Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олдимиздан оққан сувнинг қадри бўлсин — сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим вазифага айланмоқда
«Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ», деб ота-боболаримиз бекорга айтишмаган. Сувга эътибор, ундан тежаб фойдаланиш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз керак. Бироқ, сув йилдан йилга танқис неъмат бўлиб бораётганини ҳамма сезиб, кўриб, билиб турибди. Демакки, ундан оқилона фойдаланишгина келгусида сувнинг танқислигининг олдини олади.
Хўш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш учун нима қилиш керак?
Машҳур океаншунос Жак Ив Кусто «Ер — ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса танамизнинг қони», деган эди. Биламизки, томирдаги қон миқдори камайса ё таркиби бузилса, организм касалликка чалиниб, оғир аҳволга тушади.
Ҳозир бутун Ер юзида, хусусан, Ўзбекистонда сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш масаласи кун тартибида турибди. Бу борада мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, сув ресурслари билан боғлиқ турли сценарийлар ишлаб чиқилмоқда.
Глобал исиш натижасида, Тяншан ва Помир тоғларидаги абадий музликлар ҳажми камайиб, қишда кам қор ёғиши натижасида 2050 йилга бориб Марказий Осиё Ер юзидаги сув энг тақчил бўлган ҳудудлардан бирига айланиши проноз қилинмоқда. Табиийки, ичимлик сув ва суғориш учун дарёларда ҳам сув камроқ бўлади, кўпроқ ер ости сувларидан фаол фойдаланишга ўтилади.
Айни пайтда Ўзбекистонда марказлашган ичимлик суви таъминотининг 67 фоизи ерости сувлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Қайд қилинишича, 2014 йилга нисбатан 2022 йилда ер остидан сув олиш миқдори республика бўйича 30 фоизга ошган бўлса, айрим вилоятларда бу кўрсаткич жуда юқори. Республика ҳудудида 97 та ерости сув кони аниқланган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида сувга эҳтиёж ортиб бораётгани сабабли ер остидан сув олиш миқдори кескин ошган.
Ер ости сув конларидаги сув захиралари кўп йиллар давомида шаклланади ва улардаги сув чеклангандир. Мутахассислар хулосасига кўра, тасдиқланган миқдордан ортиқча сув олиш сув сатҳининг пасайиб кетишига ва бу захираларнинг бир неча йил ичида тугашига олиб келиши мумкин.
Натижада, ичимлик сув манбаси бўлган қудуқлар қурийди ва катта маблағлар ҳисобига қурилган ичимлик сув иншоотлари сув бермай қўяди.
Сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш ҳаётий заруриятга айланиб бормоқда.
Шу сабабли Президентнинг 2022 йил 7 декабрдаги 439-сон қарорига мувофиқ республикада ер ости сувларидан фойдаланиш ва қудуқ бурғилаш тизимини такомиллаштириш, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича назоратни кучайтириш, аҳоли орасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, ер ости сувларнинг камайиши ҳамда ифлосланишининг олдини олиш мақсадида тегишли ишлар ташкил қилинган.
Мазкур қарор билан ер ости сувлари сатҳи ва захиралари камайиб кетаётган 23 та туманда қудуқлар бурғилашга мораторий жорий этилган. Мораторий жорий этилган туманлар ушбулардир: Навоий вилояти Нурота тумани; Самарқанд вилоятининг Нуробод, Пайариқ, Иштихон, Ургут, Қўшработ туманлари; Жиззах вилоятининг Фориш, Зомин, Янгиобод, Шароф Рашидов туманлари; Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Кўкдала, Косон туманлари; Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ, Чуст, Янгиқўрғон туманлари; Фарғона вилояти Бешариқ тумани; Андижон вилоятининг Жалақудуқ, Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа, Избоскан туманлари.
Юқорида кўрсатилган туманларда ер ости сувлар сатҳи 5-15 метр тушиб кетган ва ушбу ҳолатни тиклаш учун қуйидаги чораларни амалга ошириш зарур:
- қудуқлардаги чўкма насосларни 5–15 метр чуқурроқ тушириш учун қўшимча сув қувурларини ўрнатиш;
- амалдаги насослар босимини 10–15 метр юқори насосларга алмаштириш ва ҳар бир қудуққа қўшимча 15–30 метр кабеллар ўрнатиш;
- насосларни чуқурроқ тушириш имконияти йўқ қудуқларни қайта бурғилаш ва жиҳозлаш (гидрогеологик хулосалар асосида) ишларни амалга ошириш;
- ер ости сув захираларини сақлаб қолиш мақсадида, ичимлик сув узатиш иншоотлари яқинидаги суғориш ва ичимлик сув билан боғлиқ бўлмаган қудуқларни «Ўзбекгидрогеология»ДУК хулосаси асосида тампонаж қилиш (ёпиш);
- тоғ-кон ва геология вазирлиги томонидан сув захиралари камайган ер ости сув конларини қайта баҳолаш ишларини олиб бориш.
Шу билан бирига, сувдан фойдаланиш маданиятини болалар орасида тарғибот қилиш мақсадида 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган журнал ўзбек («Томчивой») ва рус («Капелька») тилларида тайёрланиб, чоп этилди.
Республикадаги умумтаълим мактабларида ичимлик сув истеъмолини янада яхшилаш ва сувни асрашни тарғиб қилиш мақсадида очиқ дарслар, жумладан «Water time» дастури ташкил этилди. Бугунги кунга қадар мазкур дастурнинг 4 та сони тасвирга олиниб оммага эълон қилинди.
Ўзбекистон дунёдаги энг қурғоқчил мамлакатлардан биридир. Ҳудудимизнинг катта қисми чўл зонасида жойлашган, мамлакатдаги дарё ва кўллар йирик халқаро сув омборлари билан боғланган бўлиб, улардан бошқа мамлакатлар ҳам фойдаланади.
Сув ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлмаслик сув ҳавзаларининг камайиб кетиши ва ифлосланишига олиб келиши мумкин, бу эса мамлакатнинг экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Ифлосланган сув манбалари инсон ва ҳайвонлар саломатлигига таҳдид солиши ва экотизимларни бузиши мумкин.
Шу боис сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш муҳим заруратдир. Акс ҳолда келажак авлод бу муҳим ресурсдан маҳрум бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
20:43 / 11.05.2025
Олимлар Марс қаърида улкан кўл борлигини аниқлади
12:15 / 28.04.2025
Фарғонада 1 майдан ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи ошади
21:21 / 05.04.2025
Қозоғистон Ўзбекистондан суғориш учун 12,6 миллиард куб метр сув олди
10:06 / 04.04.2025