Ўзбекистон | 12:50 / 03.10.2023
10013
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 32 млрд долларга баҳоланмоқда

ЎзЛиДеП пресc клубининг навбатдаги сессиясида яширин иқтисодиётни қисқартириш, расмий фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида ҳозирги кунда мамлакатда хуфиёна иқтисодиётнинг улуши 40 фоиз атрофида экани маълум қилинган эди.

ЎзЛиДеП пресc клубининг 28 сентябрдаги сессиясида яширин иқтисодиётни қисқартириш, расмий фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, ОАВ вакиллари, олимлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Элдор Ниёзов солиқ тизимида яширин иқтисодиётнинг улуши ҳақида гапираркан, кўрилаётган чораларга қарамай, қурилиш соҳасида яширин иқтисодиёт улуши юқорилигича қолаётганини таъкидлади.

“Қурилиш соҳасида жуда катта нарсани кўрмаяпмиз. 80-90 трлн сўм атрофида айланма кўрсатиляпти. Шунчаликка бордики, “Шаффоф қурилиш”ни жорий қилганимизга қарамай, яширилаётган миқдор катта. Бўлмаса шаффофлаштириб боряпмиз. Лекин шунинг ичида ҳам кўринмаган фактуралар, бажарилмаган ишлар, фактурани камайтириб кўрсатиш, қўлда киритиш ҳолатлари бор. Хуфиёна иқтисодиётнинг 6-7 фоизи қурилишда”, - деди у.

 

Солиқ органи вакилининг таъкидлашича, маркировка тизими жорий этилиши ва кўпгина товарларнинг қамраб олиниши натижасида маркировка тизими таҳлиллари бошланган.

Бунда яширин иқтисодиётнинг 6-7 фоиз улуши алкогол маҳсулотларига тўғри келади. Учта белгилаб олинган соҳа – қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва маркировкаланган товарлар ҳаракати йўналишида ишлаяпмиз”, - деди Элдор Ниёзов.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, яширин иқтисодиётнинг улуши 40 фоиз бўлиб, тахминан 32 млрд долларга баҳоланмоқда.

Бу қиймат асосан, кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг иккиламчи бозорида, улгуржи ва чакана савдо, хизмат кўрсатиш, тамаки маҳсулотлари контрабандаси, ноқонуний товарлар айланмаси, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар ҳисобига тўғри келмоқда.

Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Қосимовга кўра, божхона органларида яширин иқтисодиётнинг улуши юқори бўлган йўналишлар – тамаки ва алкогол маҳсулотлари, дори воситалари, электротехника товарлари заргарлик буюмлари, дори буюмлари ва фармацевтика маҳсулотларидир. Шунингдек, уяли алоқа воситалари ҳам юқори улушга эга.

Пресс клуб давомида хуфиёна иқтисодиёт мавжуд бўлган соҳалар таҳлил қилиниб, улар билан аниқ манзилли курашилиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбир давомида кўплаб муаммоли масалалар иштирокчилар томонидан муҳокама қилиниб, хуфиёна иқтисодиётнинг ЯИМга нисбатан улушини кескин қисқартириш, бу борада муросасизлик билан чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид