Жаҳон | 15:53 / 08.10.2023
22043
16 дақиқада ўқилади

«Ўртоқ ҳайдовчи, ҳужжатларингизни тақдим этинг» — Ҳайдовчилик гувоҳномаси тарихи

Бугун инсонлар ўз ҳаётини автомобилсиз тасаввур қила олмайди. Узоқни яқин қилувчи бу транспорт воситасини бошқариш учун дунёнинг барча давлатларида махсус рухсатнома талаб этилади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси деб аталувчи бундай рухсатномалар қачондан берила бошлаган, ушбу материалда унинг тарихига назар ташлаймиз.

Сўнгги пайтларда ҳар йили жаҳон бозорида 60 миллиондан ошиқ янги машина сотилмоқда. Жумладан, 2020 йилда 77,7 миллион, 2021 йилда эса 80,2 миллион, 2022 йилда 66,2 миллион дона машина сотилган.

Бугун дунё бўйлаб 1 миллиард 200 миллиондан ошиқ енгил машина борлиги айтилади. Агар бунга бошқа турдаги машиналар ҳам қўшилса рақам янада ортади.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, демак Ер юзида қарийб 1,5 миллиард одамда ҳайдовчилик гувоҳномаси бор. Қўйида ҳайдовчилик гувоҳномаси тарихига назар ташлаймиз.

Карл Бенцга берилган илк рухсатнома

1888 йилда Германиянинг Баден герцоглигидаги шаҳарда Карла Бенц томонидан ясалган Benz Patent-Motorwagen пайдо бўлади. Ғилдираклари велосипеддан олинган бу уч оёқлик транспорт воситасига ички ёнув двигатели ўрнатилган эди.

Карл Бенц ва унинг биринчи автомобили
Фото: alamy.com

Ушбу транспорт воситаси дунёдаги биринчи автомобил ҳисобланади ва у кейинчалик автомобилсозлик соҳасида амалга оширилган инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлган.

Карла Бенц ясаган транспорт воситасида ҳали двигателдан чиқаётган кучли овозни пасайтирувчи ускуна (глушител) ўрнатилмаган, шу сабабли у ҳаракатланганда жуда кучли шовқин ва аччиқ тутун чиқарарди.

Кўп ўтмай шаҳар аҳолиси Benz Patent-Motorwagen’нинг овозидан ва тутунидан безор бўлади ва унга эътироз билдира бошлайди. Шундан сўнг Баден герцоглиги маъмурияти Карл Бенцга умумий фойдаланувдаги йўлларда эркин ҳаракатланиш учун рухсатнома ёзиб беради.

Ана шу қоғоз дунёдаги транспорт воситасида ҳаракатланиш учун берилган илк рухсатнома сифатида қайд этилган.

Карл Бенц ўзи яратган яна бир машина билан
Фото: morgenweb.de

Дунёдаги илк ҳайдовчилик гувоҳномаси

1893 йилда Париж шаҳрида полициячи автомобиллардан бирини тўхтатади. Шунда ҳайдовчида на автомобил ҳақида, на ўзи ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги маълум бўлади.

Шундан сўнг Луи Лепин исм-шарифли полициячи ҳайдовчига гувоҳнома ёзиб беради. Гувоҳномада «Механик двигателли транспорт воситасини бошқариш қобилияти тўғрисидаги маълумотнома» деб ёзилган эди.

Ана шу гувоҳнома тарихда берилган илк ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳисобланади. Кейинчалик бундай гувоҳномалар бошқа ҳайдовчиларга ҳам берила бошланган.

Ўша пайтларда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлардан ўтиш талаби бўлмаган. Ким мурожаат қилиб келса, унга берилаверган.

Кейинчалик, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун мажбурий имтиҳон топшириш жорий қилинган. Бу жараён турли давлатларда турли йилларда йўлга қўйилган.

1910 йилда Германияда берилган илк ҳайдовчилик гувоҳномаси

Оддий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун мажбурий имтиҳон топшириш тизими 1899 йилда Чикаго шаҳрида жорий қилинган.

Британияда эса ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлганларни мажбурий имтиҳондан ўтказиш ишлари 1934 йилдан бошланган.

Россияда биринчи ҳайдовчилик гувоҳномаси 1900 йилда Санкт-Петербург шаҳрида берилган. Ўша йили шаҳар маъмурияти бошлиғи (Градоначалник деб аталган) томонидан «Автомобилда йўловчиларни ташиш тартиби тўғрисида» қарор қабул қилинади. Сўнг шу қарорга асосланиб автомобил эгаларига ҳайдовчилик гувоҳномаси берила бошланади.

Женева конвенцияси       

1949 йил 19 сентябр куни Швейцариянинг Женева шаҳрида автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш бўйича халқаро конвенция қабул қилинади. Конвенция бандларида автомобилларга тақиладиган рақамлар, ҳайдовчилик гувоҳномасининг тоифалари ва техник паспортлар бўйича янги нормалар қабул қилинади.

Бу нормалар «Автомобиллар ҳаракати бўйича Женева конвенцияси» деб аталади ва ўша пайтда уни 19 та давлат имзолайди.

Кейинчалик дунёнинг қарийб барча мамлакатлари шу конвенцияга қўшилади ва давлат рақамлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда техпаспортларни конвенция нормаларига мувофиқ тарзда бера бошлашади.

Женева конвенциясида кўрсатилган ҳайдовчилик гувоҳномалари тоифалари

Женева конвенциясига кўра ҳайдовчилик гувоҳномасидаги тоифалар қўйидагича белгиланганди:

·       A тоифа – мотоцикллар, уч оёқли автомобиллар, имконияти чекланганлар учун ишлаб чиқарилган бошқа транспорт воситалари учун;

·       B тоифа – 3,5 минг тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрни билан бирга саккиз ўриндиқли автомобиллар учун;

·       C тоифа – Вазни 3,5 минг тоннадан ошадиган юк машиналари учун;

·       D тоифа - Ҳайдовчи ўрнидан ташқари саккизтадан ошиқ ўриндиққа эга бўлган автомобиллар (автобуслар) учун;

·       E тоифа – B, C ёки D тоифали автомобилларга тиркама улаб бошқариш учун.

Ўзбекистонда Женева Конвенцияси 1995 йил 17 январдан кучга кирган.

Вена конвенцияси

1960 йилларда дунё бўйлаб енгил ва юк машиналар, автобуслар билан бошқа кўплаб транспорт воситалари пайдо бўлади. Шунингдек, енгил ва юк машиналари тиркамалар тақа бошлашади.

Шу сабабли Женева конвенциясига қўшимча равишда янги конвенцияга эҳтиёж туғилади.

1968 йилда Австрия пойтахти Венада йўл ҳаракати бўйича янги конвенция қабул қилинади. Бу конвенция «Йўл ҳаракати бўйича Вена конвенцияси» деб аталади.

Унга кўра, энг аввал ҳайдовчилик гувоҳномаси тоифаларга бўлиб чиқилади. Бунда, сиғими 50 см кубгача бўлган мототранспорт воситаларидан бошлаб, сиғими 750 см куб бўлган йирик юк машиналари ва автобусларгача алоҳида тоифалар жорий этиш кўзда тутилганди.

Вена конвенциясида кўрсатилган ҳайдовчилик гувоҳномалари тоифалари

Жумладан:

·       A тоифа – Сиғими 50 см кубгача бўлган мототранспортлар;

·       A1 тоифа – Сиғими 125 см кубгача бўлган мототранспортлар;

·       B тоифа – Максимал оғирлиги 3,5 тоннагача бўлган автомобиллар;

·       BE тоифа – 750 кггача юк кўтара оладиган тиркама таққан автомобиллар;

·       C1 тоифа – 3,5 тоннадан 7,5 тоннагача бўлган юк автомобиллар;

·       C1E тоифа – 3.5 тоннадан 7.5 тоннагача юк кўтарадиган ва тиркама тақадиган автомобиллар;

·       C тоифа – Икки ўқли юк автомобиллари;

·       CE тоифа – Тиркама тақиб ҳаракатланадиган икки ўқли юк автомобиллари;

·       D1 тоифа – Микроавтобуслар;

·       D1E тоифа – Тиркама тақадиган микроавтобуслар;

·       D тоифа – Автобуслар;

·       DE – Тиркама тақадиган автобуслар.

Вена конвенциясига мувофиқ ҳайдовчилик гувоҳномасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

·       Ҳайдовчининг фамилияси;

·       Ҳайдовчининг исми;

·       Ҳайдовчининг туғилган йили ва жойи;

·       Ҳайдовчининг фотосурати;

·       Ҳайдовчининг имзоси;

·       Ҳайдовчининг яшаш жойи;

·       Гувоҳнома берилган вақт;

·       Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугайдиган сана;

·       Гувоҳномани берган ташкилотнинг номи ва муҳри;

·       Идентификация рақами;

·       Гувоҳнома рақами;

·       Гувоҳноманинг қайси тоифага мансублиги;

·       Тоифалар ўзгарган вақти;

·       Ҳайдовчининг яшаш жойи ўзгаргани ҳақида маълумот

Маълумотларнинг ярми ҳайдовчининг сурати билан бирга ҳайдовчилик гувоҳномасининг олд, қолгани орқа томонига ёзилган бўлиши керак.

Қозоғистонда Вена конвенциясига мувофиқ берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси

Европанинг ягона ҳайдовчилик гувоҳномаси

2013 йил 19 январ куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар кўҳна қитъа ҳудудида одамлар фойдаланиб келаётган 100 дан ошиқ турли ҳайдовчилик гувоҳномаларини тартибга олиш учун ягона ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳақидаги Директивани қабул қилади.

Мазкур Директивага асосан Европа иттифоқи давлатлари учун Вена конвенциясида қабул қилинган номаларга мос тушадиган янги гувоҳнома ва давлат рақами қабул қилинади.

Гувоҳнома ягона нусхада бўлиб, ундаги маълумотлар ҳар бир давлатнинг расмий тилида ёзилади. Фақат гувоҳноманинг ўнг томон тепа қисмида Европа Иттифоқи байроғи ва унинг ўртасида гувоҳнома берилган давлат номининг халқаро қисқартмаси ёзилган бўлади.

Европа Иттифоқида бериладиган ҳайдовчилик гувоҳномаси. Бу Чехияга тегишли.

Европа Иттифоқи давлатларида автомобил рақамлари қарийб бир хил. Рақамнинг чап томонида Европа иттифоқи байроғи туширилган. Унинг ўртасида ёки остида рақам берилган давлат номининг халқаро қабул қилинган қисқартмаси ёзилади. Қолган рақам ва ҳарфлар кетма-кетлиги турлича бўлади.

Бугун Европа Иттифоқи мамлакатлари учун жорий қилинган ҳайдовчилик гувоҳномасидан иттифоққа аъзо бўлган 28 та давлат, иттифоққа аъзо бўлмаган уч давлат (Исландия, Лихтенштейн ва Норвегия) фойдаланмоқда.

Шунингдек, Европа Иттифоқида қабул қилинган давлат рақамидан эса кўҳна қитъада жойлашган қарийб барча давлатлар фойдаланмоқда. Улар орасида Европа иттифоқига аъзо бўлмаган Украина, Грузия ва Туркиягача бор.

Туркияда бериладиган авторақам. Туркия ЕвроИттифоққа аъзо бўлмагани учун фақат кўк байроқ кўрсатилган.
Гуржистонда берилаётган авторақамлар. Гуржилар ҳам авторақамнинг чап томонига Евроиттифоқ байроғи рангини туширишган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиблари ва жазолар

Бугун дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳон орқали, ундан ўтганларга берилади. Бироқ ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва имтиҳондан ўтказиш турли давлатларда турлича.

Қайсидир давлатларда талаблар енгилроқ, бошқаларида эса оғирроқ. Масалан, Европа иттифоқида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш осонмас.

АҚШда эса унча қийин эмас. Айрим штатларида оддий ҳайдовчилик гувоҳномасини (бу гувоҳнома билан такси, автобус, юк машиналарини бошқариб бўлмайди) олиш учун махсус мактабда ўқиш керак деган шарт йўқ.

Фақат бор-йўғи 5 соат ўргатувчи шахс ҳамроҳлигида машина бошқарилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун номзодлар имтиҳондан ўтиши ва ўргатувчининг ижобий хулосаси бўлса етарли бўлади.

Ўзбекистонда эса аксинча, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун албатта махсус мактабда ўқиган бўлиши керак. Мустақил тайёрланиб имтиҳон топширишнинг ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олишнинг мутлақо иложи йўқ.

Лекин, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш жараёни коррупциялашган. Ҳатто машина бошқаришни билмайдиган одам ҳам салмоқли пул эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши мумкин.

Ҳар йили Ўзбекистонда пул эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган кўплаб шахслар ушланади.
Фото Бош прокуратура департаменти

Орқаворотдан суриштирганимизда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида оддий ҳайдовчилик гувоҳномасини унинг тоифасига қараб 250-600 долларга олса бўлади.

Қоидабузарликлар учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш тартиби дунёнинг қарийб барча давлатларида бор. Уларнинг аксариятида қоидабузарликлар учун баллар берилади ва шунга қараб рейтинг шакллантирилади.

Қайсидир ҳайдовчининг баллари белгиланган баллардан ошса, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси маълум муддатга олиб қўйилади.

Жуда кўп давлатларда самарали ишлаётган бундай тизим Ўзбекистонда жорий этилмаган. Маъмурий кодексда бир нечта ҳолларда қоидабузарликлар учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш тартиби бор холос. Қолган ҳолатларнинг барчасида қоидабузар ҳайдовчилар жарима билан қутулиб кетишади.

2022 йил 29 ноябр куни ИИВ ЖХД ЙҲХББ 2022 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда ҳам жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида иш бошлаши ҳақида хабар берганди.

Шундан сўнг орадан қарийб бир йил ўтяпти, бироқ жарима балларини ҳисоблаш тизимининг тест режими натижалари нима бўлди, тизим қачон жорий этилади номаълумлигича қолмоқда.

ИИВ ЙҲХББ томонидан 2022 йил 1 декабрдан бошлаб жарима балларини ҳисоблаш тизими тест режимида иш бошлаши ҳақида хабар берганди. Бироқ бу иш ҳанузгача бошланмади.

Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси

Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси инглиз тилида International Driving Permit, (IDP) деб аталади.

Бугунги кунда, Вена конвенциясига мувофиқ тайёрланган исталган ҳайдовчилик гувоҳномаси халқаро тилларга таржима қилинган илова билан халқаро гувоҳнома ҳисобига ўтади.

Бироқ айрим давлатларда гарчи Вена конвенциясига мувофиқ тайёрланган гувоҳнома халқаро тилга таржима қилинган илова билан бўлса ҳам бошқа мамлакатларда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ўтмайди.

Бундай ҳолатда бошқа давлатдан кирган ҳайдовчилар алоҳида имтиҳон топширишлари ва унинг натижасига қараб автомобил ёки бошқа транспорт воситаларини бошқариш учун рухсатнома олишлари керак.

Айрим мамлакатлар эса бундай ҳолатларда хориждан кирган ҳайдовчиларни имтиҳондан ўтказиб, уларга алоҳида рухсатнома эмас ўз ҳайдовчилик гувоҳномасини беради.

Бугун дунёнинг жуда кўп давлатларда халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини берадиган марказлар бор. Уларни олиш учун ариза, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, 35х45 ўлчамдаги фотосурат керак бўлади.

Россияда берилаётган халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси

Kun.uz мазкур масала юзасидан ЙҲХББ ходимларидан изоҳ олди. Унга кўра, Ўзбекистонда амалда бўлган ҳайдовчилик гувоҳномалари Вена конвенцияси талабларига мос келади.

Шу сабабли улар халқаро тилга таржима қилдирилган ва нотариус тасдиқлаган иловаси билан халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига ўтади.

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномалари

Ўзбекистонга илк машина Чор Россияси даврида келган ва катта эҳтимол билан илк ҳайдовчилик гувоҳномалари ХХ асрнинг бошларида берилган.

Кейинчалик Ўзбекистон иттифоқдош республикага айлантирилгандан сўнг бу ерда СССРда жорий қилинган ҳайдовчилик гувоҳномалари берилган.

Совет даврида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси

Мустақилликдан сўнг Ўзбекистон миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини жорий қилди. 2000-йилларнинг иккинчи ярмида миллий гувоҳнома янги кўринишда жорий қилинди.

2017 йилга келиб Ўзбекистонда яна янги кўринишдаги миллий гувоҳномалар жорий қилинди. Ҳозир аксарият ҳайдовчилар ана шу гувоҳномалардан фойдаланишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид