Жаҳон | 08:42 / 26.09.2023
4680
2 дақиқада ўқилади

Киев суди олигарх Коломойскийни ҳибсда қолдирди

Украиналик тадбиркор Игор Коломойский камида 31 октябргача ҳибсда қолади. Суд қарорида қайд этилишича, олигарх 510 миллион гривна миқдорида гаров пули тўлаш ва уй қамоғида қолиш ҳуқуқига эга.

Фото: Photoshot/picture alliance

Киев апелляция суди украиналик тадбиркор Игор Коломойскийнинг шикоятини рад этиб, уни 31 октябргача ҳибсда қолдирди. Бу ҳақда 25 сентябр, душанба куни Украинанинг «Обозревател» нашри хабар берди. Резолюцияда, шунингдек, олигарх 510 миллион гривна (13 миллион евродан сал кўпроқ) миқдоридаги гаров пулини тўлаш ҳуқуқига эга экани, шундан сўнг у уй қамоғига ўтказилиши мумкинлиги қайд этилган.

Судда Коломойский Шевченко туман судининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ҳақидаги қарори юзасидан шикоят қилишга уринди. У ҳеч қаёққа қочиб кетмоқчи эмаслигини, шу боис суднинг 2 сентябрдаги қарорини асоссиз деб ҳисоблаб, уни бекор қилишни сўради. Судга келган, тадбиркорга тегишли «1+1» телеканали вакиллари олигарх учун кафолат тақдим этишга тайёр эканини билдирди. 

Суд мажлисидан олдин Коломойский журналистларга суддан «адолат» кутаётганини айтди ва у «оддий шароитда» сақланаётганини айтди. Коломойский, шунингдек, қариндошлари билан учрашишга рухсат берилмаганини, лекин адвокатлари билан учрашиши мумкинлигини айтди.

Суд Коломойскийнинг мол-мулкини хатловга олди

Киевнинг Шевченко туман суди тадбиркор Игор Коломойскийнинг мулкини хатловга олди. Буни суд материаллари тасдиқлаяпти, деб хабар қилди Українські Новини ахборот агентлиги душанба куни. Хатловга олинган мол-мулкнинг рўйхати номаълум, чунки тегишли суд қарори ҳали реестрда мавжуд эмас.

Мавзуга оид