Ўзбекистон | 23:51 / 20.09.2023
8236
1 дақиқада ўқилади

«Шарқ» нашриёти ва ЎзА бинолари сотувга қўйилди

Бинолари хусусийлаштириладиган йирик нашриёт ва ахборот агентлигининг ўзи бошқа жойга кўчирилади.

Тошкентдаги «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси шаҳарнинг Учтепа тумани, Катта Хирмонтепа кўчасида жойлашган янги бинога кўчирилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, бунга бино ва ишлаб чиқариш ускуналари маънан эскиргани, таъмирталаб ва яроқсиз ҳолатга келгани сабаб бўлган. 

Шу билан бирга, Миробод тумани, Буюк Турон кўчасида жойлашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) шаҳарнинг Миробод тумани, Матбуотчилар кўчасида жойлашган Матбуот уйига кўчирилади. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, ЎзА ва «Шарқ» нашриётига тегишли бинолар (умумий ер майдони 3,02 гектар, бино майдони 56,5 минг кв.м.) хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ оммавий аукционга қўйилган. Уларнинг негизида замонавий шаҳарсозлик талабларига мос келувчи ягона мулкий мажмуани барпо этилиши айтилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид