Жаҳон | 09:03 / 28.09.2023
3950
3 дақиқада ўқилади

Ҳолливудда сценарий муаллифлари беш ойлик иш ташлашни тўхтатди

Америка сценарий муаллифлари гилдияси аъзолари 27 сентябр куни ўз фаолиятини давом эттира бошлади. Тез орада сценарий муаллифлари ва киностудиялар уч йиллик янги шартнома имзолайди.

Фото: Chris Pizzello / AP

Америка сценарий муаллифлари гилдияси (WGA) беш ойлик иш ташлашни тугатди ва ишини давом эттирмоқда. WGA 27 сентябр, чоршанба куни X ижтимоий тармоғида Кино ва телевидение продюсерлари алянси (AMPTP) билан дастлабки келишувга эришилганини, иш ташлаш маҳаллий вақт билан ярим тунда якунланишини ва касаба уюшма кенгаши бир овоздан сценарий муаллифларига келишилган ҳужжатни маъқуллашни тавсия этганини эълон қилди.

WGA ва AMPTP тез орада студиялар билан янги уч йиллик шартнома имзолаши кутилмоқда, унда юқори иш ҳақи, соғлиқни сақлаш ва пенсия бадаллари ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солиш назарда тутилган.

Сунъий интеллектдан фойдаланиш 

Шартномага кўра, сценарий муаллифлари уюшмалари вакиллари йилига камида икки марта киностудиялар раҳбарияти билан учрашиб, сценарий ёзишда сунъий интеллектдан фойдаланишни муҳокама қилади. Студияларга сценарийларни ёзиш учун сунъий интеллектдан фойдаланишга рухсат берилган, бироқ улар муаллифларни иши ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилган бўлса, хабардор қилиши керак бўлади. Сценарий муаллифлари, ўз навбатида, сунъий интеллектдан фойдаланиши мумкин, аммо студиялар уларни ундан фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас. 

11 500 кишидан иборат гилдия аъзолари 2 октябрдан 9 октябргача келишув лойиҳаси бўйича овоз бериши режалаштирилган. Назарий жиҳатдан, ушбу овоз бериш натижаларига кўра лойиҳа рад этилиши мумкин, аммо мутахассисларнинг бундай бўлмаслигига ишончи комил. 

Беш ойлик иш ташлаш 

Америка сценарий муаллифлари гилдияси май ойи бошида иш ташлаш эълон қилган эди. Акция сценарий муаллифлари ҳамда бир гуруҳ йирик киностудиялар ва стриминг компаниялари ўртасида жамоа шартномасини янгилаш шартлари бўйича муваффақиятсиз музокаралардан сўнг бошланди. Июл ойи ўрталарида Ҳолливуд киноактёрлари сценарий муаллифлари сафига қўшилди. 

Можаро туфайли кўплаб филмлар ва телесериалларнинг чиқиш саналари ўзгартирилди, телекўрсатувлар чиқиши тўхтатилди ҳамда Эмми мукофотини топшириш маросими қолдирилди. The Financial Times газетасининг хабар беришича, иккала иш ташлашдан кўрилган йўқотишлар 5 миллиард долларга тушган. 

Мавзуга оид