Ўзбекистон | 08:27 / 05.10.2023
2851
2 дақиқада ўқилади

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш институти ташкил этилди 

Транспорт соҳаси кадрлари Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолият тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилди.

Институт Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзининг темирйўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темирйўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази негизида таълим муассасаси шаклида Транспорт вазирлиги ҳузурида ташкил этилди.

Эндиликда:

транспорт соҳаси кадрлари Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади;

электромобилларни бошқарувчи ҳайдовчиларнинг малака ошириш ўқув курслари дастурлари бўйича мустақил тайёргарлик кўрган ва имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахсларга таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат берилади;

давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан якуний имтиҳонлар Транспорт вазирлиги томонидан яратилган махсус электрон платформада топширилади.
 
Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Унинг асосий вазифалари қуйидагилар:

кадрларни, шу жумладан, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

транспорт соҳасида инновацион, фундаментал ва амалий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ҳамда натижаларини амалиётга жорий этиш;

транспорт соҳасида ўқув-услубий методик мажмуалар ишлаб чиқилишини ва жорий этилишини ташкил этиш;

мутахассислар учун узлуксиз ва касбий ривожлантириш тизимини ташкил қилиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона электрон платформани яратиш ва жорий этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид