Жаҳон | 09:17 / 18.09.2023
6879
2 дақиқада ўқилади

Судан пойтахтида ҳокимият учун курашаётган кучлар ўртасида яна жанглар бошланди

Суданда апрел ойидан бери ҳокимият учун курашаётган мамлакат армияси ва тезкор ҳаракат кучлари ўртасида яна жанглар авж олди.

Фото: Reuters

Судан пойтахти Хартумда Судан армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида шиддатли жанглар қайта бошланди, деб хабар берди dpa ахборот агентлиги 17 сентябр, якшанба куни гувоҳларга таяниб.

Хартум ҳамда қўшни Баҳри ва Омдурман шаҳарларида оғир артиллерия ва ҳарбий самолётлар иштирокидаги жанглар шанба куни эрталабдан бери давом этмоқда. Судан армияси Хартум марказидаги армия штабига RSF ҳужумини қайтарганини ва RSF’нинг ўнлаб жангчиларини ўлдирганини билдирди. RSF йўқотишлар ҳақида изоҳ бермади.

Пойтахтдаги жанглар натижасида бир қанча бинолар, жумладан, нефт компаниясининг 18 қаватли минораси ёниб кетди, деб ёзади dpa. Тинч аҳоли орасидаги янги қурбонлар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Хартум маркази асосан эвакуация қилинган, бироқ унинг атрофидаги турар жойларда жанглар кетмоқда, деб ёзади dpa. 

Судандаги жанглар 

Давлат раҳбари Абдулфаттоҳ Ал-Бурхон бошчилигидаги Судан армияси ва ҳарбийлаштирилган Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги жанглар 15 апрелдан бери давом этмоқда. Ҳеч бир томон ҳалигача устунликка эришмади ва ҳокимиятни тўлиқ қўлга кирита олмади. Вақти-вақти билан томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб оляпти. 

БМТ маълумотларига кўра, 250 мингга яқин одам мамлакатни тарк этган, 840 мингдан ортиқ киши эса ички кўчирилганлар рўйхатида. Юзлаб тинч аҳоли вакиллари қуролли тўқнашувлар қурбони бўлди, минглаб одамлар яраланди. 

Мавзуга оид