Жамият | 11:12 / 29.09.2023
12901
3 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 200 га яқин тадбир ўтказилиши кутилмоқда

Бугун, 29 сентябрдан “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивалига старт берилди.

“Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали учинчи йилдирки, бутун дунё киноижодкорларини бир майдонда бирлаштирмоқда. Ўтган йили фестивалда 500 дан ортиқ кино ижодкорлари иштирок этган эди. Бу йилги тадбир янада кенгроқ қамровда ўтказилиши кутилмоқда. Тадбирлар нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтади.

Фестивал бўйича ОАВ ходимлари ва блогерлар учун ташкиллаштирилган пресс-брифингда Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, кинематография соҳасида рўй берган ижобий ўзгаришларга тўхталиб ўтди.

-       Икки йил аввал президентимиз томонидан Тошкент кинофестивалининг тикланиши

ўзбек маданий ҳаётининг том маънодаги тимсоли бўлмоқда. Жорий йилда 52 давлатдан ташриф буюрган 300 га яқин меҳмонлар орасида режиссёр актёр ва продюсерлар билан биргаликда ишончли ҳамкорлар бор. 30 га яқин давлатлар билан ҳамкорликда кинолойиҳалар амалга оширяпмиз.

Бу йил фестивал доирасида Худойберган Девонов томонидан суратга олинган дастлабки фильмнинг 115 йиллиги, ўзбек миллий дубляж санъатининг 85 йиллиги ва Тошкент кинофестивалининг 65 йиллиги каби муҳим воқеаларни бирлаштиришга ҳаракат қилдик, - деди Ф.Абдухолиқов.

Фестивалда Россия, Қозоғистон, Исроил, Хорватия, Япония, Польша, Франция, Латвия, Чили, Корея, Эстония, Германия, Португалия, Сингапур, Украина ва бошқа 30 дан ортиқ давлатдан кино ижодкорлари иштирок этади.

Бу йилги тадбирлар дастури қизиқарли воқеликларга бой бўлиши кутилмоқда. Кино залларида 50 га яқин филмлар намойиш этилади. Ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, муҳокамалар режалаштирилган. Режиссёрлар Эмир Кустурица, Ҳасан Назер, Абдул Латиф Салазар, Кшиштоф Занусси, Александр Сокуров, Жаник Файзиев, актриса Елизавета Боярская, “Такси” филми юлдузлари Сами Насери Фредерик Диефентал ва бошқа кўплаб кино олами юлдузларининг фестивалга ташрифи режалаштирилган.

Шунингдек, Маданият кунлари, Бутунжаҳон кино кунлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари кинофестивалини ўтказиш, филмлар намойиши ва муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирларга кириш бепул.

Бундан ташқари, анъанага кўра, фестивал арафасида “Кино 5 кун ичида” танловига старт берилди. Турли мамлакатлардан келган иштирокчилар қисқа вақт ичида ўз ижодий ишларини суратга олиб, ҳакамлар ҳайъатига тақдим этиши керак бўлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид