Ўзбекистон | 20:44 / 19.09.2023
8967
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ҳокимиятларга коммунал хизматлар тарифларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди 

Шу билан бирга, куз-қиш мавсумида аҳоли учун иссиқлик таъминоти хизматлари нархини ошириб юбормасликни таъкидлади. 

Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятларга коммунал хизматлар тарифларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган. Қарор 1 октябрдан кучга киради. 

Қарорда Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳри ҳокимиятларига иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация хизматлари, шаҳар йўловчи транспортида (таксилардан ташқари) йўловчиларни ташиш хизматлари учун янги тарифларни белгилашни тавсия қилган. Шу билан бирга, куз-қиш мавсумида аҳоли учун иссиқлик таъминоти хизматлари нархи ошиб кетмаслиги қайд этилган. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тарифларни қайта кўриб чиқишда нархларнинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик топшириғи берилган. 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига 2023 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларни қайта кўриб чиқиш топширилган:

- табиий газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сотиш тарифларини ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш тарифларини;

- электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчиларидан ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибини;

- темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хизматлари ва бошқа тарифларни. 

Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархи ошади. Аҳоли учун эса тарифлар ўзгаришсиз қолган. 

Мавзуга оид