Жамият | 15:52 / 21.09.2023
51823
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 7 ёшли қизга тегажоғлик қилган шахс 18 йилга қамалди

Ушбу шахс аввал ҳам вояга етмаганларга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлари учун судланган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагида 7 ёшли қизга уятсиз ҳаракатлар қилган 55 ёшли эркак 18 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар қилди.

2023 йил 20 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Х.А.га (1968 йилда Тошкент вилоятида туғилган, нафақада, муқаддам Жиноят кодексининг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 1-қисми билан судланган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг раиси Ш. Бакаев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Х.А. Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларида ўташи белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 июн куни соат 17:00 да Мирзо Улуғбек туманида (Мусаввирлар бекати) бегона эркак 7 ёшли қиз орқасидан подъездга киргани ва унга ҳужум қилгани акс этган видео тарқалганди. Эркак қизни қўрқитиб, рўпарадаги эшик олдига олиб бориб (кўча эшигидан биров кўриб қолмаслиги учун), қизга тегинган ва турли уятсиз хатти-ҳаракатлар содир этган. Эшик очилганда у воқеа жойидан қочиб кетади.

Фото: Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати

Вазиятдан хабар топган жабрланувчининг ота-онаси дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилади. 9 июн куни Тошкент шаҳар ИИББ гумонланувчи шахс ушланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид