Жамият | 15:46 / 03.10.2023
38998
3 дақиқада ўқилади

Бухоролик эркак “Ёр-ёр” кўрсатуви орқали танишган ғузорлик аёлни ўлдириб қўйди 

Қашқадарёда бир-бири билан “ЗўрТВ” телеканалининг “Ёр-ёр” кўрсатуви орқали танишган жуфтликнинг навбатдаги учрашуви қотиллик билан тугади. “Куёв”га суд ҳукми билан 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Фото: Видеодан кадр

Ғузор туманида ўзи билан учрашиб юрган аёлни ўлдирган жондорлик 36 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди.

“Бир жиноят изидан” кўрсатувида маълум қилинишича, 2023 йилнинг 28 феврал куни Ғузор тумани ИИБга туманнинг Миришкор қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Сурайё Мелиқулова синглисининг уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган. Тезкор тергов гуруҳи зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

Марҳуманинг жасади ҳовлидаги чуқурлиги 2,5 метрлик қудуқдан чиқариб олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғтилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Тергов жараёнида марҳума кейинги пайтларда Бухоро вилоятининг Жондор тумани, Демун маҳалласида яшовчи 1987 йилда туғилган Сурат Эргашев билан аҳду-паймон қилиб, учрашиб юрганлиги аниқланган.

2021 йилда турмуш ўртоғидан ажрашган Сурайё оила қуриш мақсадида “ЗўрТВ” телеканалида эфирга узатиладиган “Ёр-ёр” кўрсатувига чиқиш қилади. 2021 йилнинг декабр ойида унга Жондор туманида яшовчи Сурат Эргашевдан қўнғироқ бўлади. Уларнинг илк танишуви шундай бошланган эди.

Гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган Сурат Эргашев аввалига терговни чалғитишга уринади. Аммо бундан наф чиқмагач, Сурайё Мелиқулова билан “Ёр-ёр” кўрсатуви орқали танишиб, учрашиб юрганлигини айтиб беради.

Ғузорга серқатнов бўлиб қолган “куёв” Сурайё билан унинг синглисининг уйида учрашиб юраверади. Аммо тўйдан дарак йўқ эди. Бундан тоқати-тоқ бўлган Сурайё навбатдаги учрашувда Сурат Эргашев билан жанжаллашиб қолади. Жанжалнинг охири эса яхшилик билан тугамайди: эркак аёлга тан жароҳати етказиб, ҳушсиз ҳолга келтиради. Сўнгра эса уни ўлди деган ўйда ҳовлидаги қудуққа ташлаб юбориб, ўлимига сабабчи бўлади.  

Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман судининг ҳукми билан Сурат Эргашевга 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.  

“Ёр-ёр” кўрсатувида турмуш қуриш истагида бўлганлар эфирга олиб чиқилади. 2021 йил 24 ноябр куни президент Шайхонтоҳур туманига ташриф буюриб, маҳаллалар фаоллари билан учрашганида давлат раҳбарига “Ёр-ёр” кўрсатувидан шикоят қилинган эди. Президент ўшанда тадбирда иштирок этаётган бош вазирга ушбу масалани назоратга олиш бўйича топшириқ берганди.

Мавзуга оид