Жаҳон | 09:15 / 20.09.2023
5871
3 дақиқада ўқилади

Еревандаги намойишлар чоғида 30 дан ортиқ киши жароҳат олди

Ереван марказида Бокунинг Қорабоғдаги ҳаракатларига қарши норозилик намойишлари чоғида камида 34 киши, жумладан, 16 полициячи жароҳат олди, дея хабар бермоқда Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Фото: SCANPIX/AP/Vahram Baghdasaryan

19 сентябр, сешанба куни Озарбойжоннинг Қорабоғдаги аксилтеррор тадбирлари муносабати билан Ереванда бошланган норозилик намойишларида ўша куни кечга яқин камида 34 киши, жумладан, 16 полициячи жароҳат олган. Бу ҳақда Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Таъкидланишича, жабрланганлардан бири операция қилинган.

Арманистон ҳукумат биноси яқинида бошланган акциялар намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлди. Йиғилганлар полицияга шиша улоқтириб, бош вазир Никол Пашинянни «сотқин» деб атади, деб ёзади «ЧТД» Telegram-канали. Ўз навбатида, полиция шовқинли гранаталардан фойдаланган. 

Арманистон ҳукумати биноси яқинидаги чодирлар 

Baza Telegram-каналига кўра, намойишчилар бир кеча Еревандаги Республика майдонида қолишни режалаштирган. Арманистон ҳукумати биноси ёнида аллақачон бир нечта чодирлар ўрнатилган. Полиция чодирларни бузиб, намойишчиларни қўлга олишга ҳаракат қилмоқда. 

19 сентябр куни Берлиндаги Бранденбург дарвозасида Қорабоғдаги ҳаракатларга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди. Ўнга яқин фаоллар, жумладан, экология фаоли Аршак Макичян Германия пойтахти марказига Save Artsakh плакати билан келди. 

Қорабоғдаги операция

19 сентябр куни эрталаб Озарбойжон Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлари»ни эълон қилди ва тан олинмаган республика ҳудудини, жумладан, унинг пойтахти Степанакертни ўққа тута бошлади. Шу билан бирга, Боку арман қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва минтақада «режим ўзгаришини» талаб қилишини билдирди. Айни пайтда, Ереван Қорабоғ ҳудудида арман ҳарбийлари йўқлигини даъво қилиб, Озарбойжонни «этник тозалаш»да айблади. 

Арманистон ҳукумати Россия тинчликпарвар кучлари чоралар кўришини кутмоқда, деди Никол Пашинян.  

Арманистон ТИВ расмий вакили Ани Бадалян кейинроқ X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилганидек, 21 сентябр куни Қорабоғдаги вазият кескинлашуви бўйича жаҳон ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади. 

Россия, ЕИ ва АҚШ реакцияси 

Ўз навбатида Москва ҳам Бокуни, ҳам Ереванни қон тўкилишини тўхтатишга, дипломатияга қайтишга ва тинчликпарвар кучлар хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Европа Иттифоқи ҳарбий ҳаракатларни қоралади. Қўшма Штатлар минтақадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. 

Мавзуга оид