Жаҳон | 16:37 / 24.09.2023
29994
5 дақиқада ўқилади

«Қисқичбақа тузоғи». Қора денгиз флоти штабига зарба оқибатлари ҳақида нималар маълум?

Украина қуролли кучларининг Россия Қора денгиз флотининг Севастополдаги штабига ҳужумидан буён икки кун ўтди, аммо ҳамон зарба оқибатлари бўйича аниқ картина шаклланмади. Киев зарба оқибатида Россия флоти раҳбарияти таркибидан камида 9 киши ҳалок бўлганини айтмоқда. Москва ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган, шу билан бирга инкор ҳам этмаган. Севастополдаги штаб биносига ракета келиб тушиши акс этган видео пайдо бўлди. Бу бинога урилган иккинчи ракета бўлиши мумкин – бунгача ҳам бинода ёнғин бўлаётганди.

Фото: SERGEI MALGAVKO/TASS

22 сентябр куни РФ Қора денгиз флотининг Севастопол шаҳридаги штабига ракета зарбаси берилиши оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланган, деб тасдиқламоқда Украина разведкаси Бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов. Бу ҳақда у «Америка овози» украин хизматига берган изоҳида маълум қилган. Бу маълумот мустақил манба томонидан тасдиқланмаган. Будановнинг сўзларига кўра, бу тўлиқ маълумот эмас — бу рақамлар штабда ишламаган ҳолда шу вақтда бинода бўлган ҳарбийлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олмайди.

Яраланганлар орасида камида икки нафари Россия генераллари, деган Украина разведкаси бошлиғи. Будановнинг сўзларига кўра, Россиянинг Запорижжя йўналишидаги гуруҳи қўмондони, генерал-полковник Александр Романчук «жуда оғир аҳволда», штаб бошлиғи генерал-лейтенант Олег Цеков — «ҳушсиз ҳолатда». Буданов разведкадагилар РФ Қора денгиз флоти қўмондони, адмирал Виктор Соколов қандай ҳолатда экани ҳақида маълумотга эга эмас, шу туфайли унинг ўлими тўғрисида телеграм-каналларда тарқалган маълумотни тасдиқлай олмайди.

Украина қуролли кучлари Бош штабидагилар маълум қилишича, украин армияси РФ Қора денгиз флоти раҳбарияти йиғилиш ўтказаётган маҳалда зарба йўллаган. Украин ҳарбийлари хабар қилишича, «Қисқичбақа тузоғи» номли амалиёт Украина ҚК ҳаво кучлари ва Махсус амалиёт кучлари ҳамкорлигида ўтказилган. «[Амалиёт] ўтказилиши деталлари бу мумкин бўлганида ошкор этилади, натижа эса — ўнлаб қурбон бўлган ва яраланган оккупантлардан иборат, улар орасида флот раҳбарияти таркибига кирганлар ҳам бор», — дейилган Бош штабда.

Россия ҳозирча бу маълумотларни тасдиқламаган ва рад ҳам этмаган. Жума куни Россия мудофаа вазирлиги дастлаб ракета ҳужуми оқибатида бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини хабар қилганди, кейинроқ баёнот ўзгартириб қўйилди: у ҳалок бўлмагани, балки бедарак йўқолгани маълум қилинган. Шунингдек, Россия ҳарбий идорасидагилар Қора денгиз флоти штабининг тарихий биноси жиддий шикастланганини тасдиқлаган. Россия томони шундан кейин штаб бўйлаб ракета зарбаси тўғрисида хабар бермай қўйди. Россия федерал каналлари ҳам Севастополдаги флот штаби ракета зарбаси шикастлангани тўғрисида хабар беришни тўхтатган.

Planet Labs компанияси Севастопол устида 2023 йил 22 сентябрида олинган сунъий йўлдош тасвирини намойиш этган. Унда РФ Қора денгиз флоти штабига йўлланган ракета зарбасидан кейин шаҳар бўйлаб тутун кўтарилгани акс этган.
Planet Labs / Reuters / Scanpix / LETA

РФ Қора денгиз флоти штабига зарба узоқ масофага ҳаракатланувчи Storm Shadow қанотли ракеталари орқали берилган, деб хабар берган Британиянинг Sky News телеканали Украина ҳаво кучлари расмийсига таянган ҳолда. Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов зарба бериш учун ғарбда ишлаб чиқарилган ракеталардан фойдаланилгани ҳақида гапирмаган: «Мен жавобдан тийилишим керак, ўйлайманки, сиз мени тушунишингиз керак». Буюк Британия Украина қуролли кучларига Storm Shadow ракеталарини май ойида етказиб берганди, июлда эса Франция бу ракеталарнинг французча муқобили SCALP ракеталарини жўнатганди. Аввалроқ Sky News худди шу  ракеталар Украина қуролли кучларининг аннексия қилинган Севастополдаги кема таъмирлаш заводига 13 сентябрга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужумида ҳам қўллангани ҳақида хабар қилганди.

Сунъий йўлдош тасвирида РФ Қора денгиз флотининг Севастополдаги штаби ёнаётгани акс этган. 2023 йил 22 сентябр
Planet Labs / Reuters / Scanpix / LETA

ОАВ ва телеграм-каналлар Севастополдаги штаб бўйлаб берилган ракета зарбаси акс этган фото ва видеоларни тарқатган. «Инсайдер UA» телеграм-канали эълон қилган видеода ёнаётган штаб биносига ракета келиб урилиши акс этган. Бундан тахмин қилиш мумкинки, бинога бундан олдинроқ яна бир ракета урилиши ёнғин келтириб чиқарган. «Крим.Реалии» манбаси эса ракета штабнинг ёнаётган биносига келиб урилаётгани акс этган фотони намойиш этган.

Украинлар ва қрим татарларнинг «Атеш» ҳаракати тасдиқлашича, партизанлар ва Севастопол аҳолиси Украина қуролли кучларининг штаб бўйлаб ракета зарбасини корректировка қилишда (йўналтиришда) ёрдам кўрсатган. Ҳаракат вакиллари Қора денгиз флоти офицерлари ҳам ҳамкорликка жалб этилганини айтишган. Кирилл Буданов «Америка овози»га берган интервюсида разведка барча маналардан маълумот йиғиши, аммо «жосуслик манбалари — асосийларидан бири» эканини қайд этган.

Мавзуга оид