Ўзбекистон | 18:30 / 23.09.2023
13268
3 дақиқада ўқилади

Наманганда 450 нафар бола касалланган, уларнинг 143 нафари тузалган — ССВ

Болалардан олинган таҳлиллар мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Ҳозирча болаларнинг заҳарланиши дори ёки овқатдан экани тасдиқланмаган.

Фото: Reuters

Наманганда охирги икки кун мобайнида болаларнинг касалланиш ҳолати билан боғлиқ 450 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг энг кўпи — 306 таси Чуст туманига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг (ССВ) ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди.

Республика ишчи гуруҳи раҳбари сўзларига кўра, болаларнинг заҳарланиши дори ёки овқатдан экани тасдиқланмаган. Улардан 143 нафари тузалган, қолганлари эса мунтазам назорат остида, аҳволи оғирлар йўқ.

«Хавотирларимиз асосан дори ёки овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ эди. Ҳозирча бу гумонлар тасдиқлангани йўқ. Чунки доридан заҳарланиш дарров аён бўлади, таомдан заҳарланиш эса тезкор таҳлилларда кўринади. Асосий тахминимиз ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан боғлиқ. Чунки шифохоналарга мурожаат этганлар орасида тахминан 20 нафари йод препаратини умуман қабул қилмаган. Қолаверса, олинган 46 та ПЗР-тестдан иккитасида ковид аломатлари аниқланди», деди Элмира Боситхонова.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, болаларда йод етишмовчилигининг олдини олиш бўйича лойиҳага бир йил давомида тайёргарлик кўрилган, танланган препарат халқаро сертификатга эга. Республика бўйича 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган жами 6,5 миллион болага ушбу дори берилган.

«Дори қабул қилган бир оиладаги икки фарзанднинг бири соғлом ҳолатда, иккинчисида касаллик аломатлари кўринмоқда. Ундан ташқари, препарат барча ҳудудларга бир хил тарқатилган, Тошкентга алоҳида, Наманганга алоҳида юборилмаган. Ҳозир шифохонага ётқизилган болалардан олинган таҳлиллар мутахассислар томонидан ўрганилмоқда, таҳлил натижаларини олганимиздан сўнг, яна уч-тўрт кундан кейин аниқ бир тўхтамга келишимиз мумкин бўлади», деди Республика ишчи гуруҳи раҳбари.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда ўнлаб болаларнинг саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган «Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Antistrumin)» дори воситаси истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берган эди.

Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзоси билан чиқарилган хатда соғлиғидан шикоят қилиб шифохонага ётқизилган 71 нафар боланинг аҳволи ёмонлашишига калий йодид дори воситаси сабаб экани ёзилган. Шу сабабли вазирлик барча ҳудудлардаги бошқармаларга ҳукумат қарори билан тайинланган калий йодид препарати истеъмолини зудлик билан вақтинча тўхтатишни топшириқ берган эди.

Мавзуга оид