Ўзбекистон | 15:10 / 20.09.2023
9450
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев: Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлаймиз

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини таъкидлади. 

Фото: Kun.uz

«Биз Озарбойжоннинг барча соҳаларда, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз. Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилишда барча қийинчиликларга қарамай олиб бораётган адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз, ҳукумат ва халқнинг қатъиятини олқишлаймиз. 

Ишончим комилки, Озарбойжон яқинда Қорабоғни дунёнинг энг жаннатмакон ҳудудларидан бирига айлантиради, Шуша унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари учун эса қучоғини очиб, бутун дунёдан меҳмонларни кутиб олади», — дея таъкидлади Сафоев.

Аввалроқ, сентябр ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорабоғда ўтказилган сайловлар юзасидан баёнот берганди.

«Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбойжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябр куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди», — дейилган баёнотда.

Маълумот учун, кеча, 19 сентябр куни Озарбойжон Қорабоғда маҳаллий аксилтеррор тадбирларини бошлади.

Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 2020 йил 10 ноябрда имзоланган Уч томонлама баёнот қоидаларини бузган ҳолда, Арманистон қуролли кучларининг Озарбойжоннинг Қорабоғ иқтисодий ҳудудида бўлиши минтақада тинчлик ва барқарорликка таҳдид манбаси эканлигини бир неча бор таъкидлаган. 

Бугун, 20 сентябр куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан (Тошкент вақти билан 14:00) ўт очишни тўлиқ тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Келишув доирасида, Тоғли Қорабоғда қолган арман ҳарбийлари минтақадаги «Россия тинчликпарвар контингенти жойлашган зонадан» олиб чиқилади, тан олинмаган республиканинг қуролли бўлинмалари тарқатиб юборилади ва оғир техникалар олиб кетилади.

21 сентябрь куни Евлах шаҳрида Тоғли Қорабоғнинг арман аҳолиси вакиллари ва Озарбойжон ҳукумати вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

 

Мавзуга оид