Ўзбекистон | 16:08 / 26.09.2023
34056
5 дақиқада ўқилади

Тендерсиз ва бозор нархидан каррасига қиммат: 3,5 млн қути “Антиструмин” 23 млрд сўмга сотиб олинган

Kun.uz боғланган дорихоналарда “Samo” компанияси ишлаб чиқарган “Антиструмин” препарати 2300-3000 сўм оралиғидаги чакана нархда сотилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса бу дорининг 3,5 миллион дона қутисининг ҳар бирини 5500-6500 сўмдан, тендер ўтказмасдан сотиб олган. Бу йод препарати юзлаб болаларнинг заҳарланиши фонида жамоатчилик эътиборига тушган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Наманганда 450 нафар бола касаллангани ортидан истеъмоли тўхтатилган “Антиструмин” дори воситасини етказиб берувчи компания тендер ўтказиш йўли билан эмас, тўғридан тўғри танлаб олинган.

Telegram'даги Pressuzb канали маълумотига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат харидларини амалга оширишга масъул ташкилоти – “Ўзмедимпекс” “Калий йодид 1 мг таблетка, №100 (Антиструмин)” дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июн ойида “Samo” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган. Шу тариқа, биринчи шартнома қиймати роппа-роса 6,6 млрд сўмга етказилган. Унга асосан, 1 млн 200 минг қути препаратнинг ҳар бири 5500 сўмдан харид қилинган.

2023 йилнинг 4 майига келиб, “O‘zmedimpeks” Samo компанияси билан “Антиструмин” дори воситасини харид қилиш учун яна 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган. Бунда 2 млн 350 минг қути препаратнинг ҳар бири 6500 сўмдан ҳисобланган.

Фото: Pressuzb Telegram-канали

Бозор нархидан икки баробар қимматга олинганми?

Юқоридаги учта шартномани жамлаганда, “Samo” МЧЖдан жами 3 млн 550 мингта “Антиструмин” дори воситаси жами 21 млрд 875 млн сўмга сотиб олинадиган бўлган. Бунда ҳар бир қути препаратнинг нархи ўртача 6162 сўмдан тўғри келади.

Kun.uz препаратнинг чакана нархи билан қизиқиб, Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларидаги дорихоналар билан боғланди. Маълум бўлишича, ССВ 3 млн 550 минг қутисининг ҳар бирини 6162 сўмдан (улгуржи тарзда) сотиб олган худди шу препарат бир нечта дорихоналарда 2300–3000 сўм оралиғида (чакана тарзда) сотиляпти.

Эътибор қаратиш керак бўлган яна бир жиҳат шуки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил июндаги биринчи шартномага асосан дорининг илк партиясини 5500 сўмдан сотиб олган, 2023 йил майдаги харидда эса препарат нархи 6500 сўмга кўтарилган, яъни 11 ой ичидаги нарх қимматлашиши 18,2 фоизга тенг бўлган.

Воқеалар ривожи

20 сентябрдан Ўзбекистонда “Ёрқин миллат” дастури бўйича болаларни йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизими орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди.

21 сентябр куни Наманган вилояти Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилгани хабар берилган эди. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик жами 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Кейинчалик Наманганда 450 нафар бола касаллангани маълум бўлди. Бунинг ортидан мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди ҳамда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ишлаб чиқарувчи ҳақида

“Антиструмин”ни ишлаб чиқарган ва ССВга етказиб берган “Samo” МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари бошланган. Текширувни ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ўтказяпти.

Kun.uz бу МЧЖ таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов анча йиллар олдин АҚШда оғир жиноятларда айбланиб, қидирувга берилгани ҳақида ёзганди. Америка ҳуқуқ органлари томонидан у одам савдоси ва молиявий фирибгарликлар билан шуғулланган деган айблов хулосаси тасдиқланган.

Нодир Юнусов, шунингдек, “Zuma-Pharma” МЧЖнинг раҳбари ҳам ҳисобланади. Бу корхона “Паркент-Фарм” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритади. Бу корхона ўз вақтида Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлган.

Zuma-Pharma фойдаланишга тайёр ҳолатдаги (олдиндан тўлдирилган) шприцлар, инсулин шприц-қаламлари шаклида фаолсизлантирилган вакциналар ва женерик дори воситалари, шунингдек, флаконларда лиофилизация қилинган кукунлар ва иньексион суюқлиқлар ишлар чиқаради.

Компания расмий сайтидаги маълумотга кўра, 2020 йил июл ойида бош вазир Абдулла Арипов лойиҳа билан танишиш ва уни қўллаб-қувватлаш учун корхонанинг Юқори Чирчиқ туманидаги ишлаб чиқариш майдонига ташриф буюрган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан, лойиҳани молиялаштириш ва унга Паркент-Фарм ЭИЗдан 3,2 гектар жой ажратиш бўйича чоралар белгиланган.

Мавзуга оид