Арманистонга Қорабоғдан 1000 дан ортиқ этник арманлар кириб келди
Арманистонда 1050 киши Тоғли Қорабоғдан қочқин сифатида расман рўйхатга олинди. Айни пайтда Ереванда ўн минглаб намойишчилар бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда.
Арманистонда 24 сентябр, якшанба кунги ҳолатга кўра, 1050 киши Тоғли Қорабоғдан қочқин сифатида рўйхатдан ўтган, деб хабар берди мамлакат ҳукумати Facebook’да. Хабарда айтилишича, улардан 410 нафари ўзи танлаган турар жойга кўчиб ўтиш истагида бўлган, 360 нафари эса давлат томонидан тақдим этилган уй-жойни танлаган, уларнинг баъзилари ҳали ҳам жойлаштирилмоқда. Яна 280 кишининг эҳтиёжларига аниқлик киритилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ AFP Арманистонга Қорабоғдан 40 га яқин қочқинлар гуруҳи етиб келгани ҳақида хабар берган эди, улар асосан аёллар, болалар ва қариялардан иборат. Dpa агентлигининг аниқлик киритишича, қочқинларга Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлик қилган.
Шу билан бирга, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси пойтахти Степанакерт (озарбойжонча номи – Ханкеди) шаҳри 24 сентябр куни Арманистон электр тармоғидан узилиб, Озарбойжон энергетика тизимига уланди. Бу ҳақда Россиянинг «Интерфакс» агентлиги Озарбойжон президенти маъмуриятига таяниб хабар берди.
Ереванда норозилик намойишлари давом этмоқда
24 сентябр оқшомида Арманистон пойтахтида навбатдаги норозилик намойиши бўлиб ўтди. Республика майдонидаги юриш ва митингда ўн минглаб одамлар иштирок этди. Намойишчиларнинг бир қисми ўтган кунларда қўлга олиш пайтида полициянинг ҳаракатларига норозилик билдириш учун Ички ишлар вазирлиги биносига борган. Ахборот агентликларининг дастлабки маълумотларига кўра, бу сафар полиция билан тўқнашувлар ёки қўлга олишлар кузатилмаган.
Ереванда 19 сентябрдан бери давом этаётган норозилик намойишлари бир неча бор намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлган. Шу тариқа, 22 сентябр куни 100 га яқин одам қўлга олинди. Намойишчилар Тоғли Қорабоғдаги воқеалар туфайли бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда. Мухолифат фуқароларни душанба куни оммавий намойишларни давом эттиришга ва Ереван кўчаларини тўсишга чақирди.
Озарбойжоннинг Қорабоғдаги операцияси
Тоғли Қорабоғда асосан этник арманлар истиқомат қилади, улар минтақани Ереван ҳукумати кўмагида ўнлаб йиллар давомида назорат қилиб келган. СССР парчаланганидан кейин Тоғли Қорабоғ Озарбойжондан мустақиллигини эълон қилди, бироқ жаҳон ҳамжамияти буни тан олмади. 2020 йил кузида бўлиб ўтган иккинчи Қорабоғ уруши Озарбойжоннинг ғалабаси билан якунланди.
19 сентябр куни Боку арман қўшинларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш ва минтақада «режим ўзгаришини» талаб қилиб, янги ҳарбий операция бошлади. Эртаси куни тан олинмаган республикадаги арманлар ўт очишни тўхтатиш ва қуролли кучларини қуролсизлантиришга рози бўлди. Арманистон томони маълумотларига кўра, отишма давомида камида 200 нафар қорабоғлик ҳалок бўлган, яна 400 нафари яраланган. Бундан ташқари, бир неча россиялик тинчликпарварлар ҳалок бўлди.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
22:20 / 08.11.2024
Қорабоғ сафари: Жафокаш Фузулий ва янгиланаётган Зангилон
15:58 / 01.11.2024