Жаҳон | 21:01 / 30.09.2023
14146
9 дақиқада ўқилади

Сербия–Косово низоси – Европанинг юрагидаги “порох бочкаси”

Ўтган ҳафта охирларида Косово-Сербия муносабатлари доимий зиддиятдан юқорироқ даражага кўтарилди. Шу асосда, Kun.uz тарихий, этник ва диний омиллар сабаб чигаллашиб кетган Болқондаги вазиятни шарҳлаш учун экспертларни “Геосиёсат” дастурига таклиф қилди.

Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Жаҳонгир Акрамов бўлди.

— Болқонда беш фасл бор дейишади, яъни – баҳор, ёз, куз, қиш ва уруш фасли. Бу минтақа нега доим қайнаб турган қозондек? Собиқ Югославия таркибига кирган Косово ва Сербия ўртасидаги конфликтнинг асл илдизлари қаерда?

Фарҳод Каримов: Бу ерда масала иккинчи жаҳон урушидан кейинги ва совет иттифоқи парчаланишидан кейинги давр билан боғлиқ. Совуқ уруш бошланиб, дунё иккига бўлингач, социалистик ва капиталистик блоклар назорат қилувчи ҳудудлар бор эди. Икки қутб фони остида этник, ҳудудий ва бошқа муаммолар кўтарилмасди, босимла ушлаб турилар эди. Ўша жойларда можаро бўлиши марказлар манфаатига тўғри келмасди.

1991 йилдан кейин қутблар йўқолди. Социалистик блок таъсирида бўлган ҳудудларда тарихан мавжуд бўлиб, лекин 1945 йилдан кейин фон ортида йўқолган муаммолар юзага чиқа бошлади. Шундай муаммоларлан бири Югославия, Сербия, Албания, Косово муаммолари. Бу ерда миллатлар идентификацияси, ўз тақдирларини ўзлари белгилаш масалалари кўтарилди. Собиқ иттифоқ парчалангач, унинг таъсирида бўлган ҳудудларда ҳам шундай муаммолар чиқа бошлади. Шимолий Африка ва Шарқий Европа шундай муаммолар кўрина бошлади. 1999 йилда Югославияда парчаланиш бошланди, НАТО қўшинлари кирди, миллий-этник муаммолар бошланди. Косово муаммолари пайдо бўлди, Косовода Сербия таркибидаги албан мусулмонлар яшарди. Усмонийлар империяси даврида мусулмонлар кўчириб келинган. Албанлар ҳозир серблардан кўп, 95 фоизгача етди. Ўзи серблар Югославия парчаланишига ҳам қарши эди, кейинчалик Косово ажралиб чиқишига ҳам қарши бўлишди. Лекин дунё ҳамжамияти, АҚШ каби давлатлар ёрдамида Косово давлати ташкил топди.

1999 йилдаги ва ҳозирги Косово муаммоси фарқ қилади. Ўша пайт фақат Косово муаммоси эди, энди улар билишадики Косовони 90 дан ортиқ давлат тан олди, энди қайтариб бўлмайди. Шунинг учун Косово шимолида жойлашган серблар масаласи кўтариляпти. Косоводаги серблар ҳам мустақил бўлишга ҳақли деган масала кўтариляпти.

Жаҳонгир Акрамов: Албанлар 2 минг йил илгари Болқонга кирган иллерияликларнинг авлоди ҳисобланади. Славянларнинг Болқонга кириб келиши эса 6-асрга бориб тақалади. Бу икки халқ асрлар давомида конфликт ичида бўлган. 14-аср охиридаги Косово жангида Боязид Елдирим сербларнинг йирик кучини енгади ва Сербия мустақиллигини йўқотади. Косово жанги серблар учун муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун улар Косовони тарихий мотив деб билишади. Усмонийлар империяси даврида албанлар мусулмонлашиб борди ва турклар Болқонни ушлаб туриш учун мусулмон бўлган албанлардан фойдаланишга ҳаракат қилди.

Косово аҳолиси кўп бўлса ҳам, Сербия таркибига ўтиб қолиши 19-аср иккинчи ярмидаги буюк давлатлар ўртасидаги Антанта келишувига боғлиқ. Сербиянинг қўлловчилари Франция ва Англия эди, шунинг учун улар албанларни ҳам қўшиб олган.

Албания 1912 йилда мустақил бўлгач, Сербиядан албанлар яшовчи ҳудудларни талаб қилган, аммо буюк давлатлар Сербияни қўллаган. 1913 йилдаги конференцияда Сербия ҳуқуқларини тан олишган.

Фарҳод Каримов: Болқон тўртта катта куч тўқнашган ҳудуд ҳисобланади. Бир томондан Россия, бир томондан Ғарб, яна бир томон Усмонлилар ва мусулмон дунёси. Шунинг учун ҳам этник ва диний турфалик бор, ҳар бир куч маълум муддат ҳукмронлик қилган у ерда. Бу муаммоларни ҳал этиш жудаям қийин. Ички субъектларнинг ўзи буларни ҳал қилолмаслигига сабаб ҳам шу.

— Позицияларда бир хил масалага турли стандартлар мавжудми? Ҳозирда Коллектив Ғарбнинг Косово-Сербия масаласида позицияси қандай?

Фарҳод Каримов: Халқаро ҳуқуқда иккита бир-бирига мувофиқлашмайдиган ёндашув бор. Биринчиси, ҳар бир халқ-миллат ўз идентификациясидан келиб чиқиб келажагини белгилаш ҳуқуқига эга. Иккинчиси, ҳар бир давлат ўз ҳудудий яхлитлигини сақлаш ҳуқуқига эга. Яъни бундай ёндашув халқаро ҳуқуқдаги камчиликлардан далолат. Тарихан бундай муаммолар бор. Масалан, Испанияда Каталония, Ирландия бор, Украинада Донецк, Луганск бор. Лекин ҳар биттасига ҳар хил ёндашилади, яъни геосиёсий кучлар манфаатига кўра ёндашилади.

Косово Сербияга нисбатан Ғарбнинг воситаси бўлади. Чунки Сербия ташқи сиёсатда Ғарбга йўналиш олмади, Россия билан яқин бўлиб қолди. Тўғри, Сербияда ҳам демократик ўзгаришлар бор, лекин бирдан ташқи сиёсатни ўзгартириб бўлмайди. Масалан, Грузиянинг ташқи сиёсатини ўзгартириши анча оғриқли кечди. Арманистон шундай оғир жараёнда ҳозир. Балки Сарбия ташқи сиёсий йўналишини ўзгартирмас, лекин бу борада мустақил бўлиш учун ҳам мана шундай босқичдан ўтиши керак.

Косово 1999 йилда мустақил бўлган бўлса, ўша пайтда бир гуруҳ серблар мамлакат шимолига жойлашди ва 3 та провенцияни ташкил қилади. Ҳозирги муаммо ўша 3 та провенция борасида бўляпти. Косово мустақиллиги ҳақида гап кетмаяпти бу ерда, аллақачон тан олинган бу давлат. Тўғри, Испания, Россия каби давлатлар тан олмади, чунки уларнинг ўзида шундай муаммо бор, ўзларида ҳам шундай бўлишидан, прецедент бўлишидан қўрқишади. Арманлар ва озарбойжонлар муаммоси каби вазият. Серблаштириш орқали нари борса, серб тилини сингдиришлари мумкин эди, аммо диний жиҳатдан қўшилиб кетишмасди барибир.

Жаҳонгир Акрамов: Халқаро ҳуқуқнинг икки қарама-қарши принципи яққол кўзга ташланади бу ҳолатда. Совуқ уруш даврида халқлар ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш масаласи кўтарилди, бундан СССР ҳам, АҚШ ҳам бир қадар манфаатдор эди. Чунки Европанинг мустамлакачи давлатларига қарам бўлган давлатларни улар таъсиридан чиқариш керак эди.

Югославия парчаланишига сабаб бу ерда ҳам империячилик кайфияти бўлган барибир ва Сербия асосий давлат бўлган. Болқон давлатлари парчаланиши Ғарб давлатларига ҳам қўл келган, чунки ўз вақтида Югославия обрўси анча юқори эди, катта давлатларга рақобатчи бўла оларди.

Косовога федерал республика мақоми берилмаган Югославия таркибида бўлган пайтда. Улар учун бу камситиш бўлган. Миллий ҳаракатни бошлашга сабаб бўлган бу ҳам. Серблаштириш ҳаракатлари ҳам бўлган.

— Косово можаросида ташқи таъсир ва манфаатдор ўйинчилари қандай иштирок этмоқда? Уларнинг манфаатлари қайси хатти-ҳаракат ва ташқи сиёсий амалиётларида намоён бўлмоқда?

Фарҳод Каримов: Юқорида айтганимдек, Болқон кучли давлатлар манфаатлари тўқнашадиган ҳудуд бўлган доим. Қайсидир маънода геосиёсий майдонга айланиб қолди. Бу ерда Россия манфаатлари биринчи ўринда. Ҳозир Болқонда Россияга яқин бўлган фақат Сербия қолди, шунинг учун Сербияни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилади. Иккинчи сиёсий кучлар эса Европа ва Буюк Британия, АҚШдан ҳам ҳаракати кучлироқ унинг. Европада ўз таъсирини кўрсатиш учун айнан Болқонда ҳаракат қиляпти Британия. Учинчи куч эса мусулмон дунёси давлатлари, яъни Форс кўрфазидаги. Косово мустақиллигини биринчи қўллаган давлатлар Саудия Арабистони ва БАА бўлган эди. Чунки мусулмонлар яшайди Косовода. Ўзи Европада битта давлатига эга бўлган мусулмонлар албанлар ҳисобланади. 1999 йилларда Саудия Арабистонининг геосиёсий ҳаракатлари бўлган. Саудиядан ташқари баъзи экстремистик ҳаракатлар ҳам фаол бўлган ўша пайтларда, бир пайтлар Марказий Осиёда ҳам шундай бўлганди. Албания ҳам бу экстремистик гуруҳлардан воз кечган. Ва бундан кейин Форс кўрфази давлатлари билан Албания муносабатлари бироз совуқлашиб, ички ишларга аралашиш тўхтаган.

Туркия манфаатлари ҳам бор бу ерда. Тарихий нуқтаи назардан Туркия ҳали ҳам бу ҳудудга ўзини тааллуқли деб билади. Шу сабаб геосиёсий, иқтисодий манфаатлари бўлиши учун ҳаракат қилади. Бу ҳам табиий, албатта.

Жаҳонгир Акрамов: Асосий кучлардан бири – Россия. 19-асрдан бери Россияда иккита асосий йўналиш бор, булардан бири славян-финлар йўналиши. Россия барча славянларнинг етакчиси сифатида қараш бор. Шу сабабдан Туркия билан бир неча марта уруш ҳам қилган. Бугунги кунда ҳам мана шундай ғоялар кураши бўлиб келмоқда.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид