АҚШнинг ишонган техникаси: «Жанговар Лочин» – F-16 қирувчи самолётларининг яратилиши тарихи
2022 йил февралда Россия Украинага бостириб киргандан буён энг кўп муҳокама бўлган мавзулардан бири — АҚШда ишлаб чиқарилган F-16 самолётларининг Украинага бериш масаласи бўлмоқда. Украиналик пилотлар бу самолётни бошқариш бўйича ўқитилмоқда. Хўш, бу ҳарбий учоқлар қачон яратилган ва қандай афзалликлари бор?
Агар АҚШнинг қуролланиш тарихига қаралса, Вьетнам урушидаги мағлубиятдан сўнг америкаликлар ҳарбий харажатларни кескин ошириб, янги ҳарбий техникалар яратиш учун жиддий ҳаракатлар бошлаганини кўриш мумкин.
Кейинчалик, энг муваффақиятли лойиҳалардан бири деб топилган F-16 самолётлари ҳам айнан ўша даврда, 1970-йиллар иккинчи ярмида тайёрланган эди.
Хўш, шу пайтгача турли шов-шувларга сабаб бўлган F-16 самолётлари қандай техника? Унинг қандай имкониятлари бор? Қуйида шу ҳақда ва самолётнинг ишлаб чиқарилиши тарихи тафсилотларини эслаб ўтамиз.
F-16 илк бор 1974 йилда АҚШнинг General Dynamics компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Бироқ кўп ўтмай компания ўзининг авиасаноат бизнесини Lockheed Corporation компаниясига сотиб юборади.
Бу компаниянинг номи кейинчалик Lockheed Martin деб ўзгартирилган ва F-16 самолётлари ва уларнинг кейинги авлодларини шу компания ишлаб чиқариб келмоқда.
F-16 тарихи
1972 йил 6 январ куни АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учун F-16 енгил қирувчи (Light Weight Fighter) самолётларини ишлаб чиқариш бўйича танлов эълон қилинади.
Тез орада танловга бешта – Northrop (иккита лойиҳа), Boeing, General Dynamics, Lockheed ва LTV авиасаноат корхоналари ўз лойиҳаларини тақдим этади.
Саралаш босқичида General Dynamics компаниясининг YF-16 ва Northrop компаниясининг YF-17 лойиҳалари ғолиб деб топилади. Улар билан 39,1 ва 38 млн долларлик шартнома имзоланади.
1972 йил 2 декабр куни АҚШ ҲҲК қўмондонлиги палубадан учирилиб қўндириладиган қирувчи-тутувчи самолёт (Naval Fighter Attack Experimental) ишлаб чиқариш учун конкурс ҳайъатига шартли YF-16 ва YF-17 деб номланган самолётлар лойиҳаларини тақдим этади.
1974 йил 2 октябр куни General Dynamics ва McDonnell Douglas/Northrop конструкторлар жамоаси ҳамкорлик ҳақида келишув имзолайди.
1975 йил 13 январ куни АҚШ ҲҲК қўмондонлиги ғолиб лойиҳани эълон қилади. Бу General Dynamics компаниясининг YF-16 модели эди.
YF-16 самолётининг илк синов нусхаси биринчи марта 1974 йил 21 январ куни ҳавога кўтарилади. Орадан 11 кун ўтгач 2 феврал куни унинг синов парвози муваффақиятли ўтказилади. Самолётга F-16А деб ном беришади.
1975 йилда F-16А самолётларини серияли тарзда ишлаб чиқариш бошланади. 1977 йилда икки ўринли F-16В самолётидан 15 дона ишлаб чиқарилади.
Шу тариқа АҚШ ҲҲК турли манёврлар билан ҳаво устунлигига эришиш учун мўлжалланган, тахминий тезлиги М = 2 бўлган биринчи самолётга эга бўлади.
Самолётни ишлаб чиқаришда фойдаланилган инновациялар қаторига қуйидагилар киради:
- учувчи атрофни яхшироқ кузатиши учун томчи шаклидаги соябон – ойна том;
- ён бошқарув тугмаси;
- учувчига ортиқча юкларнинг таъсирини камайтириш учун букланадиган ўриндиқ;
- ҳавога осон кўтарилиш ва вертикал манёврлар қилиш учун тортишиш кучи ва оғирлик нисбати мукаммал даражада қилинади.
F-16ʼларни ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бу турдаги самолётларнинг олдингиларига қараганда анча осон эди.
Самолёт мукаммал бўлиши учун F-16 корпусини ишлаб чиқаришда турли материалларнинг улуши қуйидагича эди:
- Авиация алюминий қотишмалари – 80 фоиз;
- Пўлат – 8 фоиз;
- Композит материаллар – 3 фоиз;
- Титан қотишмалари - 1,8 фоиз;
- Бошқа материаллар - 7,2 фоиз
Самолёт радарларга чап бериши учун бир қатор ишлар қилинади. Жумладан, F-16 Blok 25 модификациясидан бошлаб учувчи кабинасидаги чироқ қопқоғи юзасига юпқа тилла суви югуртирилади. Натижада юқори частотали нурланиш кабина ичига кирмасдан бир текис тарқалади.
Кейинчалик самолётнинг кейинги модификацияларида яна кўплаб ишлар қилинади, бироқ тафсилотларнинг барчаси сир сақланади. Самолётга Pratt & Whitney F100 турбодвигатели ўрнатилган.
F-16 модификациялари
Илк F-16 ясаб чиқилгандан бошлаб 2010 йилларгача ушбу самолёт мукаммаллаштириб келинади ва ҳар бир ўзгаришдан сўнг унинг модификациялари алоҳида рақам олган.
Умумий ҳисобда F-16 самолётларининг ўндан ошиқ модификациялари бор. Улар қуйидагилар:
- Block 1 – бу самолётнинг илк парвози 1978 йилда ўтказилган;
- Block 5 — бу модификациядан 201 дона ишлаб чиқарилган;
- Block 10 — бу модификациядан 1980 йилгача 312 дона ишлаб чиқарилган;
- Block 15 — бу модификация F-16 самолётлари орасида энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Унинг илк парвози 1981 йилда ўтказилган. Самолётга AN/APG-66 радари ўрнатилган. Учувчи кабинасига илк марта совитиш тизими (кондиционер) ўрнатилади. Ушбу самолётдан 14 йил давомида 983 дона ишлаб чиқарилган;
- Block 15 OCU (Operational Capability Upgrade) – Block 15 модификациясининг янада яхшиланган варианти. Бу самолётдан 217 дона ишлаб чиқарилган;
- Block 20 – бу самолёт 150 F-16OCU самолётининг модернизация қилинган варианти бўлган;
- Block 25 – бу самолётнинг илк парвози 1984 йилда ўтказилган. Унга кўплаб янги деталлар қўшилган. Шу сабабли самолётнинг оғирлиги аввалгиларидан 2 тоннага ошган;
- Block 30/32 – 1985 йилдан 1989 йилгача ишлаб чиқарилган. Уларга янги авлод двигателлари ўрнатилган. Бу самолётлардан жами 733 дона тайёрланган;
- Block 40/42 – 1989 йилдан 1995 йилгача жами 615 дона ишлаб чиқарилган. Кейинчалик, 199 йилда Миср учун ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилган. Жами 615 дона ишлаб чиқарилган;
- Block 50/52 – 1990 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача 830 дона тайёрланган;
- Block 60 – бу самолёт ҳам аввалгилари каби барча замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Block 60 модификациясидан фақат Бирлашган Араб Амирликлари учун 80 дона ишлаб чиқарилган;
QF-16 – 2010 йилда АҚШ ҲҲК Boeing компанияси билан QF-16 деб номланган модификациядаги янги авлод самолётларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолайди. Бу самолёт АҚШ ҲҲК таркибида бўлган эски самолётларни алмаштириш учун ишлаб чиқарилган. 2013 йилда ушбу самолёт илк парвозини амалга оширган.
F-16 самолётларининг характеристикаси
F-16 самолётларининг аксарият модификацияси ишлаб чиқаришдан олиб ташланган. Ҳозирги кунгача фақат F-16С Block 50/52 ишлаб чиқарилмоқда.
Қуйида шу самолётнинг умумий техник характеристикасини кўриб чиқамиз:
- Экипаж – 1 киши (2 киши бошқарадигани ҳам саноқли чиқарилган ва кейинроқ улардан фойдаланиш тўхтатилган);
- Узунлиги – 15 метр;
- Қанотларнинг узунлиги – 9,45 метрдан;
- Баландлиги – 5,09 метр;
- Оғирлиги – 9 358-9 466 кг;
- Парвоз вақтидаги оғирлиги (ракета ва қуроллар билан бирга) – 21 772 кг;
- Ёқилғи сиғими – 3 986 литр;
- Максимал тезлиги – соатига 2178 км;
- Чиқа оладиган юқори баландлиги – 15 240 метр;
- Чиқа оладиган энг юқори баландлиги – 18 500 метр
F-16 самолётлари:
- «Ҳаво-ҳаво» русумидаги AIM-7, 6xAIM-9, 6xAIM-120, AIM-132, Python 3, Python 4, Derby, Sky Flash, Magic 2 ракеталари;
- «Ҳаво-Ер» русумидаги 6xAGM-65A/B/D/G, AGM-45, 2xAGM-84, 4xAGM-88, AGM-154 JSOW, AGM-158 JASSM, Penguin Mk.3 ракеталари;
- 4xGBU-10, 6xGBU-12, GBU-15, GBU-22, GBU-24, GBU-27, 4xGBU-31 JDAM бомбалари;
- WCMD): CBU-103, CBU-104, CBU-105 кассетали бомбалари;
- Эркин тушувчи Mark 82, 8xMark 83, Mark 84 бомбалари билан жиҳозланади.
Умумий ҳисобда F-16 самолётларидан 5 минг донага яқин ишлаб чиқарилган. Уларнинг бир қисми АҚШ ҲҲК таркибида бўлса, қолганлари дунёнинг кўплаб давлатларига сотилган.
Илк ишлаб чиқарилган пайтида F-16 самолётларининг нархи 4,5 млн доллар бўлган. Охирги пайтларда ишлаб чиқарилганлари 35 млн долларгача сотиляпти.
Бугун F-16 самолётларидан АҚШдан ташқари дунёнинг кўплаб давлатлари фойдаланади. Жумладан:
- Европада: Словения, Болгария, Норвегия, Италия, Туркия, Руминия, Португалия, Полша, Нидерландия, Дания, Греция, Белгия;
- Осиёда: Исроил, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Индонезия, Иордания, Ироқ, Тайван (Хитой Республикаси), БАА, Ўмон, Покистон, Жанубий Корея, Сингапур, Тайланд;
- Африкада: Марокаш, Миср;
- Жанубий Америкада: Венесуэла, Чили ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида F-16 самолётлари бор.
F-16 самолётлари дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлган урушларда, жанговар операцияларда қатнашган. Жумладан:
- 1980-йиллар бошида Ливандаги фуқаролар урушида;
- Туркия ва Греция ўртасида юз берган қуролли тўқнашувларда;
- 1980-йиллар бошида Покистон ва Ҳиндистон ўртасида юз берган қуролли тўқнашувларда;
- 1989 йилда АҚШ ҳарбийлари Панамага бостириб кирганда;
- 1990-йиллар бошида Венесуэлада;
- 1990 йилда Ироққа қарши ўтказилган «Саҳродаги бўрон» ҳарбий операциясида;
- НАТО таркибида Югославияни бомбардимон қилишда;
- 2001 йилда бошланган Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда;
- 2003 йилда АҚШ Ироққа бостириб кирганда;
- Суриядаги фуқаролар уруши пайтида;
- Туркиянинг курдларга қарши ўтказган ҳарбий амалиётларида;
- Саудия Арабистон ҲҲКнинг Яманда ўтказган ҳарбий амалиётларида қатнашган.
F-16 самолётлари бошқа давлатларда ҳам йиғиладими?
АҚШ НАТОдаги ҳамкорлик доирасида F-16 самолётларини ҳамкор давлатлар ҳудудида ишлаб чиқариш учун халқаро консорциум ташкил этган. Бу консорциумнинг штаб-квартираси АҚШда жойлашган.
Консорциумга Белгия, Дания, Нидерландия компаниялари билан бирга Британиянинг Fairey Aviation компанияси кирган. Томонлар талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ўзларига топширилган ишни бажаришади.
Жумладан, Нидерландиянинг Fokker компанияси иккита қанот ва унинг асосий корпусга бириктириладиган жойини, Белгиянинг SABCA компанияси самолётнинг дум қисми ва унинг атрофидаги деталларни ишлаб чиқаради.
F-16 самолётларига ўрнатиладиган F100 двигателларини эса Белгиянинг FN компанияси тайёрлаб беради.
Умумий ҳисобда самолётнинг 60 фоиз деталлари Европада ишлаб чиқарилади. Қолган асосий қисмлари АҚШдан келтирилади. Улар АҚШ ҲҲК қарашли Техас штатидаги Форт-Уэрте шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилади.
Европада F-16 самолётларини йиғадиган учта корхона бор. Уларнинг ҳар бири йилига 174 донадан самолёт ишлаб чиқариши белгиланган.
Бундан ташқари, Нидерландиянинг Fokker компанияси иккита қанот ва унинг асосий корпусга бириктириладиган жойини, Белгиянинг SABCA компанияси самолётнинг дум қисми ва унинг атрофидаги деталларни АҚШда йиғиладиган F-16 самолётлари учун ҳам тайёрлаб беради.
F-16 самолётлари Украинага ҳам бериладими?
2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага ҳужум қилиб, унинг ҳудудидан бир қисмини босиб олди. Шундан сўнг АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Украинага турли русумдаги қурол-яроғлар билан ёрдам бериб келмоқда.
Уруш бошланган буён Украина Ғарб давлатларидан тўхтовсиз равишда F-16 самолётларини беришни сўраб келади. Бу сўров ҳозирча қондирилмади.
Бироқ яқин келажакда Украина F-16 самолётларини олса керак. Чунки ҳозирда украиналик ҳарбий учувчилар Европа давлатларида F-16 самолётларини бошқариш бўйича малака оширмоқда.
Европа давлатлари F-16 самолётларини Украинага шунчаки бериб юбора олмайди. Бу самолётларга АҚШ эгалик қилади ва уларни Украинага топшириш учун улар расмий Вашингтондан рухсат олишлари керак. Вашингтон эса ҳозирча бу ишни ортга суриб келяпти.
2023 йил август ойида Украина президенти Володимир Зеленский украиналик учувчиларни ўқитиш якунлангандан сўнг Нидерландия Украинага 42 дона F-16 самолётларини беришини маълум қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Украина F-16 самолётларидан 2024 йилнинг баҳоридан бошлаб фойдалана бошлаши мумкин.
Мутахассислар Украина F-16 самолётларидан фойдалана бошлагач урушда устунликка эришиши мумкинлигини маълум қилишган. Буни эса вақт кўрсатади.
Ҳозир вазият шундайки, қайси давлат Украинага F-16 самолётларини берса ўрнига АҚШдан янги русумдаги F-35 самолётларини олади. Бироқ бунга аввал АҚШ рози бўлиши керак.
Украинага ҳанузгача F-16 самолётлари етказиб берилмаганига бир томондан учувчиларни ўқитиш сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан АҚШнинг розилигини олиш масаласи ҳам вақт талаб қилди.
Аксарият мутахассислар агар Украина F-16 самолётларини олса ҳаво жангида Россия билан тенглашиши, балки устунлик қилиши мумкинлигини айтишмоқда.
Чунки F-16 самолётларининг ҳаво ҳужумига қарши тизими жуда мукаммал бўлиб, ўзига учирилган ракеталарни анча олисдалигида пайқаб, уларга қарши чора кўра олади.
Қолаверса, бу самолётлар ўзига ортиладиган ракеталар билан жуда узоқдаги нишонларни ҳам аниқ мўлжалга ололади. F-16 самолётларининг ўз ҳудудини Россия босқинидан ҳимоя қилаётган Украина учун қанчалик фойдали бўлишини вақт кўрсатади.
Маълумот учун, АҚШнинг ўзи ҳозирги вақтда асосан F-35 самолётларидан фойдаланади. Бу самолётларнинг илк синови 2006 йилда ўтказилган. АҚШ ҳарбийлари ундан 2016 йилдан фойдалана бошлашган.
«Чақмоқ» деб номланган мазкур самолётдан шу пайтгача қарийб 1 000 дона ишлаб чиқарилган ва улар АҚШнинг дунёдаги жуда кўплаб ҳарбий базаларига жойлаштирилган. Самолётнинг нархи унинг жиҳозланишига қараб 200 млн долларга етади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024