Ўзбекистон | 16:31 / 29.09.2023
6595
3 дақиқада ўқилади

«Шарқ» нашриёти ва ЎзАга тегишли биноларни хусусийлаштириш билан боғлиқ жараён ҳақида қўшимча маълумот берилди

28 сентябр куни АОКА биносида Маданий мерос агентлиги масъуллари иштирокида Ўзбекистоннинг археологик мероси муҳофазаси масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир давомида Kun.uz мухбири томонидан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига кирган «Шарқ» нашриёти ва ЎзАга тегишли биноларининг хусусийлаштирилиши бўйича савол билан мурожаат қилинди.

— Бир муддат аввал давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан пойтахтдаги «Шарқ» нашриёти ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бошқа бинога кўчирилиб, улар жойлашган бино сотилиши борасида хабар эълон қилинган эди. Бунга жавобан Маданий мерос агентлиги бу бинолар маданий мерос объекти ҳисобланиши ва уни сотиш мумкин эмаслиги ҳақида баёнот билан чиқди. Аммо кейинроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги у ердаги тўлиқ ҳудуд маданий меросга кирмайди, ҳудудларни келишиб олишимиз керак, дея яна муносабат билдирди.

Мана шундай баёнотлар ортидан катта муаммо ҳам кўриниб қолмоқдаки, Ўзбекистонда маданий мерос объектларининг реестри йўқми ва ёки бўлса, у нега ишламаяпти? Нега бу реестрдан давлатнинг барча органлари хабардор эмас?

Турсунали Қўзиев, Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари:

— Ҳа, сиз айтган жараёнлар ҳақида хабар топмаган ватандошларимиз деярли қолмади. Ҳозирда икки агентлик масалани аниқлаштириб боряпти. Аниқ реестри йўқми, деяпсиз. Олдин бундай камчиликлар бўлган ростан ҳам. Битта объект иккита бўлиб рўйхатга олинган ҳолатлар ҳам бор. Олдинги бўлган камчиликларни қўйиб турайлик. Ҳозир аниқлаш бўйича ишлар кетяпти, бутун дунёда маданий мерос объектлари атрофида бўладиган баҳсли ҳолатларнинг бир кўриниши бу ҳам. Асосий эътиборни айбдор излашга эмас, ўша объектларни сақлаб қилишга қаратишимиз керак бўлади. Шунинг учун охирги баҳсларда икки томон ҳам Тошкент шаҳрининг ташқи қиёфасини сақлаб қолиш бўйича келишув қилмоқда.

Мавзуга оид