Ўзбекистон | 18:25 / 21.09.2023
13132
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида Face ID орқали тўлов синовдан ўтказилмоқда

“Буюк ипак йўли” метро бекатида йўлкира ҳақини ундиришнинг замонавий технологияси – йўловчилар юзини идентификациядан ўтказадиган қурилма синовдан ўтказиляпти. У орқали йўловчилар қоғоз чипта, АТТО ёки банк карталаридан фойдаланмай туриб тўлов қилишяпти.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент метросининг “Буюк ипак йўли” бекатида Face ID қурилмалари пайдо бўлди. Пойтахт метрополитени расмийларининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу FacePay тизими бўлиб, у орқали йўловчиларнинг юзини идентификациядан ўтказиш ва уларга масофадан тўлов қилиш имконияти яратилди. Яъни метродан фойдаланувчилар қоғоз чипта, АТТО ёки банк карталарини ишлатмай туриб, Face ID ёрдамида турникетдан ўтиб кетишлари мумкин.

Бу амалиёт АТТО (автоматлаштирилган тўлов тизими оператори) томонидан ҳозирча фақатгина шу бекатда ишга туширилган. Тажриба-синов муваффақиятли ўтса, бошқа метро бекатларида ҳам янги тўлов шакли жорий этилиши кутилмоқда.

Kun.uz қурилманинг қандай ишлашини тушуниш учун АТТО билан боғланди. Тизим раҳбарининг ўринбосари Абдуғофур Нурматовнинг айтишича, Face ID ишлаши учун аввало йўловчиларнинг юзи ҳақидаги маълумотлар қурилманинг базасига киритилиши лозим. Бунинг учун йўловчи АТТО махсус иловасига кириб, тегишли функцияни фаоллаштириш орқали ўз юзини сканерлаши керак.

Иловага кирилганда транспорт карта балансини кўрсатувчи панелнинг ўнг бурчагида FacePay тугмаси бор, шу тугма босилади ва йўловчининг юзи суратга олинади. Шундан сўнг, маълумотлар базасига унинг сурати қўшилгани, тизим фаоллаштирилгани ҳақидаги маълумот кўринади.

Кейин эса АТТО транспорт картасида пул бўлса, тўловни Face ID орқали амалга ошириш мумкин бўлади.Таъкидланишича, бу тизимни ишга тушириш учун Россиянинг VisionLabs компанияси билан ҳамкорлик қилиниб, унинг қурилмаларидан фойдаланилмоқда.

АТТО раҳбари ўринбосарига кўра, FacePay тизимидан кўплаб хориж мамлалакатларининг жамоат транспортида фойдаланиб келинади, улардан андоза олинган ҳолда бу амалиёт Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, масъулга кўра, юз орқали тўлов қилиш IOS қурилмалари ҳамда Андроид операцион тизимидаги гаджетларда ҳам ишлаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент метросининг айнан шу бекатида FacePay тизими аввал ҳам жорий этилганди. Аммо кейинроқ қурилмалар олиб ташланганди.

Мавзуга оид