«Эндиликда бу умуман бошқа минтақа» — Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё жипслашгани ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган иқтисодий форумда иштирок этди.
Давлат раҳбари «Марказий Осиё - Германия» иқтисодий форумига мунтазам тус бериб, навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда, барча мамлакатларнинг ишбилармон доиралари иштирокида ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон президенти глобал миқёсдаги ишонч инқирози жаҳон бозорларига салбий таъсир кўрсатаётган, муқобил савдо-логистика йўналишларини излашга мажбур қилаётган оқибатларини бугун минтақа мамлакатлари ҳам сезаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан иштирокчиларнинг эътибори Марказий Осиёдаги жараёнларга қаратилди.
«Эндиликда бу умуман бошқача, кучли ва жипс минтақа. Мамлакатларимиз биргаликда замонавий таҳдидларга самарали қарши турмоқда, барқарор ўсишни намойиш этмоқда», деди президент.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, яқин йилларда ҳудуд давлатлари ялпи маҳсулотининг жами ўсиши беш фоиздан ортиқ даражада барқарор сақланиб қолади.
Бир неча йил ичида минтақа мамлакатлари кўплаб жиддий масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлди - чегаралар очилди, савдо ва транспорт алоқалари, гуманитар алмашинувлар тикланди.
«Биз автомобилсозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика тармоқларида, қишлоқ хўжалигида муҳим кооперация лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.
Чегарадош ҳудудларда ҳамкорлик марказлари ва тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратмоқдамиз.
Шу туфайли халқаро ҳамжамиятнинг минтақамизга қизиқиши кучайиб бормоқда. Бугун Берлиндаги учрашувлар бунинг ёрқин тасдиғидир», - деди Шавкат Мирзиёев.
«Мен ва барча ҳамкасбларим учун энг аввало Марказий Осиёнинг тинчлиги ва осойишталиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти муҳим.
Шундай шароитлардагина минтақамиз хорижий ҳамкор ва инвесторлар учун жозибадор бўлади», - деди президент.
Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида президент Ўзбекистонда Германия етакчи ишлаб чиқарувчиларининг юқори саноат технологиялари бўйича Марказий Осиё кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.
Давлат раҳбари минтақа даражасида «яшил» иқтисодиёт лойиҳаларини амалга ошириш учун Германия муҳандислик-лойиҳалаштириш марказлари ва саноат ҳолдинглари билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.
«Энг муҳим хомашё ресурслари соҳасидаги қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу соҳада ҳуқуқий асосни шакллантириш, хусусан, минтақамиз мамлакатлари ва Германия ўртасидаги тегишли битимни имзолаш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Марказий Осиё ички эҳтиёжларни тўлиқ таъминлаш ва Европа мамлакатларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш учун зарур салоҳиятга эгалигини экспертлар тасдиқламоқда», дейди Шавкат Мирзиёев.
Якунда давлат раҳбари Ўзбекистондаги ишбилармонлик ташаббуслари ва қўшма инвестиция лойиҳаларига ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаб, Марказий Осиё Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси эканини таъкидлади.
Мавзуга оид
15:13
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024