Ҳалокатдан омон қолганлар: фуқаро авиациясида носозлик туфайли ғайриоддий қўнишни амалга оширган самолётлар
Ҳар куни осмонга минглаб йўловчи самолётлари кўтарилади. Айрим ҳолларда улар билан кўнгилсиз ҳодисалар ҳам содир бўлиб туради. Бундан бир неча кун олдин ана шундай воқеалардан бири Россияда кузатилди. Носозлик кузатилган йўловчи самолёт буғдой даласига қўнишга мажбур бўлди. Ушбу материалда турли носозликлар туфайли ғайриоддий қўндирилган самолётлар тарихини ҳикоя қиламиз.
2023 йил 12 сентябр куни «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли Airbus-A320 Сочидан Омск шаҳрига парвоз қилаётганида носозлик кузатилади.
Энг яқин захира аэродроми Airbus-A320 парвоз қилаётган жойдан 180 км узоқликда экани маълум бўлгач, учувчилар самолётни очиқ далага қўндиришга қарор қилишади.
Airbus-A320 Новосибириск вилоятидаги буғдой даласига муваффақиятли қўндирилади. Самолёт бортида 161 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлиб, қўниш пайтида бир неча киши енгил жароҳат олади.
Мутахассисларга кўра, нархи 100 миллион доллардан ошиқроқ турадиган Airbus-A320 самолётини Новосибирскдаги буғдой даласидан бутун олиб чиқишнинг иложи йўқ.
Чунки самолёт далада қайта парвоз қила олмайди. Катта йўлдан узоқлиги учун уни тортиб чиқишнинг ҳам иложи йўқ. Самолётни фақат бўлакларга бўлиб олиб кетиш мумкин ва ундан эҳтиёт қисм сифатида фойдаланса бўлади.
Новосибирскдаги ҳодиса ягона эмас, 2019 йилда Россияда «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли яна бир йўловчи самолёти кунгабоқар даласига қўнишга мажбур бўлганди.
Москвадан Симферополга парвоз қилаётган Airbus-A321 ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қушлар галаси билан тўқнашади. Шунда улардан бири самолёт двигателига кириб кетиб, уни ишдан чиқаради.
Шундан сўнг учувчилар самолётни Москва вилоятидаги Рибинское қишлоғи яқинидаги кунгабоқар даласига қўндиришга қарор қилишади. Airbus-A321 бортида бўлган 233 кишидан (226 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси) қарийб 100 нафари тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Кейинчалик суриштирувлар давомида учувчиларнинг кунгабоқар даласига қўнгани тўғри қарор бўлгани, акс ҳолда самолёт ҳалокатга учраб барча ҳалок бўлиши мумкинлиги эътироф этилади. Икки нафар учувчи давлат мукофоти билан тақдирланади.
Фуқаро авиациясида турли носозликлар билан боғлиқ бундай ноодатий қўнишлар онда-сонда содир бўлиб туради. Қуйида ана шундай ҳодисалардан энг машҳурларини келтириб ўтамиз.
10. Ўлим билан беллашиш. 1988 йил 31 декабр, СССР.
1988 йил 31 декабр куни Калининград-Одесса йўналиши бўйлаб парвоз қилган Ту-134 самолёти учувчилари янги йилни кутиб олиш учун шошилаётган эди.
Шу сабабли улар Одесса аэропортига қўнишда шошқалоқликка йўл қўяди. Самолёт қўнаётганда ундаги асбоблар Ту-134 меъёрдан тез учаётганини кўрсатаётган бўлса ҳам, учувчилар парво қилмайди. Чунки бундай ҳолат аввал ҳам бўлган ва улар самолётни муваффақиятли қўндиришганди. Бироқ бу сафар ундай бўлмайди.
Ўшанда самолёт учиш-қўниш йўлагига соатига 330 километр ўрнига 425 километр тезликда тушади ва меъёрдан анча тез ҳаракатланади. Оқибатда самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетади. Учувчлар уни аэропорт четига етиб борганда зўрға тўхтатишга улгуришади.
Самолёт бортида бўлган 76 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси мўъжиза туфайли омон қолади. Агар самолёт яна бир неча ўн метр ҳаракатланганда у ҳалокатга учрар ва бунинг оқибати аянчли тугаши мумкин эди.
9. Вулқон устидан учиш. 1982 йил 27 июн, Индонезия.
1982 йил 24 июн куни British Airways авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 самолёти Лондон-Бомбей, Куала-Лумпур-Перт-Мелбурн-Окленд йўналиши бўйича парвоз қилаётиб, Индонезия осмонида ноқулай вазиятга тушиб қолади.
Самолёт Куала-Лумпур аэропортидан ҳавога кўтарилгач, бир неча минутдан сўнг учувчилар эътиборсизлиги ортидан Индонезиянинг Ява оролида жойлашган ҳаракатдаги Галунггунг вулқони тепасига бориб қолади.
Шу пайтда вулқондан чиқаётган иссиқ тафт туфайли самолёт фюзелажи қизиб кетади. Унинг салонига ёнган олтингугуртнинг заҳарли ҳиди кира бошлайди. Самолётда 248 йўловчи, 15 нафар экипаж аъзолари бўлган.
Самолёт экипажи аввалига вулқон устидан учаётганини умуман сезмайди. Кўп ўтмай вулқондан чиқаётган кул аввалига самолёт фюзелажини қоплайди. Сўнг двигателларга ҳам кириб кетади ва улар ўчиб қолади.
Двигателлари ўчган самолёт қоронғида денгиз тепасида учар, рўпарада эса Ява ороли қирғоғидаги тоғлар кўриниб турарди. Учувчилар зудлик билан қарор қабул қилишлари керак эди – самолётни океанга қўндириш ёки катта таваккал қилиб, тоғлар чўққиларидан ошиб, аэропортга етиб бориш.
Шу пайтда учувчилар самолётдаги тўртта двигателдан учтасини ишга туширишга муваффақ бўлишади ва самолётни Жакартадаги аэропортга қўндиришади.
8. Тайгадаги мўъжиза. 2010 йил 7 сентябр, Россия.
2010 йил 7 сентябр куни Ёқутистоннинг Удачний шаҳридан Москвага парвоз қилган Ту-154 самолёти мўъжиза туфайли аянчли ҳалокатдан қутулиб қолади. Ўшанда унинг бортида 72 йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзолари бор эди.
Парвоздан 3,5 соат ўтиб, самолётда тўсатдан электр таъминоти йўқолиб қолади ва Ту-154 даги барча ускуналар ўчади. Оқибатда ёқилғи насослари ҳам ишламай қолади. Шунингдек, диспетчерлар билан ҳам алоқа йўқолади.
Ўша пайтда самолётда ёқилғи насосисиз ҳам фойдаланса бўладиган 3 300 литр оператив ёқилғи бор эди. Учувчилар захира генераторни ишга тушириш учун самолётни 3 300 метргача пастлатишади.
Оператив ёқилғи бор-йўғи ярим соатга етади ва бу вақтда учувчилар носозликни бартарф эта олмайди. Шу пайтда улар тўсатдан Коми Республикасида жойлашган Ижме қишлоғи яқинидаги захира аэродромини кўриб қолиб, шу ерга қўнишга қарор қилишади.
Бу аэродромда учиш-қўниш йўлаги бор-йўғи 1 300 метр бўлиб, Ту-154 қўниши учун камида 2 500 метрлик учиш-қўниш йўлаги керак эди.
Учувчиларда бошқа танлов бўлмагани учун улар таваккал қилишга қарор қилади ва самолётни Ижмедаги аэродромга муваффақиятли қўндиради. Фақат самолёт учиш-қўниш йўлакчасидан чиқиб кетиб, 164 метр масофада буталардан иборат ўрмон ичига кириб кетади.
Йўловчилар ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким жароҳат олмайди. Суриштирувларда учувчилар тўғри йўл тутган деб топилади ва уларга давлат мукофотлари топширилади.
7. Гудзон мўъжизаси. 2009 йил 15 январ, АҚШ
2009 йил 15 январ куни Airbus A320 самолёти Нью-Йорк-Сиэтл йўналиши бўйлаб парвозни бошлайди. Парвоздан 1,5 минут ўтиб, самолёт Нью-Йорк тепасида 975 метр баландликда бўлганида қушлар галасига дуч келади.
Шунда самолёт двигателларига қушлар кириб кетади ва улар ишдан чиқади. Вазиятдан хабар топган диспетчерлар учувчиларга Нью-Жерси штатидаги Тетерборо ёки Ньюарк аэропортларидан бирига қўнишни буюради.
Бироқ улар диспетчерлар айтган аэропортларга етиб боришларига кўзи етмайди, бортида 150 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бўлган самолётни Гудзон дарёсига қўндиришга қарор қилади.
Самолёт дарёга қўнган вақтда сув совуқ бўлиб, оқибатда 83 нафар одам жароҳатланади. Шундан сўнг ҳодиса юзасидан суриштирувлар бошланади. Диспетчерлар буйруғига қулоқ солмаган экипаж командири Чесли Б. Салленбергерга қамоқ жазоси хавф солади.
Суриштирув давомида Airbus A320 симулятори билан уриниб кўрилганда самолёт Тетерборо ёки Ньюарк аэропортларигача етиб бориши мумкинлиги ойдинлашади.
Бироқ экипаж командири симулятордаги учувчилар ҳодисани олдиндан билиб ҳаракат қилгани, ўзи эса бир муддат нима қилишни билмай қолганини айтади ва инсон омилини инобатга олишни сўрайди.
Шундан сўнг симулятордаги учувчиларга 5 сония кам вақт беришади. Шунда улар иккала аэропортгача етиб боришга улгуришмайди. Чесли Б. Салленбергер оқланади. Бироқ ичига сув кирган самолёт яроқсиз ҳолга келади ва авиация музейига топшириб юборилади.
6. Нева дарёсига қўниш. 1963 йил 21 август, СССР
1963 йил 21 август куни бортида 45 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган Ту-124 самолёти Эстония пойтахти Таллин шаҳридан Москва томон парвоз қилади.
Самолёт ҳавога кўтарилгач экипаж командири унинг тумшуқ қисмидаги шасси охиригача ёпилмаганини пайқайди. Ёрдамчи учувчи шассини чиқариш учун роса уринади, бироқ эплай олмайди. Ўшанда Ту-124 Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига яқинлашиб қолганди.
Экипаж командири ортга қайтмоқчи бўлади. Бироқ Таллиндаги Юлемисте аэропорти диспетчери шаҳарни қалин туман қоплаганини айтиб, ортга қайтишга рухсат бермайди.
Шу билан бирга диспетчерлар учувчиларга Москвагача учишни ҳам тақиқлашади. Улар самолётдаги ёқилғи камайгунча парвоз қилишни ва сўнг Ленинграддаги Пулково аэропортига қўндириш лозимлигини айтади.
Самолёт шаҳар тепасида 750 литр ёқилғи қолгунча учади. Бу Пулковогача парвозга етарди. Бироқ Ту-124 у ерга етиб боролмайди.
Самолёт аэропорт томон кетаётганида тўсатдан унинг двигателлари тўхтаб қолиб, вазият таҳликали тус олади. Ана шундай вазиятда экипаж командири олдида самолётни Нева дарёсига қўндиришдан бошқа чора қолмайди.
Учувчилар дарёнинг ёйилиб оқаётган жойини танлаб, самолётни ўша ерга қўндиради. Дарҳол йўловчилар ва экипаж аъзолари эвакуация қилинади ва улардан ҳеч ким жароҳат олмайди.
5. Томи очилиб кетган самолёт. 1988 йил 28 апрел, АҚШ
1988 йил 28 апрел куни Гавай оролларидаги Хило шаҳридан Гонолули шаҳрига учаётган Aloha Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 737 самолёти билан аввал кузатилмаган иш содир бўлади.
Парвоз бошлангандан 23 дақиқа ўтганда тўсатдан самолётнинг бизнес-класс ва учувчилар кабинаси тепасида фюзеляжни ёпиб турган металл конструкция узилиб кетади.
Оқибатда самолётнинг том қисмида 35 метр квадрат жой очилиб қолади. Ўша пайтда самолёт 7,5 минг метр баландликда, соатига 530 километр тезликда парвоз қилар, тепада ҳаво ҳарорати - 45 даража совуқ эди.
Енгил кийинган одамлар кучли шамол билан урилаётган қаттиқ совуқда музлаб қолишади ва таналарининг айрим қисмларини совуқ уради. Учувчилар яқин атрофдаги Кахулиу аэропортига қўнишга қарор қилишади.
Самолётнинг томи узилиб кетганидан 11 дақиқа ўтиб, Boeing 737 аэропортга муваффақиятли қўнади. Ҳодиса туфайли йўловчилардан 65 нафари танасини совуққа олдириб, турли даражада тан жароҳати олади. Самолётдан отилиб чиқиб кетган стюардессанинг жасади топилмайди.
Суриштирувларда самолётдаги носозликка унинг фюзеляжини ўраб турган металл коррозияга учраб, занглаб емирилгани сабаб бўлгани аниқланади. Шундан сўнг самолёт ҳисобдан чиқарилади ва металлни қайта ишлаш корхонасига топшириб юборилади.
4. Шассисиз қўниш. 2016 йил 27 март, Қозоғистон
2016 йил 27 март куни Қизилўрда-Астана йўналишида парвоз қилган Bek Air авиакомпаниясига қарашли Fokker 100 самолёти пойтахт аэропортига етиб келганда унинг олд шассисида носозлик кузатилиб, улар очилмай қолади.
Учувчилар Астана тепасида 50 дақиқа учиб, шассини очишга уринади. Бироқ бунинг иложи бўлмайди. Самолётдаги ёқилғи тугаб борарди. Шу сабабли учувчилар уни шассисиз қўндиришга қарор қилади.
Қўниш муваффақиятли кечади ва самолёт бортида бўлган 116 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзосидан ҳеч ким жароҳат олмайди. Қўниш чоғида самолётнинг металл конструкциялари бетонга ишқаланиб, учқун чиқаради, бироқ ёнғин содир бўлмайди.
Орадан уч йил ўтгач Bek Air авиакомпаниясига қарашли бошқа бир Fokker 100 самолёти Олмаота аэропортидан ҳавога кўтарилиш чоғида ҳалокатга учрайди.
Оқибатда, самолёт 2 қаватли бинога бориб урилади ва унинг бортида бўлган ўнлаб одамлар ҳалок бўлади. Бошқалари жароҳатланади.
Шундан сўнг Қозоғистонда Fokker русумли самолётларнинг парвози бутунлай тўхтатилади. Мамлакатдаги асосий хусусий авиакомпания бўлган Bek Air’га берилган лицензия олиб қўйилади. Кўп ўтмай компания ўз фаолиятини тўхтатади.
3. Бурунсиз учган самолёт. 2017 йил 29 июл, Туркия.
2017 йил 29 июл куни Харков-Истанбул-Эржон (Бу шаҳар Шимолий Кипрда жойлашган) йўналишида парвоз қилган А-320 самолёти билан кутилмаган иш содир бўлади.
Харковдан учган Atlasjet Ukraine авиакомпаниясига тегишли самолёт Истанбулга қўнгач, у ердан Эржонга парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади.
Кўп ўтмай кучли дўл самолётнинг бурун қисмини узиб юборади. Бу пайтда у 1 500 метр баландликда эди.
Дўл шу даражада кучли ёғадики, ҳатто учувчилар кабинасидаги ойнани ҳам синдиради. Оқибатда улар ташқарини умуман кўра олмай қолишади. Шундан сўнг ортга, Истанбулга қайтишга қарор қилишади.
Учувчилар ённи кўрадиган ойнадан учиш-қўниш йўлакчасини кўриб, диспетчерлар ёрдамида самолётни амаллаб Истанбул аэропортига қўндиришади. Улар шу тариқа самолёт бортида бўлган 127 кишининг ҳаётини сақлаб қолади.
2. Самолётни экипаж командирсиз қўндириш. 1990 йил 10 июн, Британия.
1990 йил 10 июн куни Британиянинг British Airways авиакомпаниясига қарашли BAC 1-11 самолёти Бирмингемдан Испаниянинг Малага шаҳрига қараб парвоз қилади. Ўша куни унинг бортида 81 нафар йўловчи, 6 нафар экипаж аъзолари бор эди.
Парвоздан 13 дақиқа ўтгач самолёт Оксфордшир графлигида 5273 метр баландликда уча бошлайди. Шу пайтда самолёт кабинасининг чап томонидаги олд ойна фюзеляждан ажралиб чиқиб кетади.
Учувчилар кабинасига кирган кучли шамол экипаж командири Тим Ланкастерни креслосидан юлиб олади ва ташқарига тортади. Унинг оёғи штурвалга илинади ва борт кузатувчиси Найжел Огден учувчининг оёқларидан тутиб қолади. Унга борт кузатувчилари ёрдамга келади.
Кучли шамол Тим Ланкастернинг кийимларини юлқиб кетади ва ўзини фюзелажнинг том қисмига, учувчилар кабинаси тепасига юзи тепага қараган ҳолда ёпиштириб қўяди.
Бу пайтда самолёт учаётган баландликда ҳаво ҳарорати қарийб 20 даража совуқ бўлиб, кучли шамолда фюзелаж тепасига ёпишиб қолган экипаж командирининг тирик қолиши даргумон эди. Шу сабабли ҳамкасблари уни ҳалок бўлди деб ўйлайди. Бироқ у тирик эди.
Самолётни иккинчи учувчи Аластар Атчинсон бошқара бошлайди ва ердагиларга огоҳлантириш сигнали юборади. Унга Саутгемптон аэропортига қўнишга рухсат беришади.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, самолёт Саутгемптон аэропортига муваффақиятли қўнади. Дарҳол йўловчиларни эвакуация қилиш ишлари бошланади. Энг аввал экипаж командирини шифохона олиб кетишади. Шифокорлар учувчининг ҳаёти сақлаб қолинади ва олти ой ўтгач у ишига қайтади.
1. Бўронда қўнган самолёт. 2017 йил 6 октябр, Германия
2017 йил 6 октябр куни Дубай-Дюссельдорф йўналишида учган Emirates авиакомпаниясига қарашли А-380 самолёти учувчилари жуда Германияда жуда катта таваккал қилишади.
Улар Дюссельдорфда жуда кучли шамол эсиб, бўрон бўлиб турганига қарамасдан йирик самолётини шаҳар аэропортига қўндиришга қарор қилишади.
Ўша пайтда аэропорт ҳудудида шамол тезлиги секундига 22 метрни ташкил этиб, кўрувчанлик жуда паст бўлган.
Қўниш пайтида кучли шамол самолётни тебратиб юборади. Бироқ учувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, уни эсон-омон қўндиришга муваффақ бўлишади.
Маълумот учун, А-380 самолётларига 800 нафаргача йўловчи ўрни бўлиб, у дунёдаги энг йирик йўловчи самолёти ҳисобланади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
15:29 / 25.11.2024
Вилнюс аэропорти яқинида юк ташувчи Boeing қулаб тушди
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024