниқ режалар борми, буни қандай амалга оширмоқчи?
Эрали Бозоров:
— Бу борада ишлар бошланган. Илгари ЙПХ ходимлари фақат катта кўчаларда иш олиб борарди, энди эса маҳаллаларда, кичик тармоқ йўлларида ҳам ишлаяпти. Яқинда президентимиз Фарғона вилоятида ўтказилган йиғилишда ходимларни маҳаллаларда ишлатиш ҳақида таъкидлаб ўтди. Бизда ҳозир квадрат тизими қилинган, бир квадратга 2-3 та маҳалла кириши мумкин. Битта масъул ходим бириктирилиб, профилактика ишлари олиб боради, ҳаракат хавфсизлигига қарайди.
Йўл инфратузилмаси ҳам муҳим масала. Бу бўйича ўз таклифларимизни берганмиз. Автомобиль йўллари қўмитаси билан ишлаяпмиз. Шароит яратмасдан туриб ҳайдовчилардан талаб қилавериш ҳам тўғри эмас.
Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
18:39 / 20.11.2024
2024 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга газ экспорти 5 баробар ошди
16:02 / 20.11.2024