Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Рамштайн» иштирокчилари Украинага узоқ муддатли ёрдам ваъда қилди
Украина иттифоқчилари мамлакатга узоқ муддатли ёрдам ҳақида ваъда берди ва Киев яқин келажакда оладиган янги қуролларни муҳокама қилди.
Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг ўн бешинчи йиғилиши («Рамштайн» формати) Украинани «узоқ муддатда ишончли ва қобилиятли жанговар кучларни» яратишда қўллаб-қувватлашга бағишланди, деди 19 сентябр, сешанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин. 50 мамлакатдан келган юқори лавозимли сиёсатчилар ва ҳарбий амалдорлар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Германиядаги базасида учрашиб, Украинанинг қарши ҳужумини муҳокама қилди. «Жасоратли украиналик аскарлар Россия армиясининг мустаҳкам чизиғини ёриб ўтмоқда, вақт эса Россия томонида эмас», дея таъкидлади Пентагон раҳбари.
Ўз навбатида, Германия Мудофаа вазирлиги қошидаги парламент давлат котиби Симте Мёллер яқин ойлар совуқ ҳаво ва ёмғирли мавсум бошланиши сабабли Украина Қуролли кучлари учун «жуда оғир» бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Германия жорий йил охиригача 10 минг украиналик ҳарбийни тайёрлаш ниятида. Германия мудофаа вазири Борис Писториус коронавирусга чалингани учун сўнгги дақиқада учрашувдаги иштирокини бекор қилди. Бир кун олдин у Берлиннинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди - 400 миллион евролик. Симте Мёллер учрашув чоғида ушбу пакетга биринчи навбатда ўқ-дорилар, шунингдек, қишки формалар ва электр генераторлари киришини таъкидлади.
«Рамштайн» учрашувида илк бор Украинанинг янги мудофаа вазири Рустем Умеров иштирок этди. Ллойд Остин сентябр ойи бошида лавозимидан четлатилган собиқ вазир Олексий Резниковга «қаттиқ меҳнати ва фидойилиги» ҳамда «эркин Украина учун қилган барча ишлари» учун миннатдорчилик билдирди.
«Рамштайн» иштирокчилари Украина учун қуролларни муҳокама қилди
АҚШ мудофаа вазири Американинг M1 Abrams танклари яқин орада Украинага етиб боришини маълум қилди. Жорий йил бошида Вашингтон Киевга 31 та танк топширишга ваъда берган эди. АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори AFP агентлигига учрашув чоғида М1 Abrams’нинг биринчи партияси «яқин кунларда» Украинага жўнатилиши ва жараён яқин бир неча ҳафта ичида якунланишини айтди. Танклар 120 мм калибрли зирҳни тешувчи кам бойитилган уранли ўқ-дорилар билан жиҳозланади. Ллойд Остин, шунингдек, иттифоқчиларни Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ракеталарни етказиб беришга алоҳида эътибор беришни давом эттиришга чақирди.
Чехия, Дания ва Нидерландия Украинага янги қурол-яроғ етказиб беришини эълон қилди, жумладан, Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган 15 та модернизация қилинган Т-72ЕА танклари, шунингдек, зирҳли транспорт воситалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дорилар топширилади.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025