Иқтисодиёт | 17:55 / 09.10.2023
21881
4 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти Клаудия Голдинга берилди

Америкалик иқтисодчи Клаудия Голдин аёлларнинг меҳнат бозоридаги ролини ўрганишга оид тадқиқотлари учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилди.

Фото: Getty Images

Аёлларнинг меҳнат бозоридаги ўрнини ўрганган Ҳарвард университети иқтисодчиси Клаудия Голдин 2023 йилги иқтисод бўйича Нобел мукофотини қўлга киритди.

“Иқтисодиёт фанлари бўйича бу йилги ғолиб Клаудия Голдин асрлар давомида аёлларнинг даромадлари ва меҳнат бозоридаги иштироки ҳақида биринчи бўлиб тўлиқ маълумотни тақдим этди. Унинг тадқиқотлари меҳнат бозоридаги гендер фарқларининг асосий омилларини очиб берди.

Аёллар жаҳон меҳнат бозорида жуда кам улушга эга ва эркаклардан кўра камроқ даромад кўради. Иқтисодчи архивларни ўрганиб чиқиб, АҚШ мисолида 200 йиллик маълумотларни тўплади, бу унга вақт ўтиши билан даромадлар ва бандлик даражасидаги гендер фарқлари қандай ва нима учун ўзгарганини кўрсатишга имкон берди”, дейилади Швеция Фанлар академияси хабарида.

Голдин сўнгги икки аср давомидаги статистик маълумотларни ўрганиб чиқди ва нима учун аёллар эркакларникига қараганда камроқ маош олиши ва меҳнат бозорида камроқ иштирок этишини аниқлади. Унинг тадқиқотлари ижтимоий ва тиббий тараққиёт аёллар ҳуқуқлари изчил яхшиланишини кафолатламаслигини исботлади.

“Аёлларнинг меҳнат бозоридаги ролини тушуниш жамият учун муҳим аҳамиятга эга. Клаудия Голдиннинг инновацион тадқиқотлари туфайли асосий омиллар ва келажакда қандай тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлдик”, дейди Иқтисодиёт бўйича мукофот қўмитаси раиси Якоб Свенссон.

Маълумот учун, 77 ёшли Голдин иқтисодиёт йўналишида Нобел мукофотига сазовор бўлган учинчи аёл тадқиқотчи ҳисобланади.

Сўнгги йиллардаги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти ғолиблари

Бир неча йилдан бери иқтисодиёт йўналишидаги Нобел мукофоти америкалик тадқиқотчиларга насиб этмоқда.

  • 2018 йилда Уилям Нордхаус ва Пол Ромер инновациялар, иқлим ва иқтисодиёт соҳаларидаги тадқиқотлари учун;
  • 2019 йилда Абхижит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремер глобал қашшоқликка қарши курашдаги экспериментал ёндашувлари учун;
  • 2020 йилда Пол Милгром ва Роберт Уилсон кимошди савдоси назариясини такомиллаштиргани ва янги аукцион шаклларини ихтиро қилгани учун;
  • 2021 йилда Девид Кард, Жошуа Энгрист ва Гвидо Имбенс оддий кундалик ҳаётдаги “табиий тажрибалар”нинг жамият фаровонлигига таъсирини ўрганишдаги инновацион тадқиқотлари учун;
  • 2022 йилда Бен Бернанке, Дуглас Даймонд ва Филип Дибвиг молиявий инқирозларга қарши курашиш, иқтисоддаги банклар ўрнини янада аниқроқ тушунишга ёрдам берган тадқиқотлари учун иқтисодиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган. Уларнинг ҳаммаси Америка фуқаролигига эга.

Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти Алфред Нобелнинг васиятномасида кўрсатилмаган ягона мукофотдир. Расмий равишда, бу Алфред Нобел хотирасига бағишланган Швеция Давлат банкининг иқтисодиёт соҳасидаги мукофоти деб номланади. 1968 йилда Швеция марказий банки ўзининг 300 йиллик юбилейи шарафига Нобел жамғармасига иқтисодиёт соҳасида ҳам мукофот таъсис этиш учун маблағ ажратади. Ушбу йўналишдаги мукофот ғолиби Швеция Фанлар Академияси томонидан танланади ва бошқа илмий фанлар бўйича ишларни мукофотлаш билан бир хил қоидаларда амалга оширилади. Ҳозирги пайтда Нобел мукофоти 6 та йўналиш: тиббиёт, физика, кимё, адабиёт, тинчлик ва иқтисодиёт йўналишларида тақдим қилинмоқда.

Мавзуга оид