Ўзбекистон | 20:14 / 30.09.2023
12146
4 дақиқада ўқилади

Кредит, иш ёки контракт тўлови: ёшлар етакчилари республика ёшларига қандай ёрдамлар бериш ваколатларига эга?

Фаолияти йўлга қўйилганига кўп бўлмаган 10 мингга яқин ёшлар етакчилари томонидан республика ёшларининг электрон маълумотлар базаси шакллантирилган. Бугун мазкур маълумотлар асосида кўмакка муҳтож ёшларга давлат томонидан турли ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Булар қандай ёрдамлар? Умуман, ёшлар етакчилари ваколатларига нималар киради? Мутахассис жавоб берди.

Саволларга Ёшлар ишлари агентлиги бош мутахассиси Нуриддин Шодиев жавоб беради.

—   Ёшлар етакчилари қандай танлаб олинади?

—   Президентимиз томонидан 2022 йил 19 январда 92-сонли қарор билан ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Мактаб етакчилари бекор қилиниб, маҳаллага ўтганига сабаб мактабда шундоғам ёшларни бириктирувчи, назорат қилувчи тизим бор. Лекин маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир ёшлар бор. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун 9 444 та маҳаллада ёшлар етакчиси фаолияти йўлга қўйилди. Бу лавозим ташкил этилганда давлат хизматчиси сифатида очиқ танловга эълон берилган. Жами 45538 та талабгор ўз аризаларини топширган, ҳар бир ўринга 4,5 нафар номзод тўғри келган. Туман ва шаҳар ҳокимлари бошчилигида комиссия тузилиб, ҳар бир маҳаллага ёшларни ортидан эргаштира оладиган номзодлар танланган.

—   Ваколатлар ва ёрдамлар ҳақида маълумот берсангиз.

—   Ўтган 2 йилда ёшлар етакчиларига 30 хилдаги ёрдам кўрсатиш турлари ваколат сифатида берилган. Энг саралари: ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш учун 224 минг нафар ёшларга 5 трлн сўм кредит ажратилди. Тадбиркорликни йўлга қўйган ёшлар ўзи билан биргаликда бир нечта ёшларни ҳам иш билан таъминлайди; контракт масаласида 97 минг талабага 275 млрд сўм контракт маблағлари тўлаб берилган; етакчилари маҳалладаги ёшлар сонини аниқлаган. Уйма-уй юриб ёшларни рўйхатга олиб, ҳолати бўйича тўпланган маълумотларнинг барчаси электрон платформага киритилган. Бизда республика бўйича ёшлар базаси пайдо бўлган.

Ёрдамдан ташқари, иқтидорли, бўш вақти бўлган ёшларни турли мусобақаларга жалб қилиш ишлари ҳам олиб борилади. Мисол учун «5 ташаббус» тадбирларига 11 млн ёшлар жалб этилди. Бу тадбирлар 2 мавсумли бўлади, ҳозир иккинчи мавсум кетяпти. Таълим муассасаларида ҳам «5 ташаббус» мусобақалари ўтказиляпти.

Ёшлар етакчилари давлат томонидан қандай шароитлар билан таъминланган?

— Ёшлар етакчиларига 92-сонли қарорга кўра, ҳар чоракда уларнинг ишлари самарадорлигига қараб ойлик маошининг ярми баробарида мукофот пули берилади. Бундан ташқари, ҳар чоракда топ-100 талик рейтинг юритилади ва 100 та етакчига ойлик маошининг бир баробарида мукофот пули берилади. Ўз уйидан узоқда ишлаётган етакчиларга ижара пуллари ҳам тўлаб берилади. Ҳозир 1600 дан ошиқ етакчилар ўз фаолиятини алмаштирган, шулардан 220 нафари юқори лавозимларга кўтарилган. Шу ўтган қисқа вақт ичида 11 нафар етакчи давлат мукофотларини қўлга киритди. Турли соҳавий мукофотларни олганлар ҳам бор. 20 дан ошиқ етакчиларни хорижий давлатларга тажриба алмашиш учун юбориш тизими ҳам бор.

Мавзуга оид