Ўзбекистон | 09:00 / 18.09.2023
5942
7 дақиқада ўқилади
Реклама

UzcharmStyle-2023 халқаро танлови чармсаноат бозорида янги авлод дизайнерлари номини тақдим этди

Келажак чармсаноати учун энг яхши дизайнлар. Тошкент илк бор халқаро чармсаноат бозори учун ана шу мезонга асосан ёш иқтидорли дизайнерларнинг номларини тақдим этди. “Ўзчармсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси, Туркиянинг “Эге”, Грециянинг “Крит” университетлари ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамкорлигида бўлиб ўтган “UzcharmStyle-2023” биринчи халқаро ёш дизайнерлар танлови илк бор ўтказилишига қарамасдан ўз мавқейи ва номини халқаро дизайнерлик танловлари қаторига жойлаштирди.

Фото: Ўзчармсаноат

Кўргазманинг бош ташкилотчиси “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев халқаро танлов ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:

- "Мазкур танлов ўтган йилларда республика бўйлаб ўтказиб келинар эди. Жорий йилда у халқаро мақомни олди. Мақсадимиз мамлакатимиз ҳамда жаҳон чармсаноатига янги авлод дизайнер ва технологларини етказиб бериш ҳамда уларнинг ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Танловга келиб тушган ижодий ишларда энг аввало соҳа учун янги ечимлар, инновацион ғоялар ҳукмрон. Ўйлаймизки, мазкур халқаро танлов Ўзбекистоннинг ёш дизайнерлари ва уларнинг ишланмалари учун муҳим платформа бўлади".

Фото: Ўзчармсаноат

Халқаро танлов илк бор ўтказилишига қарамасдан унда иштирок этиш истагини билдирган ёшларнинг сафи кўп экани қувонарли холат. Ўзбекистондан ташқари, Россия, Қозоғистон, Туркиядан ҳам 100дан ортиқ аризалар келиб тушди. Ҳар бир йўналиш бўйича такрорланмас ижодни учратиш мумкин. Бу эса ўз-ўзидан катта рақобатнинг юзага келишига асос бўлди.

Ёш истеъдод эгалари соҳа келажагини ўз нуқтаи назарлари билан кўради. Янгилик киритишга ҳаракат қилади. Танловнинг дастлабки босқичида хорижий университетлар профессорлари, дизайнер ва технологлари ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этиб барча ижодий ишларни диққат билан кўздан кечирди. Хусусан, Грециянинг Крит техника университети профессори, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Николаос Биласис танлов иштирокчиларининг ишларига баҳо берди.

Ёшларнинг маҳорати ва иқтидоридан ҳайратдаман. Ҳар бир ишда ўзига хослик ва янгилик бор. Ҳеч қайси детал ёддан кўтарилмаган. Мен ёшларни атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиб, “яшил” деб аталмиш йўналишда кўпроқ ишлашга чақираман. Бу билан уларда халқаро майдонда янада юқори мақомга эга бўлиш имконияти пайдо бўлади.

Фото: Ўзчармсаноат

Туркиянинг Эге университети профессори, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Арифи Жандаш Адигузел Зенгин танлов иштирокчиларининг кўзларида олов кўрганини қайд этди.

Ижодкор ўзига хос янгилик ўйлаб топиш иштиёқи билан ёниши жуда муҳим. Ўзбекистон ёшларининг ижобий маънода янгилик қилишга, интилишга ўчлигини юқори баҳолайман. Ёш дизайнерларнинг меҳнатини олқишлайман. Уларга келажакда муваффақиятлар тилаб қоламан. “Ўзчармсаноат” уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур танлов эса ёш истеъдод эгалари келажакни қайсидир маънода ўзгартирадиган, жамият ривожига ҳисса қўшадиган дизайнларни лойиҳалаш ва ўз ижодини ҳаётга татбиқ этишда ноёб имкониятдир.

Фото: Ўзчармсаноат

Мазкур танловда давлат идораларининг ўрни ва аҳамияти каттадир. Боиси, уларнинг қўллаб-қувватлови билан ёшлар янги марраларни тез эгаллайди. Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитасининг мазкур танловда ҳамкорлик қилиши ёш дизайнер қизлар учун яна бир имкониятдир. Қўмита вакилларининг сўзларига кўра танловда янги авлод дизайнерлари томонидан тақдим этилган ғоялар нафақат чармсаноат соҳасида брендларнинг яратилишига, балки Ўзбекистон дизайнерлар мактабининг янада ривожланишига хизмат қилади.

“UzcharmStyle-2023” биринчи халқаро ёш дизайнерлар танловнинг тақдирлаш маросими халқаро подиумларни эслатади. Фарқли жиҳат унда маҳоратлилар эмас, балки эндигина бу оламга қадам қўйган ёшларнинг ишлари тақдим этилмоқда. Келажакни кўра билиш, инновация ва интеграция, жамият эҳтиёжларини ҳисобга олиш. Халқаро танловнинг учта муҳим шарти айнан ушбу ижодий ишларда намоён.

Фото: Ўзчармсаноат

Халқаро танлов ғолиблари танлов ҳақида ўз фикрларини баён қилди. Хусусан, “Сергели саноат сервис” корхонаси ёш дизайнери Убайдуллаев Зикрилла “Энг яхши эркаклар пойабзал дизайни” йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Бу танлов унинг келгусидаги фаолиятида муҳимлигини таъкидлади.

Танловда иштирок этиш бу катта масъулият. Боиси, хорижлик мутахассислар ишланмаларимни кузатишди. Менга “Крит” университети профессорининг лойиҳаларим келажак авлодлар олдида турган глобал муаммоларга жавоб беришини, барқарор, бахтли келажак ривожланишига ҳисса қўшишда ўзига хос ва инновацион усулларда тақдим этилганини таъкидлагани катта ғурур берди. Хорижий танловларда ҳам қатнашишим кераклигини айтишди. Бу танлов менга катта ишонч ва ғурур беради.

“Энг яхши болалар ва ўсмирлар пойабзаллари дизайни” йўналиши ғолиби ТТЕСИ талабаси Ўткирхожаева Нозимахон мазкур танлов янгиликлар майдони эканлигини қайд этди.

Танловда илк бор иштирок этдим. Катта ҳаяжон ва ҳадик билан ишланмаларимни топширдим. Қарангки биринчи ўринга сазовор бўлдим. Ижодий ишларимнинг юқори баҳоланиши энг аввало танлаган соҳамга меҳримни янада оширди. Ҳайъат аъзоларининг бизга ишонч билдиргани, соҳадаги келгуси фаолиятимизга омад тилагани келажакда тармоқда янада ишонч билан ишлашимизга куч берди. Бизга берилган совғалар ҳам соҳамиз учун ўта мухим. Энди эскизларни қоғозда эмас, мана шундай компютерларда яратамиз. Танлов ташкилотчиларига миннатдорчилигимни билдираман.

Фото: Ўзчармсаноат

“Энг яхши мўйнадан тикилган кийимлар дизайни” йўналиши ғолиби, “Осиё мўйнаси” корхонаси дизайнери Филипова Ксения эса танловда иштирок этиш орзулари сари муҳим босқич эканини айтди.

Болалигимдан қоракўл ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида отамнинг ишларини кузатиб борар эдим. Бугун ўзим ҳам шу корхонада дизайнерман. Танловдаги иштироким орзуларим сари яна бир муҳим босқичдир. Менга билдирилган ишонч мақсадларим сари қўрқмасдан одимлашимга турки берди. Келгуси йилда ҳам танловда қатнашиб янада янги ишланмаларни тақдим этаман.

Фото: Ўзчармсаноат

Тақдирлаш маросимида ташкилотчилар ўйлаган ечимлар билан кесишадиган ва жамиятни турли шароитларда яхшилашга қодир бўлган қизиқарли дизайнларни айнан ушбу танловда учратиш мумкинлиги бот-бот янгради.

Фото: Ўзчармсаноат
Фото: Ўзчармсаноат

Маҳаллий ва халқаро ҳайъат аъзолари илк бор ўтказилган мазкур халқаро танловда еттита йўналишда мамлакатимиз чармсаноати учун янгиликлар олиб кирувчи 21 нафар ёш дизайнерларни танлаб олди. Уларга диплом, танлов статуэткаси ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид