Жаҳон | 15:20 / 03.10.2023
9607
2 дақиқада ўқилади

Физика бўйича Нобел мукофоти электронларни ўрганган олимларга берилди

Физика бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти электронлар бўйича тадқиқотлари учун АҚШ, Германия ва Швециядан уч нафар олимга берилди.

Фото: Twitter / NobelPrize

Физика бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти совриндорларига Оҳайо университети (АҚШ) вакили Пер Агостини, Макс Планк институти ва Мюнхендаги Людвиг-Максимилиан университети (Германия) ходими Ференц Краус ва Лунд университетидан (Швеция) Анн Л-Юиле айланди. Нобел қўмитаси ўз қарорини 3 октябр, сешанба куни эълон қилди.

Мукофот атомлар ва молекулалардаги электронларни ўрганиш учун берилди. 

Физика бўйича Нобел мукофоти 

Физика бўйича 2022 йилги Нобел мукофоти совриндорлари америкалик Жон Клаузер, француз Ален Аспект ва австриялик Антон Цайлингер эди. Улар квант технологиясининг янги даврига асос солган экспериментал воситаларни ишлаб чиққани учун ушбу мукофотга сазовор бўлган. «Квант ҳолатларини ва уларнинг барча хоссаларини манипуляция қилиш ва бошқариш қобилияти бизга кутилмаган потенциалга эга воситаларга кириш имконини беради», деб тушунтирган қўмита ўз қарорини. Қўмита ушбу тадқиқотнинг қўлланилишига мисол сифатида квант компьютерлари, квант тармоқлари ва квант шифрлаш билан хавфсиз алоқаларни келтирди. 

Физика бўйича 2021 йилги Нобел мукофоти немис олими Клаус Ҳасселманн, италиялик Жоржио Паризи ва асли келиб чиқиши япон бўлган америкалик Сюкуро Манабэга берилган. Ҳасселманн ва Манабэ «Ер иқлимини физик моделлаштириш, ўзгарувчанликни миқдорий таҳлил қилиш ва глобал исишни ишончли прогноз қилиш» учун мукофотланган. Паризи «атомлардан сайёраларгача бўлган миқёсдаги физик тизимларда тартибсизлик ва тебранишларнинг ўзаро таъсирини кашф этгани» учун мукофотга сазовор бўлган. 

Ҳаммаси бўлиб 1901 йилдан бери физика бўйича Нобел мукофоти 116 марта берилган бўлиб, уни 222 киши қўлга киритган. Мукофот миқдори 10 миллион швед кронасини ташкил этади. 

Мавзуга оид