Жаҳон | 17:53 / 27.09.2023
36957
5 дақиқада ўқилади

Озарбойжон ҳарбийлари миллиардер Рубен Варданянни қўлга олди

Асли россиялик ушбу бизнесмен 2022 йил ноябридан 2023 йил февралига қадар тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукуматига раҳбарлик қилган.

Фото: Озарбойжон давлат чегара хизмати

Тоғли Қорабоғнинг собиқ давлат вазири, россиялик миллиардер Рубен Варданян Лочин йўлаги орқали Арманистонга ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган. Озарбойжон чегарачилари у Бокуга олиб борилиб, «тегишли орган»га топширилганини маълум қилди.

Варданяннинг рафиқаси Вероника Зонабенднинг айтишича, уни Озарбойжон назорат-ўтказиш пункти жойлашган Акари кўпригидан ўтаётганида ушлашган

«Бугун тонгда менинг турмуш ўртоғим, Рубен Варданян, филантроп, бизнесмен ва Арцах Республикасининг (арманлар Қорабоғни шундай номлашади) собиқ давлат вазири Озарбойжон оккупациясидан қочаётган бошқа минглаб арманлар билан Арцахни тарк этишга уринганида чегарада Озарбойжон томонидан қўлга олиниб, асир қилинган», — деган у РБК нашрига.

Кўп ўтмай Озарбойжон ҳукумати қўлга олинган бизнесменнинг фотосуратини намойиш этди. Унда унинг қўлига кишан солинганини (суратда бу хиралаштирилган) кўриш мумкин.

Озарбойжон давлат чегара хизматига кўра, Варданян Озарбойжон Республикасидан Арманистон йўналишида ҳаракатланганида «Лочин» чегара пунктида қўлга олинган.

«У Давлат чегара хизмати Тезкор ҳаракатланиш кучлари ходимлари ҳамроҳлигида Боку шаҳрига олиб борилди. Қўлга олинган шахс унга нисбатан тегишли қарор қабул қилиш учун тегишли давлат органига топширилди», — дея идора хабаридан иқтибос келтирган APA агентлиги.

Бу ҳақда хабарлар тарқалган вақтда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Варданяннинг тақдири ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтганди. «Ҳар ҳолда у Россия фуқароси, унда Россия фуқаролиги бор, шунинг учун, агар у ҳибсга олинган бўлса, биз у ёки бу тарзда маълумот олишимиз керак», — деган Песков. Шу билан бирга, у Варданян ҳамон Россия фуқаролигига эгалигини аниқ билмаслигини қўшимча қилган.

Бизнесменнинг Россия Федерацияси фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги сўрови Путиннинг 2022 йил декабридаги фармони билан қаноатлантирилганди, бу ҳақда расмий ҳуқуқий ахборот порталида хабар қилинган.

«Тройка Диалог» инвестиция компанияси ва «Сколково» бизнес мактаби асосчиси, россиялик энг бадавлат бизнесменлардан (2021 йилда Forbes журнали унинг бойлигини бир миллиард долларга баҳолаган) бўлган Варданян 2022 йил сентябрида Россия фуқаролигидан воз кечиш ва Қорабоғга кўчиб ўтиш ҳақидаги қарорини эълон қилганди.

Бир ой ўтиб у тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюняннинг таклифи билан ҳукуматга раҳбарлик қила бошлайди, аммо 2023 йил февралига келиб истеъфога чиқади. Бу Озарбойжон Лочин йўлагини блоклаб қўйиши фонида рўй беради. Варданян шундан кейин ҳам Тоғли Қорабоғда яшаб келаётганди.

Шу кунларда AFP агентлиги Озарбойжон ҳукуматидаги манбасига асосланган ҳолда озарбойжонлик чегарачилар Тоғли Қорабоғни тарк этиб, Арманистонга йўл олган қочқинлар орасидан «ҳарбий жиноятлар содир этишда гумонланаётганлар»ни қидираётгани ҳақида хабар берганди.

«Озарбойжон Қорабоғда қуролини ташлаб, таслим бўлган арман жангариларини амнистия қилмоқчи. Аммо Қорабоғ уруши чоғида ҳарбий жиноят содир этганлар бизга топширилиши даркор», — деган манба.

19 сентябр куни Озарбойжон Қорабоғда «конституцион режимни тиклаш» мақсадида «маҳаллий характердаги аксилтеррор тадбирлар» бошланганини эълон қилганди. 2020 йилдаги урушдан кейин ҳудудга жойлаштирилган россиялик тинчликпарвар кучлар бунга тўсқинлик қила олмади.

Икки кунлик ҳарбий ҳаракатлардан кейин Тоғли Қорабоғ ҳукумати армиясини тўлиқ қуролсизлантириш ва арман ҳарбий техникалари ҳудуддан олиб кетилишига рози бўлиб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Тоғли Қорабоғдаги арман ҳарбийларининг мингдан ортиғи, Озарбойжон қуролли кучларидан эса 200 га яқин киши ҳалок бўлган.

Озарбойжон ҳукумати Қорабоғда қоладиган арманларга ҳеч қандай таҳдид йўқлигини кафолатламоқда. Лекин Қорабоғдаги ва Арманистондаги арманлар бунга ишонишмаяпти.

Чегара томон ҳаракатланаётган автомобилларнинг узун навбати космосдан ҳам кўринмоқда.
Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA

Еревандагиларнинг маълум қилишича, ўтган вақт ичида Тоғли Қорабоғда яшаб келган 120 мингга яқин этник арманлардан камида 47,1 минг киши аллақачон Арманистон ҳудудига ўтгани ҳақида маълум қилган.

Одамлар ва уларнинг уй-рўзғор буюмлари билан тўлиб-тошган юзлаб автомобиллар, юк машиналари ҳамда автобуслар Озарбойжондан олиб келувчи тоғли йўллар орқали Арманистон томон ҳаракатланишда давом этмоқда.

Мавзуга оид