Жамият | 10:10 / 01.10.2023
24810
13 дақиқада ўқилади

Таълимдаги имтиёзлар – ижтимоий тенгсизлик илдизи. Мутахассислар билан суҳбат

Максимал балл тўплаганига қарамай, контракт асосида ўқишга қабул қилинган ёшлар шов-шув кўтарилиши ортидан грантда ўқийдиган бўлди, лекин бу муаммо илдизи билан ҳал этилди дегани эмас.

Бу воқеа мисолида ижтимоий тармоқларда таълимдаги ижтимоий адолат масаласи муҳокама марказига чиқди. Хўш, аслида таълимда ижтимоий адолат қандай бўлади, унинг мақсад-вазифалари нималардан иборат, бу борада Ўзбекистон олий таълим тизими қанчалик адолатли?

Мавзу атрофидаги саволларни таҳлил қилиш мақсадида Kun.uz олий таълим мутахассиси Азамат Акбаров ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатлашди.

– Дастлаб, суҳбатнинг асосий қисмига ўтишдан олдин ижтимоий адолат тушунчасига таъриф берсак. Аслида ижтимоий адолат нима, таълимда тенглик бўлиши қанчалик аҳамиятли, сизнингча?

Азамат Акбаров: Одатда халқ ва давлат ўртасидаги келишув пайдо бўлганидан кейин давлатга адолатни ҳимоя қилиш вазифаси юклатилади. Бу – адолатнинг ҳуқуқий томонлари. Қайсидир жамиятда тенгликка путур етадиган бўлса, демакки, ҳуқуқий нормалар ишламаяпти.

Сиз кимгадир сўз бериб, уни бажармасангиз, бу адолатнинг ахлоқий нормасига, ижтимоий тенгсизликка ҳам киради. Турли хил давлатларда ижтимоий тенгсизлик сабаб инсонлар ҳар хил кўринишда ўз фикрларини билдиришган. Яъни жамиятдаги адолатнинг пойдеворларига зарба бериладиган бўлса, бу ерда, албатта, инсонлар ўзининг норозилигини билдиради.

Имконлар ва даромадлар... Имконлар ҳар бир жамиятда тенг тарқатилиши лозим. Буни бошқача айтганда, “contributive” адолат, яъни ҳисса қўшган ҳолда бўлиши мумкин. Қолаверса, имконлар дейилганда, яхши яшаш, сифатли тиббиётдан фойдаланиш, инсон ўзининг иқтидорини ривожлантириши, ўзи истаган ишга кириб ишлаши ёки билим олишини келтирса бўлади. Менимча, бу имкониятлар давлатларда тенг тарқатилиши керак.

Баъзи даромадлар инсоннинг салоҳияти, жамиятга қўшадиган ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш саналади. Масалан, қайсидир олим ўз вақтида қилган кашфиёти, ёзган мақоласи учун рағбатлантириш, моддий пул ололмайдиган бўлса, ўз устида ишламайди. Мактаб ўқувчилари ҳам шундай. Кимдир яхши ўқигани учун 11-синфдан кейин олтин медал ёки бошқа нарса берилади. Яъни давлатда мана шу имкониятлар ва даромадлар масаласида қандайдир бир суиистеъмолликка бориладиган бўлса, у ерда, албатта, механизмлар бузилишни бошлайди.

Агар биз билим олиш имкониятларини тенг тарқатмайдиган бўлсак ёки инсон ўзи истаган ишда ишлай олмаса, бундай жойда адолат бузилади. Яъни қоидасиз рақобат ўртага киради. Агар биз мана шу қоидасиз рақобатга нормал қарайдиган бўлсак, кимдир ўзининг ижтимоий мавқейидан келиб чиқиб, ундан фойдаланиши мумкин.

Хушнудбек Худойбердиев: Умумий маънода таълимда ижтимоий адолат бу – ҳаммага тенг имкониятлар яратиш деб тушунилади. Энди мен бироз масаланинг ичига кириб гапирсам, ижтимоий адолат ўзи борми, деган савол кўпроқ давлат ОТМга берилиши керак, шунда бу адолатдан бўлади. Масалан, менга хусусий университетларнинг кимга қандай имтиёз бераётгани умуман қизиқ эмас. Айтайлик, тадбиркор навоийлик ёшларга грант бераман дейди, билганини қилаверсин. Мен нега қашқадарёлик ёки хоразмликка бермаётганини сўрамайман. IELTS бор талабгорларга қўшимча грант бераман деса ҳам билганини қилаверсин, лекин худди шу нарса давлат ОТМ билан бўладиган бўлса, бунда менда саволлар пайдо бўлишни бошлайди. Нега? Чунки давлат олийгоҳларининг асосий молиялаштириш манбайи бюджетдан, яъни халқнинг солиқлардан йиғилган пулларидан иборат. Демак, у ерда менинг ҳам қанчадир миқдорда ҳиссам бор. Мен ҳам у ерда пулларим тўғри ишлатилишини хоҳлайман.

Шу нуқтайи назардан, давлат ОТМдаги имтиёзлар кўп муҳокама қилинади. Нима сабаб одамлар бу масалалар ҳақида кўп гапиришади, оғриқли қабул қилишади, чунки ҳамма бюджет пули аслида халқ пули эканини тушуна бошлади. Мана шу дахлдорлик тушунчаси сингдириб олингандан кейин бу саволлар кун тартибига янаям кўпроқ чиқмоқда. Шунинг учун давлат ОТМга кириш нуқтайи назаридан айтаманки, биз имтиёзларни умуман ревизия қилишимиз керак.

Имтиёз беришнинг маълум бир ғояси бўлиши керак. Умуман берилмасин дейиш ҳам ўта нотўғри талаб деб ўйлайман. 40 дан ортиқ имтиёз бор, ҳаммасини бекор қилайлик дейиш ҳам бироз нотўғри талаб бўлади. Чунки унинг орасида халқаро фан олимпиадаларида медал олганлар бўлади. Буни бекор қилиш нотўғри, чунки бутун дунё тан олган нарсани биз тан олмаслигимиз ақлга сиғмайди. Чунки мен 100 фоиз ишонаманки, бизни қабул қилувчилар, тест тузувчилар халқаро фан олимпиадасини савол тузувчилари, баҳоловчиларидан даражаси ортиқ эмас, қайсидир боланинг билимли ёки билимсиз эканини улардан ортиқ баҳолаб беролмайди. Мен шунга ишонаман, шунинг учун айтаманки, нима учун уни қайта баҳолашимиз керак?

Ёки IELTS'дан 7-8 балл олганларга максимал балл бериш кўринишидаги имтиёз бор. Мен ҳам яна гапираман, ДТМнинг British Council каби халқаро тил билиш даражасини объектив баҳолашига ишонмайман. Яъни British Council’ни устун кўраман. Ёки айтайлик, инклюзив таълим нуқтайи назаридан ногиронлиги шахслар учун бериладиган имтиёзни ёқлайман.

Мана шу ҳолатда ҳаммасини бекор қилиш – популистик талаб. Моҳиятига қараб, бизда ғоя бўлиши керак. Имтиёзни ким учун беряпмиз ва бундан кўзланаётган мақсад нима? Нима плюс ва минуслари бор? Биз бу борада кўп ҳам таҳлил қилмаймиз-да, қайсидир бир соҳани ривожлантириш керак бўлса, шу борада қандайдир президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори тайёрланаётган бўлса, айтайлик, узумчилик соҳасини ривожлантириш учун нима қилиш керак, дейишса, узумчиларнинг фарзандларига кириш имтиҳонларида имтиёз беришимиз керак деймиз. Бўлди, шу билан кетди, унинг узумчилик соҳасини ривожлантиришга нима алоқаси бор, қандай корреляция бор, неча йилдан кейин ривожланади, мантиқли ёки мантиқсизми, умумий ғояга тўғри келадими, ўйламаймиз. Жуда кўп имтиёзлар мана шу кўринишда чиқиб кетиб қолган, афсуски. Буни қайта кўриб чиқишимиз зарур.

– Яқинда максимал балл тўплаб контрактда ўқиётган талабалар масаласи кўтарилди. Бу борада ҳам фикрингизни билдириб ўта оласизми, ўзи аслида максимал балл олиб контрактга тушгани адолатсизлик эди, охирида фақат уларгагина президент гранти ажратилгани адолатлилик принципига тўғри келадими?

Хушнудбек Худойбердиев: Кўпчилик бу нарсани бироз нотўғри тушунган бўлиши мумкин. Бунинг ҳам сабаби бор, бунда уларни айбламайман. Президент грантлари учун тегишли қарор эълон қилинганда, фақат 6 кишининг фамилияси берилганди, шунинг учун кўплаб одамлар фақат 6 нафар талабага грант берилди, қолганларга берилмади деб ўйлашди. Йўқ, аслида президент гранти ўтган йилдан бошлаб берилаётган тизим ҳисобланади. Энг юқори балл олган 200 нафар талабага берилади, маълум бир соҳалар кесимида квотаси бўлади, шу квота доирасида ўтиш балли белгиланади. Ижтимоий соҳа, аниқ фанлар, юриспруденция каби йўналишлар бўлади – умуман шу йўналишларда энг юқори балл олган 200 нафар абитуриентга берилади дейилади. Лекин 2 йилдан буён бу грант 200 нафардан ҳам кўпроқ номзодларга берилмоқда. Нимага? Чунки бир қоида бор, агар охирги квотадаги абитуриент билан тенг балл нечта бўлса, шуларнинг ҳаммасига берилади.

Мисол учун, 2022 йилда президент гранти 260 нафарга яқин талабага берилган. Чунки 60 га яқин абитуриентлар охирги билан бир хил балл тўплагани учун улар ҳам грант оладиган бўляпти.

Энди ҳозирги ҳолатда 200 нафардан ортиқ абитуриентга президент гранти берилди ва кўп муҳокама бўлгани учун шу жумладан, мана шу 6 нафар талабага ҳам грант берилди деб хабар қилинди. Чунки 189 балл олиб контрактга тушганлар сони 6 нафар эди, яъни бошқа йўналишларда бундай ҳолат кузатилгани йўқ. Атиги 1,1 балл билан биттагина саволни хато ишлаб 187,9 балл олиб, контрактга тушганлар ҳам бор. Ёки шундай йўналишлар бўлиши мумкин, ўзи умуман грант квотаси йўқ. У ерда ҳам 189 балл олиб контрактга тушганлар бўлиши мумкин, буни ҳали текширганим йўқ. Нимага, чунки у ерда ўзи грант йўқ. Лекин грант бўла туриб, максимал балл билан контрактга тушганлар сони 6 нафар эди.

Оддийгина мантиқни ишлатсак, грантда биттагина ўрин бўлса ҳам, 189 балл олиб, контрактга тушиш эҳтимоли йўқ, бу нолга тенг. Нимага, чунки яна бир қоида бор. Яъни агарда биттагина грант ўрни бор, аммо максимал балл тўплаганлар 6 нафар десак, уларнинг ҳаммаси грантга киради, қоида шундай. Ўтиш баллини бир хил тўплаганлар қўшимча равишда қабул қилинади. Агар грант учун ҳужжат топширилган йўналишда квота бўлса, максимал балл олиб контрактга тушиш умуман мантиққа тўғри келмайди.

Хулоса шуки, фақат 6 нафар бола грантга ўтказилгани йўқ, 200 нафардан зиёд талабага президент гранти берилди. Бу ерда ўзи нотўғри жойи ҳам бор, шу 200 нафардан зиёдининг 80 фоизи шундоқ ҳам грантга кирган абитуриентлар эди, уларга президент гранти шарт эмасди. Бу грант кейинчалик фақат қимматлаштирилган стипендия олишга ёрдам беради холос. Лекин бюджетга ўтказиб қўйилди деган ҳолатлар фақат битта-иккита вазиятларда бўлди.

Ана энди “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига берилган имтиёз бўйича гапирсам, бу билан боғлиқ вазиятда ечим берилмаган. Мандат чиққанида ҳам айтгандим, кимлардир бу ерда чиқиб олиб ақллилик қилади, яъни “биз буларга президент грантини берамиз, бу еридан хавотир олманглар”, дейиши мумкин. Лекин буни ҳам мантиқан олиб қарасак, президент гранти берилганида унинг ичида 189 балл бўлиши 100 фоиз аниқ эди. Бошқача эҳтимоли йўқ. ЖИДУда 187,9 балл олган, яъни мажбурий фандан атиги биттагина саволни хато ишлаб қўйган қизлар бор, улар 4 нафар эди. Йигитлар ҳам бор, лекин ўша йигитларда назарий жиҳатдан эҳтимоли бор эдики, улар ҳам “Темурбеклар мактаби”га бориб, имтиёз олиши мумкин эди. Шунинг учун бу вазиятда кўпроқ қизларга эътибор қаратдим. Бу ерда аниқ жинсий дискриминация бор эди. Ўша бечора қизлар атиги битта хато қилгани эвазига контрактда ўқийди, бу – президент гранти вазият учун ечим эмаслигининг яна бир исботи. Балки улар ҳам президент грантига ўтган бўлиши мумкин, мен адашаётгандирман, буни кўриш керак. Лекин барибир бу оқибатлар билан курашиш бўлди, сабаблар билан эмас.

Энди “Темурбеклар мактаби”га берилган имтиёзнинг ўзи ҳақида. Биз жуда ҳам бир ажойиб одаммиз. Масалан, ёғ қизиётган вақтда ёниб кетса, унга сув қуйиш мумкин эмас. Сув қуйсангиз, реакцияга киришиб, даҳшатлироқ даражада ёнғин бўлади. Бир марта ёғ қизитаётган одам ёниб кетган вақтда сув қуйса, ёниб кетганини кўрса, иккинчи сафарга бу хатони такрорламайди. Фақат аҳмоқ одам сув қуйиши мумкин. Бизда “Темурбеклар мактаби”га берилган қўшимча балл кўринишидаги имтиёз аввал ҳарбий тавсиянома олган абитуриентларга бериладиган имтиёз билан бир хил кўринишда давом этди. Кейин биз бу масалани кўп маротаба кўтардик, охири ҳукуматнинг калласи ишлаб қолиб, қўшимча балл бериш имтиёзини бекор қилиб, алоҳида квотада курашиш учун шароит яратди. Бунга нисбатан чидаса бўлади, аммо буни ҳам муҳокама қиладиган жиҳатлари бор. Лекин орадан вақт ўтиб худди шундай кўринишдаги имтиёзни ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига чиқариб беришди.

·       Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид