Ўзбекистон | 07:40 / 23.09.2023
8712
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини яхшилади

ОТБ прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти яқин икки йилда ҳар йили 5,5 фоизга ўсади.

Фото: Kun.uz

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг жорий ва келаси йил учун иқтисодий ўсиши прогнозини яхшилади. Бу ҳақда банкнинг сентябр ойидаги шарҳида маълум қилинган.

ОТБ прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти яқин икки йилда ҳар йили 5,5 фоизга ўсади. Апрел ойида банк 5 фоизлик иқтисодий ўсишни прогноз қилганди.

Прогнозни яхшилашнинг сабаблари орасида Россияга озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг кўпайиши ҳамда инвестицияларнинг ўсиши қайд этилган.

Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи ярим йилликда 5,6 фоизга ўсди ва бу кутилганидан юқори бўлди. Бу фискал рағбатлантириш, мустаҳкам ташқи савдо, саноатнинг ўсиши ҳамда тоғ-кон саноати ва инвестицияларнинг кўпайиши билан қўллаб-қувватланди. Бироқ, инфляция туфайли истеъмол секинлашди.

Шунингдек, ОТБ инфляциянинг 10 фоиздан пастга тушишини кутмаяпти. Ҳисоботда қайд этилишича, нархларни либераллаштириш қисқа муддатда инфляция босимининг ошишига ёрдам беради. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи чорагида пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилдаги энг юқори кўрсаткичга нисбатан 55 фоизга камайди. Бунинг сабабларидан бири - Россияда ишлаётган мавсумий меҳнат муҳожирлари сонининг қисқариши.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид