«Бугунги геосиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, фақат битта давлатга таяниб бўлмайди» — Жамшид Хўжаев
Ўзбекистон барча катта давлатлар билан бирдек мувозанатлашган алоқа ўрнатишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Вашингтонда бўлиб ўтган бизнес-конференцияда таъкидлаб ўтди. «Фақат битта давлатга таяниб бўлмайди, чунки бу хавфсиз эмас», деди у.
2030 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини икки баравар оширмоқчи, бунинг учун АҚШ, Россия ва Хитой билан бирдек мувозанатлашган алоқа ўрнатиш керак бўлади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон бизнес конференцияси чоғида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Bloomberg.
Бош вазир ўринбосарининг айтишича, халқаро майдонда иқтисодий тарқоқликнинг кучайиб бораётгани Ўзбекистонни диверсификация ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.
«Бугунги геосиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, фақат битта давлатга таяниб бўлмайди, чунки бу хавфсиз эмас. Ҳар бир мамлакат диверсификация қидиради», деган у.
Хўжаев Ўзбекистон Хитой компаниялари билан фаол равишда ҳамкорлик қилаётганини, чунки бундан мамлакат манфаатдор эканини таъкидлаган.
«Хитой бизнинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларимиздан биридир. Буни яширмаймиз. Улар қайта тикланувчи ва яшил энергия бўйича жуда кўп ишларни олиб бормоқда. Уларнинг яхши технологиялари, йирик компаниялари бор ва улар бажонидил биз билан ишлашга тайёр».
Бош вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, Россия билан нафақат савдо жиҳатдан, балки тарихий алоқалар бор ва кўплаб ўзбекистонлик мигрантлар Россияда меҳнат қилмоқда. Бу орқали улар оилаларини пул билан таъминлайди. Хўжаев бу алоқаларни «яхши имконият» деб атаган. Шунингдек, у Ўзбекистон расмийлари Европанинг бошқа мамлакатлари билан бозорни диверсификация қилиш учун ишлаётганини билдирган.
Хўжаев Ўзбекистон АҚШ билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқчи эканини маълум қилган.
«Бизда бозор иқтисодиёти мавжуд ва барча инвесторларимизга бир хил шароитларни тақдим этишга ҳаракат қиламиз», деган у.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов АҚШ Молия вазирлиги билан Ўзбекистон чегараси орқали Россияга санкцияга учраган товарларни олиб ўтишнинг олдини олиш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилган.
Хўжаев Ўзбекистон бошқа давлатлар иқтисодиётнинг энергия ва озиқ-овқат таъминоти каби нозик тармоқларига киритаётган сармояларни диверсификация қилишга ҳаракат қилаётгани, бироқ инфратузилма каби соҳаларга келганда, расмийлар «халқ учун энг яхши деб ҳисобланган қарорни қабул қилишини» билдирган.
«Биз кимга ва қаерга сармоя киритишни ўргатадиган даражада бой эмасмиз», дея хулоса қилган бош вазир ўринбосари.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистоннинг Хитой билан ташқи савдо айланмаси 8,3 млрд долларни (умумий ТСАнинг 20,7 фоизи), Россия билан 6,2 млрд долларни (15,4 фоиз), АҚШ билан 372 млн долларни (0/9 фоиз) ташкил қилган.
Мавзуга оид
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
18:23 / 08.10.2024
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти кескин қисқарди. Нега?
14:30 / 01.10.2024