Иқтисодиёт | 21:05 / 27.09.2023
25560
15 дақиқада ўқилади

“Энергетика ислоҳотини кечиктирганимиз ниҳоятда қиммат ва оғриқли бўлди” — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат

“Ислоҳотни тезроқ қилиш керак, лекин уни қандай қилиш ҳам ниҳоятда муҳим масала”, – дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов. Унинг сўзларига кўра, аҳоли энергетика ислоҳоти қандай амалга оширилиши режа қилингани ва бу режанинг барча босқичларидан бохабар бўлиши керак.

Ўзбекистонда энергетикадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида соҳани ислоҳ қилиш зарурати кун тартибида бўлиб турибди. Kun.uz мухбири бу борадаги саволлар билан АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

Беҳзод Ҳошимов — Ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоат фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube’даги Hoshimov’s Economics (Ҳошимов Иқтисодиёти) видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррилик қилган. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўтказган сўровнома натижаларига кўра? Ўзбекистон блогерлар ва инфлюенсерларининг 30 талик рўйхатидан жой олган. Беҳзод Ҳошимов Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар Ассоцияцияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси. АҚШ Патент ва Товар белгилари идорасидан иқтисодий модел патенти соҳиби ва Халқаро иқтисодиёт олимпиадаси (IEO) ҳакамлар ҳайъати аъзоси. У айни вақтда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет масалалари қўмитаси ҳузуридаги экспертлар кенгаши ва «Микрокредитбанк» кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

— Ҳукумат газ ва свет бўйича тарифларни эркинлаштириб, энергетика соҳасида бозор тамойилларини жорий этишга ҳаракат бошлаганини эълон қилди. Биринчи босқичда юридик шахслар учун таннархга яқин нарх белгиланяпти. Сиз бу жараёнларни кузатиб боряпсизми, бунга муносабатингиз қанақа?

— Бу жараённи диққат билан кузатиб боряпман. Ўзбекистоннинг кейинги ривожланиши, аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи сифати ошиши учун энергетика ислоҳоти жуда керак нарса. Бу нарса қанчалик тез қилинса, шунчалик яхши.

Масалан, Россия бу ислоҳотни 2000 йилларда, бундан 20 йилча олдин қилган. Биз собиқ иттифоқ пайтидаги нархларни белгилаш тизимида қолиб кетдик, афсуски, бунинг асоратлари қиммат ва оғриқли бўлди. Свет ва газнинг етказиб берилиши барқарорлиги борасида бизнесда ҳам, аҳолида ҳам шубҳалар бор, чунки ростдан ҳам барқарор эмас. Шу даражадаки, айниқса, пойтахтдан ташқарида инсонлар доим ток ёки газ ўчиши атрофида ўз ҳаётларини қуришган.

Масалан, қишлоқлардаги хонадонларда алтернатив иситиш ускуналари ўрнатилади. Тадбиркорлар генераторлардан фойдаланади; бозорларда кўрсангиз, “движок”ларни қўйиб қўйишади. Чунки ток ўчиб қолса, музлаткичдаги маҳсулотлар айниб қолиши мумкин. Хуллас, Ўзбекистонда бу масалалар доим мураккаб эди, бунинг устига биз билмайдиган нарса: қанча кўп бизнеслар яратилмай қолди, қанча кўп тадбиркорлик субъектлари ўсмай қолди.

Эсласангиз керак, шу йил январ ойидаги суҳбатларда ҳам ғишт заводларини ноқонуний равишда газга уланган деб ўчириб қўйишди ёки бошқа ишлаб чиқариш жойларини, иссиқхоналарни ҳам ўчиришди. Одамлар ўз уйида иссиқхона қилиб, помидор ёки булғор қалампири етиштираётган бўлса, шуларни ҳам ўчириб кетишди. Чунки бу халқ учун бериладиган газ, тадбиркорлик субъектлари учун эмас деб тушунтириш беришди. Буларнинг ҳаммаси газни иқтисод қилиш масаласида бўлаётган бўлса ҳам, қўшимча қиймат йўқотилишига олиб келди. Биз мана шу қилинаётган ислоҳотни нархлашимиз қийин, яъни 32 йилдан бери шу ислоҳот қилинмаган ва у агар қилинганида қанчалик бойроқ бўлардик, қанчалик тез ўсган бўлардик деган савол иқтисодчи сифатида мени қийнайди. Йилига 1 ёки 1,5 фоизлик йўқотиш бўлган тақдирда ҳам, бу жуда катта йўқотиш бўлган бўларди.

Инсонларнинг ҳаёти ҳақида ҳам гап кетяпти – 21-асрда ҳали ҳам кимдир қишдан чиқиш учун ўтин ва кўмир ғамлаяпти, бундай бўлиши керак эмас. Шунинг учун бу ислоҳот Ўзбекистонга керак, лекин бошқа ислоҳотлар каби бу ислоҳотни қандай қилиш, қандай йўл харитаси тузилган, қанча вақтда бу қилинади, аҳолининг молиявий заиф қатламини ҳимоя қилиш механизмлари қандай бўлади – аниқ белгилаб олиш зарур. Чунки Ўзбекистон бой мамлакат эмас ва камбағаллик даражаси сезиларли, кундалик ҳаёт учун нархлар ошиши катта эҳтимол билан бўлади. Қайсидир аҳоли қатламлари қийналиб қолмаслиги масаласи, қандай қилиб генерацияда хусусийлаштиришга ўтилади, етказиб беришда давлатнинг ўрни, тарифлар қандай белгиланади: аукцион орқали қилинадими – буларнинг ҳаммаси ҳали менга мавҳум. Бу ислоҳот қандай бўлиши ҳақида гапира олмайман. Лекин ислоҳот қилиш керакми, керак, тез қилиш керакми, керак, лекин қандай қилиш масаласи ҳам муҳим.

— Энергетика вазирлигига кўра, 1 kWh электр энергияси таннархи 970 сўм, 1 кубометр табиий газнинг таннархи 1890 сўмга тенг. 1 октябрдан тадбиркорлар электр учун 900 сўмдан, газ учун 1500 сўмдан тўлай бошлайди. Яъни тадбиркорларнинг энергия харажатларини бюджетдан қоплаш давом этади. Бунга қандай қарайсиз?

— Бюджетдан қопланади деган сўзингиз кўпчилик учун мавҳум туюлади. Буни қайсидир маънода бу чўнтакдан олиб, бошқа чўнтакка солиш десак бўлади. Бюджет сиз-у бизга ўхшаган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари тўлаётган солиқлардан вужудга келади, шуларнинг ҳисобига энергетика харажатлари қоплаб берилади. Ислоҳот дегани, келинглар, 2 та бухгалтерия қилмайлик-да, ким нимани ишлатса шуни ўзи тўласин, дегани. Яъни ким кўп газ ишлатса, кўп тўласин, кам ишлатса, кам тўласин. Лекин ҳозир кўп газ ишлатадиганлар давлат бюджетидан, яъни сиз-у бизнинг чўнтагимиздан кўп субсидия оляпти, кам ишлатганлар эса кам оляпти. Ток ҳам худди шундай.

Бу нафақат мантиқсиз, балки регрессивдир. Яъни одам қанча бой бўлса, давлатдан шунча кўп субсидия оляпти, худди шундай қанча катта тадбиркорлик субъекти бўлса, шунчалик кўп оляпти. Давлат сиёсати имконсизларга ёрдам бериш атрофида бўлиши керак – тўғри, бу ҳам баҳсли масала, лекин ҳеч замонда муваффақиятлилар кўпроқ субсидия олиши керак деган мантиқсиз нарсага қўшилиш жуда қийин.

Ҳозир мен Энергетика вазирлигининг стратегиясидан хабардор эмасман, лекин бозорга яқинлаштириляпти деган гапда мантиқ бор. Яъни бу санада мана бундай тариф қиламиз, бу санада бозорга ўтилади деган йўл чизиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ҳар бир нарх оширилиши – олқишланиб кутиб олинадиган нарса эмас. Агар ҳозир нархни чала ошириб, бозор тамойилига ўтмасдан ислоҳот қила олишмаса, 4 йилдан кейин эски ҳаммом, эски тосга қайтамиз. Яна бир марта нархни оширишга тўғри келади, нарх мана бунча эди, энди мана бунча бўлди, деб.

Яна бир гап: энергетика корхоналари таннархни пасайтиришдан манфаатдор эмас. Балки муаммо таннарх билан боғлиқдир. Нима учун энергетика корхоналари ёки газ ишлаб чиқариб етказиб берувчи корхоналарда таннархни пасайтиришга рағбат йўқ деб ўйлайсиз? Агар сиз энергетиканинг ишлаб чиқарувчи бўғинидаги корхонада ишласангиз, сиз уни истеъмолчиларга етказиб берувчи давлат корхонасига сотасиз. Масалан, таннарх 900 сўмдан бўлса, истеъмолчига 400 сўмдан сотяпсиз, фарқини давлат сизга компенсация қилиб беряпти. Ҳар йили давлат билан тарифлар масаласида музокарага ўтиришингиз керак. Ўша музокараларда сиз ишлаб чиқараётган маҳсулот таннархи қанча баланд бўлса, шунча қўлингиз баланд келади. Лекин агар таннарх 900 сўмдан 500 сўмга тушиб кетса, давлат тўлайдиган қисмини ошира олмайсиз. Ҳар гал давлат билан музокараларда бизда таннарх баланд, шу сабабли тўлайдиган қисмингизни ошириб беринг, деб сўрайсиз. Чунки таннархни қоплашингиз керак. Энди сиз самарадор технология, робототехника қўйсангиз, сизда таннарх тушади. Лекин давлат айтадики, яхши бўлди, энди сизларга нархни оширмаймиз. Шунда нима бўляпти? Энергетика корхоналари иложи борича ўзининг харажатларини кўпайтириш билан шуғулланади, чунки қанча таннарх баланд бўлса, музокараларда шунча қўли баланд келади.

Тасаввур қилинг, сиз корхона раҳбарисиз, сиз харажатларни кўпайтиришингиз керак, фойдани эмас. Чунки агар сиз самарали бўлиб қолсангиз, давлатдан кўп пул ола олмайсиз. Шу сабабли сизга 10 киши ишлайдиган жойда 100 кишини ишлатиб харажатларни ошириш фойдали. Харажатим кўп, нархни ошириб беринг, дейсиз.

Бу фақат Ўзбекистоннинг муаммоси эмас, бу қайсидир пайтларда бошқа давлатларда ҳам бўлган. Ўзбекистоннинг муаммоси рағбатларни тўғри қўймаганидадир.

Кўп мамлакатларда давлат энергия компанияларига: “Инфляция+X% даражасида нархни оширишга келишамиз, агар самарадорлик ошса, топган фойдангиз ўзингизга”, дейди. Ўшанда давлат билан энергетика компаниясининг рағбатлари бир томонга йўналтирилган бўлади. Корхона биладики, давлат нархни Х фоизга оширишини, агар корхона харажатларни қисқартириб, самарали ишласа, топган фойдаси ўзига қолади. Бизнинг ҳолатимизда эса агар корхона ютса, давлат фойда қисмини олиб қўяди, ютқизса, музокараларда қўли баланд келади.

—  Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда охирги 1,5 йилда электр энергияси таннархи 21 фоизга, газнинг таннархи эса 35 фоизга ошган. Хусусийлаштириш таннарх камайишига олиб келишини кутиш мумкинми?

— Хусусийлаштириш ёрдам бериши мумкин бўлади, агар сотилиш қисми бозорда бўлса. Агар ҳозир давлат монополияси хусусий монополияга айлантириб қўйилса, бу яхшиликка олиб келмайди. Чунки истеъмолчиларга етказиб бериш барибир давлатда қолади.

Шунинг учун бу масала заргарона диққат билан қилиниши керак. Бу борада антимонопол орган фикрлаши керак, қандай қилиб рақобатни йўлга қўямиз деб ўйлаши керак. Шу сабабли хусусийлаштирилса, нарх тушади деган гап йўқ. Давлат билан энергетика корхоналари инфляция +X% қилиб келишса, ўшанда энергетика корхоналари ҳам харажатларимни камайтирсам, топган пулим ўзимга қолади, деб ўйлай бошлайди. Бу ерда битта ечим эмас, ҳамма ечимни бирга қилиб кўриш керак.

—  Шу хулосангизни бироз соддалаштира оласизми, қачон энергетика корхоналари таннархни пасайтиришдан манфаатдор бўлади?

—  Савдо тушумидан харажатларни айириб ташласа, соф фойда қолади. Ҳозирги энергетика корхоналари энергетика ресурсларини сотяпти ва эвазига пул оляпти. Лекин уларнинг харажати сотаётган нарсасидан кўра баландроқ. Боя гаплашганимиздек, харажатлар баланд бўлсагина сотилиш нархини оширса бўлади. Мен айтаётган нарса қуйидагича: биз кейинги 50 йил учун энергетика корхоналари билан сотилиш нархини келишиб олсак, улар биладики, давлат уларга фақатгина инфляция+X% даражасида нархни ошириб бера олади. Шуни улар билгач, энди уларнинг ихтиёрида ўзгартира оладиган фақат харажат қисми қолади. Натижада харажатларни камайтириш, самарадорликни оширишга рағбат пайдо бўлади.

Ҳозир қанақа бўляпти? Энергетика компаниялари давлат билан сотилиш нархида ҳам тортиша олади, харажатларни ҳам мувофиқлаштиради. Харажатларни катталаштирса, сотиш нархини ҳам катталаштира олади. Сотиш нархини катталаштира олмаган корхона эса самарадорлигини ошириш орқали фойдасини оширишга ҳаракат қилади. Корхона йилига Х доллар топса, унинг қанчадир қисми корхона менежерларига бонус сифатида тўлансин деган рағбатларни қўйсак, улар самарадорликни оширади.

— Сиз бир неча йил олдин, ҳукуматда табақалашган тарифларга ўтиш масаласи кўтарилишидан анча олдин энергетик субсидиялар ижтимоий тенгсизликка олиб келиши ҳақида катта мақола эълон қилгандингиз. Шу ҳақида батафсилроқ айтиб ўта оласизми?

—  Бизда одамлар барқарор энергияни қанча кўп истеъмол қилса, қанча энергетика барқарор жойда яшаса, шунча кўп субсидия олади. Масалан, кимдир катта уйда яшайди ва кечаси светни ўчирмайди. У ҳар бир истеъмол қилган электр энергия киловаттидан давлатдан субсидия олади. Дейлик, қайсидир хонадон 2000 kWh ишлатади, 1 kWh электр энергиясини аҳоли 295 сўмдан сотиб олади, аммо унинг таннархи 970 сўм. Ўртадаги фарқни 600 сўм деб олсак, давлат унга ҳар бир kWh электр ишлатгани учун 600 сўмдан пул тўлаяпти.

Катта уйи, кўп пули бор одам ойига 2000 kWh электр энергияси ёқади, энди шу 2000 ни 600 сўмга кўпайтиринг: у ойига 1 млн 340 минг сўм субсидия олади. Ўша одам бу субсидияни солиқ тўловчилар ҳисобидан оляпти. Қайсидир хонадон эса 50 kWh ишлатяпти, субсидия 33 500 сўм. Ўртада 40 баробар фарқ пайдо бўляпти.

Бу мисолимизда бойроқ хонадон кўпроқ субсидия олаётганига гувоҳ бўлдик. Бу тенгсизликни чуқурлаштириб юборяпти. Аслида эса тескариси бўлиши керак, одам қанчалик камроқ истеъмол қилса, бу унда молиявий муаммолар борлигидан дарак беради. Шу сабабли тарифларни табақалаштиришда мантиқ бор.

—  Тарифларни табақалаштириш деганда нимани тушуниш керак?

—  Кўплаб давлатларда “block pricing” тушунчаси бор, масалан, дастлабки 50 kWh светга субсидияланган тўлов тўлайсиз. 50 kWh билан 100 kWh орасида кўпроқ тўлайсиз, ва шу ҳоказо. Ана шунда жуда кам электр ишлатадиган уйлар – ижтимоий заиф қатлам кўп тўламайди.

Имкони йўқ одамларнинг ҳаётини қийинлаштириб қўймайлик деган масала бор – шу масаланинг ечимларидан бири прогрессив шкала қўйиш ва тақсимлашдир. Лекин буни қилиш учун ҳам анча муаммолар бор. Чунки бу дегани ҳамма жойда яхши электр ҳисоблагичлар ишлаши керак.

Ривожланган дунёда тарифлар нафақат одамнинг иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб табақалаштирилади, балки куннинг қисмларидан ҳам. Масалан, эрталаб ва кечқурун энг кўп истеъмол бўладиган пайтда энг қиммат тариф белгиланади, тунги соат 2 да эса энг арзон бўлади. Баъзи жойларда дам олиш кунлари ва душанба куни ўртасида ҳам фарқ бор. Тарифларни белгилаш ҳам алоҳида илм аслида. Унинг устида изчил ишланади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтажчи – Шоҳруз Абдурайимов.

Мавзуга оид