Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тозаланадиган” ЎТЙ, портлаган логистика маркази ва РФнинг бензинга тақиқи — “Иқтисодий таймлайн”
Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистонга бензин етказиб берувчи асосий давлатлардан бирига айланган Россия бензин экспортига чеклов киритди. Швейцарияда Гулнора Каримова иши судга оширилди. “Ўзбекистон темирйўллари”нинг ўнлаб носоҳавий тадбиркорлик субъектлари компания эгалигидан чиқарилиши айтиляпти. Ҳафта иқтисодий янгиликлари – “Иқтисодий таймлайн”да.
Россия ҳукумати ички бозорда нархларни барқарорлаштириш изоҳи билан бензин ва дизел экспортини тақиқлади. Таъминотнинг чекланиши Россиядан катта миқдорда нефт маҳсулотларини импорт қилаётган Ўзбекистондаги нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Вақтинчалик чеклов 21 сентябрдан кучга кирган, унинг амал қилиш муддати аниқ кўрсатилмаган. Чеклов Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистонга нефт ва нефт маҳсулотларининг импорти 48 фоизга кўпайиб, 1 млрд 98 млн долларни, экспорти эса 86,5 фоизга ошиб, 175,5 млн долларни ташкил қилган.
Расмий статистикада Ўзбекистон бензинни қайси давлатдан ва қанча миқдорда импорт қилиниши ҳақидаги маълумотлар акс этмайди, аммо ОАВ маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ-апрел ойларида импорт бензиннинг қарийб 98 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.
“Ўзбекистон темирйўллари”нинг носоҳавий тадбиркорлик субъектлари компания эгалигидан чиқарилади
Президент Шавкат Мирзиёев темирйўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда “Ўзбекистон темирйўллари”нинг носоҳавий активларини сотиш ёки бошқа тармоқларга ўтказиш, сотишдан тушган маблағларни темирйўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш вазифаси қўйилди. Президент темирйўлларнинг носоҳавий активлардаги иштирокини қатъий тақиқлади.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон темирйўллари кўплаб корхоналарда улушдор. Улар орасида кўмир қазиб олувчи, кўприк қурувчи, турли-туман қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи, радиоэшиттиришлар, мева-сабзавот логистикаси, йирик шохли қорамолларни кўпайтириш кабилар билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари бор.
Шунингдек, темирйўл компаниясининг активлар портфелидан “Локомотив” футбол клуби, Наврўз ва Локомотив истироҳат боғлари, “Угам-Чотқол давлат биосфера резервати” ҳамда “Шоввозсой” дам олиш маскани ҳам жой олган.
Сергелидаги омборда портлаш
28 сентябрга ўтар кечаси, тунги соат 3 га яқин Тошкент шаҳар Сергели тумани Қурувчилар даҳасида жойлашган омборхонада ёнғин бошланиб, сўнг кучли портлаш рўй берди. 15 минг квадрат метрни қамраб олган ёнғин 8 соатда ўчирилди. Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида 163 киши жароҳатланди, бир киши ҳалок бўлди.
Айни пайтда Сергелида портлаган омборхона кимга тегишлилигига оид савол ҳам жамоатчилик эътиборида. Маълум бўлишича, воқеа “Interlogistics” компаниясининг божхона омборида содир бўлган. Бу компания 2016 йил 11 августда рўйхатга олинган. Устав капитали – қарийб 49 млрд сўм. Унинг 78,9 фоиз улушига Дубайда рўйхатдан ўтган “Integra benefit investments”, қолган 21,1 фоиз улушига эса Ўзбекистонда 1995 йилда очилган Benif қўшма корхонаси эгалик қилади. Ўз навбатида, Benif'нинг ҳам асосий мулкдори – Integra benefit investments.
Логистика маркази тез бузиладиган товарлардан тортиб то йирик ҳажмгача бўлган товарларни қабул қилиш, сақлаш, божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва жўнатиш бўйича хизматлар кўрсатади. Компания вакиллари журналистларга омборда портловчи ёки тез ёнувчи моддалар сақланмаганини айтди. Портлаш сабабига жиноий иш тергови доирасида Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти аниқлик киритади.
Тендерлардаги ғирромликлар
Рақобат қўмитаси 2023 йилнинг январ-август ойларида 8964 та тендер савдолари жараёнида 12 826 та рақобатга зид ҳаракатларни аниқлагани ҳақида хабар берди. Хусусан, “Тошкент метрополитени” 8,2 млн долларга микропроцессор харид қилишда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 23,6 млрд сўмга асбоб-ускуналар сотиб олишда қонунчилик талабларини қўпол равишда бузган.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ўтказган бошланғич қиймати 4,8 млн долларга тенг бўлган тендерда иштирокчилар буюртмачининг талабларига мос келмаса-да, ғолиб деб эътироф этилган.
Андижон вилояти ҳокимлигининг ягона буюртмачи хизмати бошланғич қиймати 8,5 млрд сўм, “Алоқабанк” эса бошланғич қиймати 1,2 млрд сўмга тенг бўлган тендерда қонунчилик талабларини бузгани аниқланган. Рақобат қўмитасига кўра, аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилган.
Каримова иши судга оширилди
Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримова иши бўйича 5 йил давом этган терговни якунлаб, ҳужжатларни Швейцария федерал судига юборди. Айблов хулосасига кўра, Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи ишчи номи “Офис” бўлган жиноий ташкилотда иштирок этиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, хорижий давлат амалдори сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларда айбланмоқда.
Прокуратура Каримовадан ташқари Россия телекоммуникация компанияси ўзбек филиалининг собиқ директорига нисбатан ҳам айблов эълон қилган. Бу компания номи ва раҳбарининг исми-шарифи маълум эмас. Уларга қўйилган айбловлар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади.
Швейцарияда 2018 ва 2021 йиллар оралиғида тергов натижасида тўрт киши судланган ва пул ювиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Шу билан бирга, 340 миллион франкдан ортиқ пул Ўзбекистонга қайтарилиши учун мусодара қилинган. Ҳозирда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчи иши бўйича 440 млн франкдан ортиқ қийматдаги активлар ҳибсда қолмоқда.
Якунланаётган ҳафтада содир бўлган бошқа янгиликларга қисқача тўхталамиз:
- Ўзбекистонда жорий йилнинг январ-август ойларида газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 фоизга ёки 3,26 млрд куб метрга қисқарди. Электр энергияси ишлаб чиқариш эса 5,4 фоизга ёки 2,78 млрд kWhʼга кўпайди.
- Ўзбекистон илк бор тарвуз экспортини 100 минг тоннадан оширди ва мамлакат бу маҳсулотни экспорт қилувчи 10 та энг йирик давлат қаторига кириши кутиляпти.
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг икки ўринбосари — Олимхон Рустамов ва Сарвар Ҳамидов лавозимидан озод этилди. Рустамов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимини тарк этган. Ҳамидовнинг истеъфосига эса сабаб кўрсатилмаган.
- Солиқ қўмитасининг буйруғи билан, бирданига 30 та туман ва шаҳар солиқ инспекцияларига янги бошлиқлар тайинланди. Шу ой бошида 12 та инспекцияда янги раҳбарлар иш бошлаган эди.
- 1 октябрдан эътиборан, табиий ва сунъий сув ҳавзалари ҳамда сув омборларини балиқ етиштириш ва бошқа мақсадлар учун ижарага бериш бошланади.
Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
07:39 / 22.05.2025
Тянжин–Тошкент йўналишидаги биринчи поезд жўнаб кетди
18:55 / 01.04.2025
Шовотда бензин цистернасига тушган йигит заҳарланиб вафот этди
21:05 / 27.03.2025
Бухоро нефт заводи жаримага тортилган. Рақобат қўмитаси тафсилотларни очиқламади
13:23 / 10.03.2025